Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 15:43

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

11:59 10.8.2022

Россия бомбардимони оқибатида Марганец шаҳрида камида 11 киши ҳалок бўлди

Днепропетровск вилояти вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченконинг билдиришича, 10 августга ўтар кечаси Россия “Град” реактив тизими воситасида Марганец шаҳридаги тинч аҳоли яшайдиган мавзеларга 80 та снаряд отди. Бунинг оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлган ва 13 киши яраланган.

Запорож шаҳар радасининг котиби Анатолий Куртаев Россия бомбардимони оқибатида бир аёл ҳалок бўлганини, Кушугум жамоасида учта уй вайрон бўлгани ва 30 дан ортиқ турар жой биноларига зиён етганини айтди.

АҚШдаги урушни ўрганиш институти (ISW) Россия армияси бундан ташқари Северск ва Бахмут шаҳарлари атрофини ҳам бабомбардимон қилган. Институт ҳисоботида таъкидланишича, Украина артилерияси Россия артилериясини Спорний ва Ивано-Даровки қишлоқларидаги позицияларидан чекинишга мажбур қилди. Бу икки қишлоқ Северск шаҳридан мос равишда 10 ва 15 километр узоқликда жойлашган.

09:30 10.8.2022

Россия захирадаги аскарларнинг бир қисмини Украина чегарасига жўнатмоқда

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида яшовчи захирадаги аскарларнинг бир қисми 9 август куни мажбурий равишда Украина чегараси яқинидаги ҳудудга “ҳарбий йиғин” учун олиб кетилди. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри ҳуқуқ ҳимоячилари ва захирадаги аскарларга таянган ҳолда хабар берди.

“Бизга техникани таъмирлаш билан шуғулланишимизни айтишди”,- деди военкоматдан чақирув қоғози олганлардан бири.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, уларга захирадаги аскарлардан ўнлаб шикоятлар келиб тушган. Қайд этилишича, улар военкоматларга чақиртирилган ва қандайдир ҳужжатларга имзо чекишга мажбурланган. Шундан сўнг уларни Украина билан чегарадош Белгород вилоятига олиб кетишмоқда. Военкоматларда захирадаги аскарлар тиббий кўрикдан ва хизматга яроқлилик тоифасини тасдиқлаш жараёнидан ўтказилмаяпти.

Нашрнинг манбаларга таяниб ёзишича, “ҳарбий йиғин”лар 60 кунгача давом этади. Унда иштирок этишни истамаганларни “қўлини қайриб олиб кетишмоқда”.

“Паспортлар ва ҳарбий билетларни олиб қўйиб, захирадагиларни ҳарбий қисмларга, кейин эса Белгород вилоятига жўнатишмоқда. Бизга айтишларича, улар техникани таъмирлаш ва снарядларни юклаш билан шуғулланади. Йиғинга чақирилганларнинг ёшлари 26, 30, 40 да ва улар ўзларининг қандай мақомда эканини ҳам билмайдилар”,-демоқда ҳуқуқ фаоллари.

Россиянинг “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат” тўғрисидаги қонунига асосан захирадаги аскарлар ҳарбий йиғинларда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда уларга нисбатан жиноий ёки маъмурий жазо чоралари қўлланиши назарда тутилмаган.

20:26 9.8.2022

Пермь ўзбеклари “Амир Темур” батальони тузмоқчи

Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи. Vetta телеканали эълон қилган видеода “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” етакчиси Жаҳонгир Жалолов шундай таклифни илгари сурган:

“Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан”.

Жалолов минбардан туриб, ҳамюртларини ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга ва батальонга қўшилишга чақирган.
Залда ўтирган ўнлаб киши Жалолов таклифини қарсаклар билан олқишлайди.

Амир Темур батальони тузиш ҳақидаги видео тарқалганидан ярим кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Перьмдаги ўзбекларни огоҳликка чақирди.

Агентлик Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўрайди.

Агентлик бундай ҳаракат Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 -моддаси билан малакаланиб, беш йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилганини эслатган.

20:16 9.8.2022

Украина ғалласини ортиб йўлга чиққан кемалар сони ўнтага етди

Туркия ва Украина томонининг айтишича, 8 август, душанба куни маккажўхори ва соя ташувчи яна иккита кема Украина портларини тарк этди. Шу билан ўтган ҳафта Украина ғалласи экспортини тўсиб қўймаслик бўйича Россия билан тузилган келишув доирасида биринчи кема йўлга чиққанидан буён уларнинг сони ўнтага етди.

Ўтган ой Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида ғалла етказиб бериш тўхтаб қолиши жиддий озиқ-овқат танқислигига ва ҳатто дунёнинг айрим мамлакатларида очарчилик авж олишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирувлар янграганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия воситачилигида келишувга эришилди.

Туркия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 1 август куни биринчи сузиб кетганидан бери Украинадан 243 минг тоннага яқин маккажўхори еттита кемада экспорт қилинган.

Қолган кемаларда 11 минг тонна соя, 6 минг тонна кунгабоқар ёғи ва 45 минг тонна кунгабоқар шроти ташилди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG