Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 02:32

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

18:43 14.8.2022

Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқондан Совет символикаси олиб ташланади

Она Ватан ёдгорлиги, Киев ш.
Она Ватан ёдгорлиги, Киев ш.

Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқонда акс этган Совет герби келаси йили олиб ташланади. Бу ҳақда Украина маданият вазири Александр Ткаченко маълум қилди. У дастлаб герб қандай усул билан демонтаж қилинишини аниқлаш ишлари олиб борилади ва шундан сўнг унинг ўрнини эгаллайдиган Украина рамзи бўлган Тризуб лойиҳаси учун танлов бошланади, деди.

Украинанинг бошқа минтақаларида ҳам Россия, СССР ва рус рамзлари билан боғлиқ ҳар қандай монументлар кўчириб ташланмоқда. Украинанинг Кировоград вилоятининг Александрия шаҳрида рус ёзувчиси Максим Горкийнинг бюсти бузиб ташланди.

18:40 14.8.2022

Словакия Украинага биринчи "Zuzana 2" ўзиюрар артиллерия мосламаларини етказиб берди

155 ммли Zuzana 2 гаубицаси
155 ммли Zuzana 2 гаубицаси

Словакия Мудофаа вазирлигига тегишли Konštrukta Defence тузилмаси маълумотларига кўра, украинларга 155 миллиметрли тўртта қурилма етказилган.

- Бизнинг асосий мақсадимиз имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш ва украиналик дўстларимизга бу маъносиз қон тўкилишини тўхтатишга ёрдам беришдир, - деди Ярослав Над, Словакия Мудофаа вазири.

"Zuzana 2" ўзиюрар гаубицалари зирҳли кабина билан жиҳозланган, мослама минораси 360 даража айлана олади. Ўзиюрар артиллерия мосламасида автоматик қайта юклаш механизми, шунингдек, MRSI режимида ўқ узиш, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта снарядлар нишонга тегадиган тарзда ўт очишни режалаштириш имконияти мавжуд. Максимал отиш масофаси 41 км.

18:37 14.8.2022

Саки аэродромида нечта учоқ йўқ қилинди?

Қримнинг Новофедоровка аэропортидаги портлашлардан кейин Россия 55 миллион доллардан 450 миллион долларгача бўлган самолётларини йўқотган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Украинанинг Форбс нашри.

Американинг Планет Лабс компанияси Портлашлардан бир неча соат олдин аэродромнинг сунъий йўлдош тасвирларини олганини маълум қилди: ўша пайтда у эрда 20 дан ортиқ ҳарбий учоқ - асосан Су-30СМ қирувчи ва Су-24МР бомбардимончи самолётлари, битта оғир ҳарбий транспорт Ил-76 ва бир нечта вертолётлар бўлганини қайд этган. Форбес йўқ қилинган техниканинг умумий нархини 650-850 миллион долларга баҳолади.

Новофедоровкада қанча ва қайси учоқ зарба туфайли аниқ вайрон қилингани номаълум.

Турли манбалар турли рақамларни келтирмоқда: мутахассислар 8 дан 24 тагача самолёт йўқ қилинганини айтишмоқда. ИнформНапалм халқаро тергов ҳамжамиятининг Қрим манбаларига кўра, Россия роппа-роса 24 учоқни йўқотган. ИнформНапалм уларнинг нархини 380 миллион долларга баҳоламоқда.

18:34 14.8.2022

Беларус аэродромидаги портлашда бир нечта ҳарбий техника йўқотилди

Maxar Technologies компанияси Гомел вилоятидаги Зябровка аэродромининг янги сунъий йўлдош суратларини эълон қилди, суратлар 12 август куни олинган. Суратларда асосий учиш-қўниш йўлагида яқинда содир бўлган портлаш излари кўрсатилган ва яқин атрофда куйган ўсимликлар кўринади.

OSINT таҳлилчиларидан бири Оливер Александр Твиттерда ёниб кетган объектни "Т-72 танки ёки шунга ўхшаш" эканлигини аниқлади.

Зябровка аэродроми ҳудудида 11 августга ўтар кечаси портлашлар содир бўлганди. Бу ҳақдаги маълумотни бир вақтнинг ўзида бир нечта манбалар тасдиқлади - улар камида саккизта портлаш бўлганини хабар қилишди. Кейинроқ Беларус Мудофаа вазирлиги аэродром ҳудудида “техника двигатели” ёниб кетгани ҳақида хабар берди.

Беларуснинг Зябровка аэродромидан рус қўшинлари фойдаланаётгани Россиянинг Украинага қарши урушининг дастлабки кунларида маълум бўлди. Украинадан атиги 50 км нарида жойлашган Зябровкадан учоқлар мунтазам равишда учиб турган, Украинага ракеталар отиб турилган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG