Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 16:14

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:27 18.8.2022

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Россия ҳибсхоналарида маҳбусларни аскарликка ёллаш давом этмоқда

Россия тергов ҳибсхоналарида гумонланувчи ва айбланувчиларни Украинага урушга юбориш учун ёллаш давом этяпти. Ёлланганларнинг жиноят ишларини юритиш тўхтатиб турилмоқда, дея маълум қилди ҳуқуқбон ва “Рус сидяшая” фонди асосчиси Ольга Романова. Унинг айтишича, Москва вилоятидаги бир неча ҳибсхонада шунақа ҳолатлар бўлгани ҳақида унда аниқ маълумот бор.

Gulagu.net лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин мазкур амалиёт мавжудлигини тасдиқлади. Унга кўра, лойиҳанинг доимий алоқа каналига Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Рязань, Тверь ва Брянскдан шу мазмундаги маълумотлар келган.

19:25 18.8.2022

Британия разведкаси: Россия армияси танклари кўп ҳолларда динамик зирҳсиз жанг қилмоқда

Россия Украинада асосий жанговар танкларини жуда кўп талафот бераётгани сабаби рус ҳарбийлари динамик ҳимоя қатламини ўрнатиш ва ундан тўғри фойдаланишни билмаслиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, чунки ҳарбийлар ҳимоя қатламига бепарволик билан қарашади, дейилади Британия разведкаси ҳисоботида.

Экспертлар Россия армияси генераллари танклар жангги борасида ҳануз ўтган аср ўрталарига мансуб эскича тасаввурлар билан юрганини, XXI аср техник янгиликларидан жирканишини ва ўз аскарларининг ҳаётини сариқ чақачалик қадрламаслигини тахмин қиладилар. Ҳисоботда айтилишича, бу 1994 йилги Биринчи чечен уруши давридаёқ маълум бўлган.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақирув асосида тайёрланган оддий танкистларда динамик зирҳни ўрнатиш ва уни жанговар ҳолатда сақлаш учун зарур билим етишмайди, улар кўп ҳолларда зирҳ блокларини бир-бирига яхши кийдирмайдилар ёки умуман динамик зирҳсиз жанг қиладилар.

19:22 18.8.2022

Украина Россияни Запорожье АЭСни тарк этишга чорлади

17 август куни Украина президенти Владимир Зеленский Россияни ҳеч қандай шартсиз Запорожье атом электр станциясини (АЭС) тарк этишга чорлади.

АЭСни март ойида рус қўшинлари қўлга олган, аммо станция ҳали ҳам украиналик ходимлар томонидан юритилмоқда.

Чоршанба куни Украина ҳукумати кетма-кет ҳужумлар ортидан табиий офатга жавоб беришга ҳозирлик кўриш мақсадида машқларни ўтказди.

Ҳар икки томон сўнгги кунларда АЭС яқинида амалга оширилган ҳужумларда бир-бирини айбламоқда.

Зеленский тунда сўзлаган нутқида украиналик дипломатлар, АЭС мутахассислари ҳамда Халқаро атом энергияси агентлигини (ХАЭА) Запорожьега миссия юбориш устида иш олиб бораётганини айтди.

«Россия армияси АЭС ҳудудидан ва барча қўшни ҳудудлардан чиқиб кетиши, ҳарбий техникасини станциядан нарига олиб чиқиб кетиши керак. Бу ҳеч қандай шартсиз ва имкон қадар тез амалга оширилиши керак. Украина ҳукумат ХАЭА томонидан тегишли назоратни таъминлашга тайёр. Тегишли миссия Запорожье станциясига қонуний йўл билан, жуда тез ва имкон қадар самара билан юборилиши мумкин», – деди президент.

«Душман Запорожьеда, жанубда, мамлакат шарқида ва Қримда нобуд бўладиган кун келади», – дея қўшимча қилди Зеленский.

Москва ўз босқинини Украинани қуролсизлантириш ва у ердаги русийзабон жамоаларни ҳимоя қилиш операцияси деб атайди. Украина ва унинг иттифоқчилари эса Россияни босқинчилик урушини олиб бораётганликда айбламоқда.

19:19 18.8.2022

«Зиналар қулаб туша бошлади» – Харьков турғуни ҳалокатли зарба ҳақида сўзлаб берди

17 август Украинанинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланувчи Харьковда жойлашган турар-жой массивига Россия ракета билан ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида етти киши ҳалок бўлди, 16 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Tekegramда ҳужумни кескин қоралади: «Бу тинч аҳолига қарши мутлақ асоссиз ва ахлоқсиз зарба бўлиб, тажовузкорнинг кучсизлигидан далолат беради. Биз кечира олмаймиз. Биз ўч оламиз».

Гувоҳ Иван Цоколь ҳужумда қўлланилган ракетани «калибрли қанотли ракета» дея таърифлади. Ракета элликка яқин одам истиқомат қиладиган ётоқхона биносига бориб урилган.

Бинода истиқомат қилувчи Тамара Крамаренко Reuters агентлигига берган интервьюсида:

«Кейин, портлаш содир бўлди, атрофни кулранг туман қоплади. Эшик олдига бордим. Ёпиқ экан. Яхшиямки, биринчи қаватда эдим, акс ҳолда. ... Вадим овозини эшитдим. У ўнинчи хонада яшайди, озгина ногирон. Уч деразадан бошқа ҳеч нарса қолмади! Зиналар йиқила бошлади, одамлар бир-бирига ёрдам бера бошлади. … Яхши одамлар, бизга ёрдам беринглар! Энди нима қиламиз?», – деди.

Энг шиддатли жанглар содир бўлаётган Донецк вилоятида губернатор Павло Кириленко чоршанба куни сўнгги 24 соат ичида Россия кучлари томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида икки нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва етти одам яраланганини айтди. Reuters агентлиги Харьков ва Донецкдан келган хабарларни мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Украина ҳукумати Донецкда оммавий эвакуация бошлаб юборган, бироқ Краматорск шаҳри яқинидаги кичик фермада яшаётган эр-хотин кетиш ниятлари йўқлигини айтишди.

Россия Мудофаа вазирлиги Харьковга ракета зарбалари берилганини тасдиқлади. Вазирликнинг кунлик ҳисоботига кўра, Харьковда “чет эллик ёлланма жангчиларнинг вақтинчалик қароргоҳига ўта аниқликда урувчи қурол билан зарба йўлланган. 90 дан ортиқ жангари йўқ қилинган”.

Украина расмийлари эса снарядлар айнан турар-жой биноларига тушганини айтишмоқда. Ракеталардан иккита ётоқхона вайрон бўлган. Саккиз киши нобуд бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган. Ярадорлар орасида болалар ҳам бор.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG