Путин АҚШни Украинадаги урушни чўзяпти деб айблади
Россия президенти Владимир Путин Ғарб давлатлари “НАТОга ўхшаш тизим”ни Осиё-Тинч океани минтақасида ёйишга интиляпти, деб иддао қилди.
Москва халқаро хавфсизлик конференциясидаги нутқида Путин, Қўшма Штатларни Украинадаги можарони “чўзиш” ва АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг шу ой бошида Тайванга ташрифини эса “режалаштирилган провокация”, деб айблади:
“Украинадаги вазият кўрсатяптики, АҚШ бу низони чўзишга уриняпти ва худди шундай улар Осиё, Африка ва Лотин Америкасида шунақа эҳтимолий низоларни қўзғатишга ҳаракат қиляпти. Американинг Тайвандаги бепарво ҳаракати шунчаки бир масъулиятсиз сиёсатчининг сафари эмас, балки Қўшма Штатларнинг минтақа ва дунёдаги вазиятни беқарорлаштириш ва тартибсизликка олиб келиш учун қилган мақсадли, онгли стратегиясининг бир қисмидир”.
ISW: россияликлар яна ялпи сафарликка салбий муносабатда
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия ҳукумати урушга ялпи сафарбарлик эълон қиладиган бўлса, россияликлар бунга хийла салбий муносабат билдиришади.
Америкалик экспертлар “Фонтанка” нашрида эълон қилинган мақола остидаги изоҳларни таҳлил қилгач, шундай хулосага келишди.
Мақолада петербурглик мулозимлар урушга жўнатиш учун эркакларга “чақирув қоғози” юборилганини рад этган ва бу аслида “маълумотларни аниқлаштириш” мақсадида ҳарбий комиссариатга таклиф қоғози эканини иддао қилишган.
Изоҳларда ўқувчилар ўз ҳуқуқларини билишларини ва урушга чақирувдан бўйин товлаш учун барча усулларни ишга солишга ҳозир эканликларини баён қилишган.
ISW ҳисоботида тан олинмаган “ЛХР” аскарлари томонидан суратга олингани айтилаётган видео ҳам эсга олинган. Видеода аскарлар уруш қийинчиликларидан шикоят қилишади ва “ДХР” учун жанг қилишдан бош тортишади. Эркаклар айтишича, уларнинг иши якунланган, чунки Украинанинг бутун Луганск вилояти “қайтариб олинган”. ISW видео ҳақиқийлигини тасдиқламаган. Бироқ институт “ЛХР” тузилмаларида жанговар руҳ тушиб кетганига оид биринчи далил эмаслигини урғулаган.
Россия: Харков яқинида 100 дан ортиқ ёлланма аскар йўқ қилинди
Россия Мудофаа вазирлиги душанба кунги брифингида Россия ҳарбий ҳаво кучлари Харков шаҳри яқинида Полша ва Германиядан келган 100 дан ортиқ ёлланма аскарни йўқ қилгани ва 50 дан ортиғини жароҳатлаганини хабар қилди.
Вазирлик баёнотида айтилишича, Харков вилоятидаги Украинанинг бир нечта ўқ-дори ва ёқилғи омборларига ҳам зарба берилган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, рус қўшинлари Харков вилоятида Украина мудофаасини ёриб ўтишга урингани, бироқ қаттиқ қаршиликка учраганини хабар қилди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби баёнотида, Россиянинг Донецк вилоятидаги Славянск, Краматорск ва Авдивка томон юришлари ҳам муваффақиятсизликка учрагани айтилади.
Душанба куни Россиянинг Спутник ахборот агентлиги Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) манбаларига таяниб, ФСБ Украина разведка хизматларининг Россиянинг Волгоград вилоятидаги нефть ва газ обектларига ҳужум режасини йўққа чиқарганини маълум қилди.
Уруш шароитида томонларнинг бундай зиддиятли баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Запорожье АЭС атрофидаги отишма излари кўрсатилди
Яқинда олинган сунъий йўлдош тасвирлари Запорожье атом электр станцияси атрофидаги далаларда отишмалардан қолган белгиларни кўрсатди.
11 август куни атом элэктр станцияси яқинида рўй берган отишмаларда Москва ва Киев айбни бир-бирига тўнкаган.
Запорожье атом элэктр станцияси атрофидаги вазият БМТ ҳамда МАГАТЭ ташкилотлари ва маҳаллий расмийларни хавотирга солди. Украина сўнгги кунларда Чернобил ядровий фалокати такрорланиш хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.
Душанба куни БМТ МАГАТЭ миссиясини логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Бироқ россиялик дипломат шарт қўйиб, ҳар қандай миссияни Украина пойтахти орқали ўтказиш жуда хавфли эканлигини айтган.
Форум