Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 22:15

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

21:12 16.8.2022

БМТ МАГАТЭ миссияси хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш имкониятига эга

БМТ Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (МАГАТЭ) миссиясини Россия ва Украина розилиги билан логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлаш имкониятига эга, деди БМТ расмий вакили.

Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Россия расмийларининг БМТ котибияти МАГАТЭнинг Запорожье заводига ташрифини бекор қилгани ёки тўсиқ қўйгани ҳақидаги изоҳларига жавобан айтди:

"Биринчидан, МАГАТЭ ўз ваколатларини амалга ошириш борасидаги қарорларини тўлиқ мустақил равишда қабул қилади. Иккинчидан, БМТ МАГАТЭнинг ҳар қандай фаолиятини блоклаш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, БМТ МАГАТЭ билан яқин алоқада бўлган ҳолда, Украина ва Россиянинг розилиги билан, Киевдан туриб МАГАТЭнинг миссиясини логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлаш учун имконига эга”.

21:06 16.8.2022

Донецкда 5 европалик судланди

Украинанинг Россия назоратидаги Донецк шаҳрида суд 5 европаликни ноқонуний ёлланма аскарликда айблади.

Буюк Британия, Хорватия ва Швециядан борган эркаклар Украина билан жангда қўлга олинган. Россия матбуоти булардан 3 нафари ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини ёзмоқда.

Швеция, Хорватия ва Буюк Британия фуқаролари – Матиас Густавссон, Векослав Пребег ва Жон Ҳардинг ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тайёргарликдан ўтиш, ҳокимиятни куч билан босиб олиш ва сақлаб туриш, шунингдек қуролли можарода ёлланма аскар сифатида қатнашишда айбланмоқда.

Тергов маълумотига кўра, швециялик 47 ёшли Матиас Густавссон 2022 йил февралда Мариупол ҳудудида 36-махсус денгиз пиёдалари бригадасида БМП ҳайдовчиси-моторчиси лавозимида шартнома бўйича хизмат қилган.

Хорватиялик 40 ёшли Вековлав Пребег, иддао қилинишича, 2020 йил майдан 2022 йил апрелгача Украина ҚКнинг Павлополдаги 36-денгиз пиёдалари бригадасида катта ўқчи сифатида хизмат қилган.

Британия фуқароси бўлмиш 61 ёшли Жон Ҳардинг уруш бошланган кундан Мариуполдаги “Азовсталь” заводини мудофаа қилгани айтилмоқда.

Айбланувчиларнинг ҳаммаси ҳам айбини тан олмади. Хорижий ҳукуматлар суд жараёнларини ноқонуний, деб қораламоқда. Июнь ойида ҳам 3 хорижлик худди шундай айбловлар билан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Россия февраль ойида Украинани демилитаризация қилиш баҳонасида уруш бошлаб, буни “махсус ҳарбий операция” деб атайди. Украина ва унинг Ғарбдаги тарафдорлари Москвани империализм услубида босқинчилик қилишда айблайди.

21:05 16.8.2022

Украинадан Африкага илк гуманитар ёрдам юборилди

Гуманитар озиқ-овқат юклари, асосан маккажўхори ва буғдой ортилган Brave Commander кемаси Украинанинг Пивденний портидан Африкага жўнаб кетди. Бу Россия босқини бошланганидан буён Украина портларидан Африкага юборилган илк гуманитар ёрдам.

Аввалроқ Россия, Туркия, Украина ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларидан иборат қўшма мувофиқлаштириш маркази юк жўнатмаси маъқуллаганини хабар қилган эди.

Туркия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Украина портларидан маккажўхори ва буғдой ортилган жами бешта кема жўнаб кетган.

21:04 16.8.2022

Bloomberg: Россия ва Украина ёқилғи бўйича молиявий муносабатларни тиклади

Bloomberg нашри, Россия ва Украина, Европа санкцияларига қарамай, ёқилғи транзити бўйича молиявий муносабатларни тиклади, деб хабар қилмоқда.

Агентлик манбасига кўра, “Газпром”нинг газ транзити учун “Нафтогаз Украини” ширкатига тўлови муаммосиз ўтган ва қабул қилинган, ҳолбуки нефт транзити учун тўлов зарур вақтда амалга оширилмаган эди.

Август ойи бошларида Россиянинг “Транснефть” ширкати тўлов учун ўтказилган пул Европа санкциялари туфайли “осилиб қолгани” туфайли “Дружба” қувури орқали нефть транзитини тўхтатган эди.

Ўшанда Словакиянинг Slovnaft ҳамда Венгрияга тегишли MOL ширкатлари “Нафтогаз” йиғимини тўлаб беришни таклиф қилган ва бу Украина томонини ҳам, Россияни ҳам қониқтирган. 10 август санасида нефть юбориш тикланган.

Газ транзити тўловини ўтказиш-қабул қилиш амалиётида санкциялар четлаб ўтилганми, йўқми – номаълум. “Газпром” ва “Нафтогаз” изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Бугун Европада газнинг бир кубометри баҳоси 300 долларга ошди. ICЕ биржасида савдолар бошланганидан сўнг нарх 2140 доллардан 2414 долларга чиқди. Август бошидан бери бир кубометр газ баҳоси ўртача 1740 доллар эди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG