Россия билан ҳамкорлик қилган маъмур портлатиб кетилди
Запорожье вилоятининг Россия назоратидаги Михайловка қўрғони муваққат маъмурияти раҳбари Иван Сушко суиқасд натижасида ўлдирилди. Бу ҳақда босиб олинган Запорожье вилоятининг Россия тайинлаган маъмурияти вакили Владимир Рогов маълум қилди.
Айтилишича, портлатиш қурилмаси мулозимнинг автомобили тагига ўрнатилган. Сушко олган жароҳатидан касалхонада вафот этган. Рогов суиқасдда Украина томонини айблади.
Сушко апрель ойида Михайловкага раҳбар этиб тайинланган эди. У илгари Украина Қуролли кучлари десант-штурм қўшинларида хизмат қилган.
Сўнгги ойларда Украинанинг Россия ишғол қилган ҳудудларида Москва тайинлаган мулозимларга нисбатан бир неча суиқасд амалга оширилди.
Донецкда савдо маркази ёнмоқда
Донецкда Галактика савдо марказида ёнғин содир бўлди. “ДНР” томонидан босиб олинган Донецк мери деб аталувчи Алексей Кулемзин ўзининг телеграмдаги каналида бунга Украина Қуролли кучларининг ўққа тутилиши сабаб бўлганини ёзди.
“Жабрланганлар ва етказилган зарар миқдори ҳақида маълумотлар аниқланмоқда”, — деди у.
Навалнийнинг 8 сафдошига жиноят иши очилди
“Популярная политика” дастурининг Алексей Навальний сафдошларидан бўлмиш саккиз бошловчиси Россия армияси ҳақида “фейклар” тарқатиш ва терроризмни оқлашга доир жиноят ишларига тортилди. Бу ҳақда мухолифатчилар ташкил қилган “Сирена” нашри хабар қилмоқда.
Хусусан, Иван Жданов, Кира Ярмиш, Мария Певчих, Анна Бирюкова, Руслан Шаведдинов, Леонид Волков, Дмитрий Низовцев ҳамда Любовь Соболь устидан жиноят ишлари очилгани маълум қилинди.
“Энди бизни 10 йилгача муддатга қамашлари мумкин. Биз Кремль инкор этаётган ҳақиқатларни айтганимизни аниқ биламан. Ва ўзимиздан фахрланаман – бу хизматларимиз эътирофидир”, деб ёзди Кира Ярмиш телеграм-каналида.
Путин танқидчиси Ройзман ҳибсга олинди
Россиянинг Екатеринбург шаҳри собиқ мэри, мухолифатчи Евгений Ройзман 24 август куни эрталаб Россия армиясини обрўсизлантиришга доир жиноят иши бўйича ҳибсга олинди. Сиёсатчи мазкур модда бўйича уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
“Ройзман фонди” ТАСС агентлигига офисда тинтув ўтказилаётганини билдирган. Бундан ташқари, Екатеринбургда мухолифатчига тегишли “Невьянская икона” музейи ҳам тинтилмоқда. Дастлаб тинтув унинг квартирасида ўтказилиб, Ройзманнинг телефони ва хорижга чиқиш паспорти олиб қўйилган.
Ройзман Москвага этап қилиниши мумкинлиги айтилмоқда.
Сиёсатчи Россия раҳбариятини, жумладан Украинага қарши босқинчилик урушини бошлагани учун ҳам кескин танқид қилиб келади.
Ройзман Россияда машҳур ҳудудий сиёсатчи, Давлат думаси собиқ депутати, бир миллиондан зиёд аҳолига эга Екатеринбург шаҳрининг собиқ мэридир. У Россия Ёзувчилар иттифоқи аъзоси ва Бадиий академия фахрий аъзоси саналади. Россия судлари Украинадаги уруш ҳақида Россия расмий манбаларига асосланмаган хабарлар тарқатиш жумладан, тинч аҳоли ўлими ва россиялик ҳарбийларнинг эҳтимолий ҳарбий жиноятларига доир маълумотлар тарқатишни “Россия армиясини обрўсизлантириш” деб баҳолайди.
Ройзман ҳимоясига Россияда пикетлар бошланди.
Форум