Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 01:10

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

06:47 25.8.2022

Британия Украинага 63,5 миллион долларлик дронларни беради

Украина Мустақиллик куни муносабати билан 24 августда Киевга борган Британия Бош вазири Борис Жонсон украин армиясига яна 63,5 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида баёнот берди.

Мазкур ёрдам 2000 та замонавий кичик дронлар ва танкка қарши снарядлардан иборат бўлади. Бундан ташқари Украинага шаҳар ва қишлоқ шароитида разведка ўтказиш имкониятига эга бўлган 850 та Black Hornet нанодронлари ҳам берилади.

Британия Бош вазири маъмуриятининг билдиришича, бу дронларнинг катталиги мобил телефонига тенг бўлиб, уларни бошқаришни 20 дақиқа ичида ўрганиш мумкин.

Шунингдек, Украинага миналарга қарши қайиқлар ҳам тақдим этилади. Қайиқлар воситасида денгизнинг соҳилбўйи ҳудудларини миналардан тозалаш мумкин.

Британия Украинага Россия бостириб кирган биринчи кунларданоқ кўмак кўрсатишни бошлаган. Олти ой ичида Лондон Киевга 2 миллиард 700 минг долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.

06:19 25.8.2022

Россия темир йўлни бомбардимон қилгани оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлди

Украина президенти Владимир Зеленский видеоалоқа орқали БМТнинг Хавфсизлик кенгашида 24 август куни қилган чиқиши пайтида Россия Днепропетровск вилоятида темир йўлни бомбардимон қилгани оқибатида 15 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

“Мен ҳозиргина Россия Днепропетровск вилоятидаги Чаплино станциясида турган вагонларга ракета отгани тўғрисида маълумот олдим. Ҳозир йўловчи ташувчи тўртта вагон ёнмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, камида 15 киши ҳалок бўлди, 50 киши яраланди. Қутқарувчилар ишламоқда. Афсуски, ҳалок бўлганлар сони кўпайиши эҳтимол”,- деди Зеленский.

Кейинроқ ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 22 кишига етгани расман хабар қилинди.

“Оперативний Днепр” телеграм каналида станцияга қилинган ҳужумга оид фотосуратлар эълон қилинди.

Уруш шароитида Озодлик мазкур ҳужум тафсилотларини тезкор тарзда мустақил манбалардан тасдиқлаш имкониятига эга эмас.

Россия армияси 8 апрель куни ҳам Донбасснинг Краматорск шаҳри вокзалига ракета отган эди. Ўшанда камида 57 киши ҳалок бўлган. Россия Краматорск вокзалига ракета отганини рад этиб келади ва Украинани айблайди. Киев эса ҳужум учун Москва масъул эканини таъкидлаб келади.

20:13 24.8.2022

ISW: Путин Шойгуга ўз ишончини йўқотган

Вашингтондаги урушни ўрганиш институти (ISW) Украинадаги қуролли можаронинг кунлик таҳлилини эълон қилди.

Хабарда айтилишича, Россия ушбу ҳудуддаги кескинликни камайтириш учун “ЛНР”га Миллий гвардиянинг қўшимча бўлинмаларини юборишга мажбур бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, Россиянинг Украинадаги ҳарбий қўмондонлиги мудофаа вазири Сергей Шойгуга эмас, бевосита Россия президенти Владимир Путинга бўйсунади. Шойгу Украинага кенг кўламли босқиннинг дастлабки босқичидан сўнг Путиннинг ишончини йўқотди, Шойгу тезда ғалаба қозониш ҳақидаги ваъдаларига қарамай муваффақиятсизликка учради.

Россия қўшинлари Бахмутнинг шимоли-шарқида ва жанубида, Донецкнинг шимоли-ғарбий чеккасида ва Донецкнинг жануби-ғарбий қисмида чекланган қуруқлик ҳужумларини амалга оширди. Улар Николаев шаҳрининг шарқида ва Херсон вилоятининг шимоли-ғарбий қисмида чекланган муваффақиятларга эришдилар.

Украина кучлари Херсон вилоятидаги Россия ҳарбий обектлари ва қуруқлик линияларига зарба беришда давом этди.

Кремл украиналик болаларни Россияга олиб келиб, рус оилаларини уларни асраб олишга мажбур қилмоқда. Краснодар ўлкаси ҳукумати 1000 дан ортиқ болани Мариуполдан Тюмен, Иркутск, Кемерово ва Олтой ўлкасига кўчириб ўтказгани ва у ерда рус оилалари томонидан асраб олинган дастур ҳақида маълумот эълон қилди.

20:04 24.8.2022

Шойгу Тошкентда нутқ сўзлади

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина мустақиллик кунини нишонлаётган 24 август куни Тошкентга келди. Тошкентда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг кенгаши мажлисида қатнашган Шойгу ШҲТнинг жанговар салоҳиятини оширишга чақирди.

Шойгунинг иддаосича Россия Украинада тинч аҳоли орасида талафотларни камайтириш мақсадида ҳужум суръатини атайин пасайтирган, АҚШнинг мақсади эса Москвани стратегик жиҳатдан ҳолдан тойдиришдир.

- АҚШ ва жамоавий Ғарб мустақил давлатларга жаҳон ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун мисли кўрилмаган босим ўтказаётган бир пайтда жиддий янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Бунинг учун қўпол шантаж, таҳдидлар, рангли инқилоблар ва тўнтаришлардан фойдаланилмоқда, қўпол дезинформация тарқатилмоқда, деди Сергей Шойгу.

Россия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Москва афғонистондаги вазият манзарасида ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини кучайтиради.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти мудофаа вазирлари кенгашига мезбонлик қилаётган ўзбекистон томони Шойгунинг баёнотига ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Расмий Тошкент Украинадаги уруш юзасидан бетараф мавқени эгаллаганини айтиб келади, аммо Украина ва Американинг Тошкентдаги дипломатлари Ўзбекистон расмийларининг баёнотлари унчалик ҳам нейтрал эмаслиги, Тошкент Украинадан масофалангани ҳолда, Россияга яқинроқ мавқеъни эгаллаётганини айтганлар.

Украина мустақиллиги кунида президент Байден Украинага яна 3 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам ажратилиши ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳарбий ёрдам дронлар, қурол яроқ ва энг замонавий жиҳозларни сотиб олишга сарфланади. Бугунга қадар АҚШ ёрдами 10 млрд 600 млн доллардан ошди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG