Москва вилоятида Кремл идеологининг қизи портлаб кетди
Кеча эса Москва вилоятида ўнг қанот радикал файласуф ва “рус дунёси” мафкураси яратувчиларидан бири Александр Дугиннинг қизи машинасида портлаб кетди.
Александр Дугин "рус дунёси" мафкурачиларидан бири бўлиб, у Россия қўшинларининг Украинага кириши ва унинг деярли барча ҳудудини босиб олиш ва украинларни халқ сифатида йўқ қилиш тарафдори эди.
Дугин ғоялари Кремлнинг Украина масаласидаги сиёсатига таъсир қилади, деб ишонилади.
Россия томонидан тайинланган ҳокимият вакиллари хатар остида
Россия босиб олинган ҳудудларда оккупация ҳукуматига тайинланган амалдорларга суиқасдлар давом этмоқда. Мариуполнинг коллаборационист мэри Константин Ивашченкога 20 август куни ҳужум қилинди.
РТ аноним манбага таяниб, Ивашченко ташриф буюрмоқчи бўлган шаҳар ҳайвонот боғига кираверишда “қўлбола бомба” портлатилганини даъво қилди.
Россия тарафида хизмат қилаётган янги мулозимларга суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлмоқда. Охирги бир неча ойда камида олти нафар коллаборационист ҳалок бўлгани маълум.
8 август куни Херсонни бошқаришни бошлаган Владимир Сальдо заҳарлаб кетилди, ўша куниёқ Новая Каховка оккупация маъмурияти раҳбари муовини Виталий Гуру отиб кетилди, 12 август куни Мелитополда янги маъмуриятнинг медиапропаганда учун маъсули Олег Шостакка ҳужум қилинди, у реанимаяцияда.
Навальний заҳарланганига 2 йил бўлди
Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний икки йил олдин заҳарланган эди. Германия канцлери Олаф Шолс шанба куни шу ҳодиса ҳақида тўхталиб видеомурожаат тарқатди.
- У суиқасддан базўр омон қолиб, Германияда соғайди. Мен ўшанда у билан гаплашиб, демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги учун курашиш мақсадида Россияга қайтган жасур одам билан танишдим. Биз ҳозир бу ҳақда ўйлашимиз керак, деди Германия канцлери.
АҚШ Давлат департаменти Навалнийни зудлик билан озод қилишга чақириб, Россия ҳукуматининг мухолифат вакиллари ва мустақил матбуотга нисбатан тазйиқларини қоралади. Навалний Россия президенти Владимир Путиннинг энг таниқли танқидчиси бўлиб, Путин режимининг йирик коррупцияга алоқадорлигини исбот қилган.
Навалний 2021 йилнинг январьида Германияда заҳарланиб даволангач, Россияга қайтади ва ўша заҳоти қўлга олинади. Германияда унга заҳарланиш ташхиси қўйилган ва бунда Kремлнинг қўли борлиги айтилган.
Дастлаб шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш давридаги ёмон хулқи учун 2 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Март ойида эса Навалний фирибгарлик ва судга ҳурматсизликда айбланиб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шу ҳафта бошида Навалнийнинг айтишича, қамоқхона расмийлари унинг панжара ортидаги фаоллиги учун ўч олиш мақсадида унга кичик қоидабузарлик сабаб, уч кун бир кишилик камерада ўтиришни тайинлаган.
Николаевда ракета ҳужумидан 9 қаватли уй вайрон бўлди, тўққиз киши яраланди
Украинанинг Николаев вилояти ҳарбий бошқармаси матбуот котиби Дмитрий Плетенчук ўзининг Facebook саҳифасида 20 август куни Россия ракетаси Вознесенск шаҳридаги кўп қаватли уйга келиб урилганини маълум қилди.
Зарба соат 11: 30 атрофида берилган, ракета беш қаватли турар-жой биносига келиб тушган, бинонинг иккита подъезди, шунингдек, яқин атрофдаги хусусий уйлар ва уй ёнида турган автомобиллар шикастланган.
Вилоят прокуратурасининг таъкидлашича, бу ҳудудда ҳарбий объектлар йўқ.
Вознесенскнинг ўққа тутилиши ҳақидаги маълумотни депутат Артем Черноморов ўзининг телеграм-каналида тасдиқлади: у шаҳарда қутқарув операцияси давом этаётганини билдирди:
"Россия ракетаси беш қаватли турар-жой биносига келиб тушди, бино деярли вайрон бўлди. Бизнинг жасур қутқарувчиларимиз ва полициямиз воқеа жойида ишламоқда. Тиббиёт ходимлари ярадорларга ёрдам беришмоқда. Кўп қаватли уй ёнидаги уйлар ва автомобилларга ҳам зарар етган" .
Николаевдаги портлашда тўққиз киши яралангани ҳақида хабарлар бор, улардан тўрт нафари болалар.
Кейинроқ ярадорлар сони 12 кишига етгани хабар қилинди.
Форум