Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 14:15

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:19 10.8.2022

Украина "Дружба" қувури бўйича транзитни тўхтатди

Мозирдаги нефт заводи - "Дружба"нинг бир қисми саналади
Мозирдаги нефт заводи - "Дружба"нинг бир қисми саналади

Россия нефт компанияси бўлган "Транснефт" сешанба куни Украина Россия нефтини "Дружба" қувурининг жанубий йўналиши орқали Марказий Европа мамлакатларига ташишни тўхтатиб қўйганини эълон қилди. Бунга Ғарб санкциялари туфайли тўловлар билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлгани айтилди.

Қувурдан 4 август куни "Дружба" нефт магистралининг жанубий йўналиши бўйлаб Словакия, Венгрия ва Чехияга нефт узатишни тўхтатилди, Россия нефтининг Беларус орқали Полша ва Германияга хизмат кўрсатадиган шимолий йўналиш бўйлаб ташиш узлуксизлигича қолмоқда.

“Транснефт” маълумотларига кўра, 22 июл куни рус компанияси Украинанинг “Укртранснафта” нефт қувурлари операторига август ойидаги нефт транзити учун тўловларни амалга оширган, бироқ Европа Иттифоқи чекловларининг еттинчи босқичи туфайли тўлов амалга ошмагани учун пул 28-июлда қайтарилган.

“Дружба” қувури Россиясининг Самара шаҳридан бошланиб, икки тармоққа бўлинган: шимолий йўналиш Беларус орқали Полша ва Германияга, жанубий йўналиш Беларус ва Украина орқали Венгрия, Чехия ва Словакияга чўзилган.

17:42 10.8.2022

Москва суди ДНР вазири "Тошкент"ни "фирибгар" деб атади

А.Захарченко ва А.Тимофеев
А.Захарченко ва А.Тимофеев

Москва суди Донецкдаги россияпараст бўлгинчиларнинг Даромадлар ва йиғимлар бўйича собиқ вазири, “Тошкент” лақаби билан танилган Александр Тимофеевни уч ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар бермоқда. Ҳукм чиқаришда суд Тимофеевга ДНР Қаҳрамони унвони берилганини ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашганини ҳисобга олгани айтилмоқда.

17:35 10.8.2022

Украина минтақаларида бомбардимонлар давом этмоқда

Днепропетровск вилоятининг Никопол туманининг тунги ўққа тутилиши натижасида 13 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Днепропетровск вилояти губернатори Валентин Резниченконинг сўзларига кўра, 11 киши жароҳатланган, улардан беш нафарининг аҳволи оғир.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, кечаси Россия ҳарбийлари Марганец шаҳрига 80 дан ортиқ "Град" снарядларини отган. Марганец шаҳри ва Вишетарасовка қишлоғи ўққа тутилиши натижасида кўп қаватли уйлар бузилган, газ ва электр таъминоти узилган, жуда кўплаб иншоотлар буткул вайрон қилинган.

Николаев шаҳри мэри Александр Сенкечи Бугун тундаги бомбардимон натижасида яна уч тинч аҳоли вакили ўлдирилганини маълум қилди.

17:30 10.8.2022

Аннексия қилинган Қрим ярим оролидаги Россия авиабазасида кучли портлашлар содир бўлди

Мутахассислар бу Украинадаги урушнинг кенгая бошлагани даракчиси бўлиши мумкин демоқда.
Расмийлар камида бир киши қурбон бўлгани ва бир неча киши яраланганини маълум қилишди.
Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз бўйидаги Саки базаси ўққа тутилгани фактини инкор этиб, у ерда снарядлар эҳтиётсизлик натижасида портлаб кетганини билдирди.

Бироқ ижтимоий тармоқларнинг украин сегменти авиабазага Украина олисдан урадиган ракеталар билан зарба бергани ҳақидаги миш-мишлар қизғин муҳокама қилинмоқда.
Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги вазирликдаги исми очиқланмаган манбасига таяниб, портлашларга “ёғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши” сабаб бўлганини хабар қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги битта ҳам жанговар учоқ зарар кўрмаганини иддао қилди.
Украина Мудофаа вазирлиги эса воқеага истеҳзо билан шундай муносабат билдирди: “Украина Мудофаа вазирлиги ёнғин сабабини аниқлай олмайди, бироқ ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ва ножоиз жойларда тамаки чекмаслик кераклигини яна бир карра эслатади”.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG