Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 17:30

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:16 18.8.2022

Харьковда икки нафар тинч фуқаро нобуд бўлди, 18 одам жароҳатланди

18 август куни Украина шарқидаги Харьков шаҳрида тонг отишидан олдин амалга оширилган ракета ҳужуми икки нафар тинч аҳоли умрига зомин бўлди. Шунингдек, ҳужумда 18 нафар одам яраланган. Бу ҳақда вилоят губернатори Олег Синехубов маълум қилди.

Синехубовнинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари бир кун олдин берган зарба ортидан етти нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 17 нафар одам жароҳатланган.

Унинг сўзларига кўра, пайшанба куни Харьковдаги кўп қаватли уйга рус кучлари томонидан уюштирилган ҳужумда икки киши ҳалок бўлган. Ярадорлар орасида икки нафар ёш бола ҳам бор.

Президент Владимир Зеленский чоршанба куни Харьковда уюштирилган ҳужумни «тинч аҳолига қарши ҳеч қандай асоссиз зарба» деб таърифлади.

Россия Украинада «махсус ҳарбий операция» давомида тинч аҳоли вакилларини атайлаб нишонга олаётганини рад этиб келади.

Шарқий Донецк вилояти губернатори Павло Кириленко Telegramда сўнгги 24 соат ичида Россия вилоятда амалга оширган ҳужумларида 3 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ҳақида ёзди.

19:37 17.8.2022

Россияликлар Қримни тарк этмоқда

Ижтимоий тармоқларда Қримда содир бўлган кечаги портлашлардан кейин ярим оролни тарк этаётган минглаб россияликлар акс этган видеолар тарқалмоқда.

Сешанба куни Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги ўқ-дорилар омборларида портлаш ва ёнғинлар содир бўлди, бу Украинанинг ярим оролга бир ҳафтадан кўпроқ вақт ичида иккинчи гумон қилинган ҳужуми бўлиб, маҳаллий аҳолини эвакуация қилишга мажбур қилди.

Россия давлат телевидениеси Қримнинг Жанкой вилоятидаги даладан қалин тутун кўтарилаётганини ва портлаш овози эшитилганини кўрсатди.

Россия Мудофаа вазирлиги ёнғинларда электр станцияси, электр узатиш линиялари, темир йўл релслари ва турар-жой биноларига зарар етганини маълум қилди.

Қрим вилояти раҳбари Сергей Аксёновнинг айтишича, икки киши яраланган, икки қишлоқдан 3 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

19:34 17.8.2022

Қримда портлаган ҳарбий омбор фотоси эълон қилинди

Американинг Planet компанияси Қримдаги Майское қишлоғидаги ўқ-дорилар омборида содир бўлган портлашлар оқибатларини акс эттирувчи сунъий йўлдош суратларини эълон қилди. Бу суратларни “Озодлик” радиосининг Украина хизмати журналисти Кирилл Овсяний ўз Тwиттерида эълон қилди.

Олдин ва кейинги суратлар мос равишда 15 ва 16 август кунлари олинган.

Биринчисида сиз бир нечта бинолардан иборат кичик мажмуани кўришингиз мумкин. Иккинчисида улардан тутун чиқаётганини кўриш мумкин.

19:32 17.8.2022

Россия Украина ҳудудларини бомбардимон қилмоқда

17 августга ўтар кечаси Россия армияси Одессага учта ракета учирди.

Президент девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Россиянинг Одесса вилоятидаги Затока қишлоғига бугунги ракета ҳужуми оқибатларини кўрсатди.

Унинг сўзларига кўра, Затокадаги отишмалар натижасида дам олиш масканининг 7 та биноси вайрон бўлган, 15 та уй зарар кўрган.

Қурбонлар йўқ, тўрт киши жароҳатланган. Николаев шаҳри ҳам бугун кечаси ракета зарбалари остида эди. Русларнинг ракета, Град ва артиллерия бомбардимони Украинанинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG