Россия яна янги омборларни йўқ қилганини даъво қилмоқда
Россия Украинанинг Одесса вилоятидаги ўқ-дорилар омборини йўқ қилганини, Украина эса Россиянинг Донецкда бир неча йўналишдаги ҳужумларини қайтарганини даъво қилмоқда.
Жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковнинг маълум қилишича, рус ҳарбийлари Одесса вилоятининг Майорское қишлоғи яқинида Калибр ва ҲИМАРС ракета тизимлари ҳамда Ғарбда ишлаб чиқарилган зенит тизимлари учун ракета ва ўқ-дорилар омборини йўқ қилган.
Шунингдек, Россия ҳарбий-ҳаво кучлари Запорожье вилоятида Украинанинг 102-ҳудудий мудофаа бригадасининг ёнилғи омборини ва Херсон вилоятидаги жанговар позицияларда Американинг иккита М777 гаубицасини йўқ қилди, деб маълум қилди Конашенков.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби эса якшанба куни украин армияси Россиянинг Славянск, Бахмут, Авдеевка ва Донецк вилоятининг бошқа ҳудудларидаги ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.
Ҳозирда рус қўшинлари Украина жанубида Николаев ва Херсон йўналишида тўпланмоқда.
Украина ҳарбий-денгиз кучларининг маълум қилишича, Россия армияси Қора денгиздаги ҳарбий мавжудлигини кучайтирмоқда.
Ҳозирда Қора денгизда 36 калибрли қанотли ракеталар билан қуролланган бешта рус ҳарбий кемаси жанговар навбатчилик қилмоқда.
Уруш шароитида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз.
Европада табиий газнинг фючерс нархлари кескин кўтарилди
Жума куни “Газпром” “Шимолий оқим-1” қувури орқали Европага газ етказиб бериш қувурда таъмирлаш ишлари бажарилиши муносабати билан уч кунга тўхтатиб турилиши ҳақида эълон қилганидан сўнг Европада табиий газнинг фючерс нархлари кескин кўтарилди. Жума куни табиий газ фючерс нархи март ойидан бери илк дафъа бир кубометр учун 2700 АҚШ долларидан ошди, савдолар якунида сентябрда етказиб бериш шарти билан 2670 АҚШ долларлик нарх қайд этилди.
Июнь ойи ўрталарида “Газпром” Россияга қарши санкциялар туфайли Siemens ширкати газ-турбина двигателларини ўз вақтида капитал таъмирлаб бера олмаганини баҳона қилиб асосий газ қувури орқали газ етказиб беришнинг суткалик миқдорини камайтирган эди. 27 июлда эса “Газпром” Европага газ юбориш кунлик миқдорини янада қисқартириб, 33 миллион кубометрга туширдики, бу газ қувури максимал ўтказиш қувватининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади.
2011 йилда қуриб битказилган “Шимолий оқим-1” газ қувури Россия шимоли-ғарбидаги Виборг шаҳрини Болтиқ денгизи туби орқали Германия билан боғлайди. Унга қўшимча равишда 2021 йилда қуриб битказилган “Шимолий оқим-2” газ қувурини сертификатлаш ишлари февраль ойида Россия Украинада уруш бошлаганидан сўнг тўхтатилган эди.
АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами 10 млрд доллардан ошди
АҚШнинг 775 миллион долларли янги ёрдам пакети асосан қурол аслаҳадан иборат экани маълум бўлди.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакетида:
ҲАЙМАРС учун қўшимча ўқ-дорилар,
16та 105 мм гаубица ва улар учун 36 мингта ўқ,
15 та Scan Eagle дронлари,
1000та “Javelin” ракета комлекслари ва бошқалар борлигини билдирди.
Шу ёрдамни ҳисобга олганда биргина АҚШнинг ўзи Украина ҳимоясига 10,6 млрд доллар миқдорида ёрдам жўнатди.
Рус элчиси гапларидан тонди
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили баёнотини қоралаб, дипломатик ҳамжамиятни уни бойкот қилишга чақирди.
Олег Николенко, Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби бундай муносабат билдирди:
"Россия элчиси Михаил Улянов Украина халқини йўқ қилишга чақирмоқда. Бу геноцид тилига чидаб бўлмайди. Биз Венадаги бутун дипломатик ҳамжамиятни Уляновни бойкот қилишга ва унинг мезбон давлатини Австрияда персона нон грата деб эълон қилишга чақирамиз"
Кеча кечқурун Улянов твиттерида: “Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ!”, деб ёзганди. У шу тариқа Владимир Зеленскийнинг АҚШга Украинага яна 775 миллион доллар ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирган твитини изоҳлади.
Кейинчалик, унинг сўзлари танқид қилина бошлаганидан сўнг, Улянов ўз баёноти гўё бузиб кўрсатилганини ва аслида у "қўшма Штатларни қурол-яроғ билан таъминлаганини ва кечагина у ҳар қандай тинчлик музокараларини рад этишини айтган Украина президентини назарда тутганини" ёзди. "Ҳақиқатан ҳам, улар томонидан Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ. Мен шуни айтдим", деб ёзган Улянов твиттерда.
Форум