Харьковда тунда камида тўртта портлаш бўлди
Кеча Харьковга қилинган ҳужумда бир киши ўлди, бири жароҳатланди. Бугун тунда Россия қўшинлари Харьковни яна ўққа тутди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўз телеграм-каналида маълум қилди.
“Кечаси соат 02:00 ларда душман Шевченко ва Индустриальний туманларига зарба берди. Меҳмонхона-ресторан мажмуаси, транспорт ва бошқа муҳим инфратузилма объектларига шикаст етди”, деб ёзди у. Ҳужум натижасида жабрланганлар йўқ.
Харьков шаҳри мэри Игорь Тереховга кўра, Индустриальний туманида “трамвай излари ва электр симёғочлар яксон қилинган”. “Яна битта снаряд ҳарбий инфратузилмага сира алоқаси бўлмаган икки қаватли иморат ёнида портлаб, фасад ва томга шикаст етказди, ойналар тўкилиб тушди”, деб ёзди Терехов.
Унинг айтишича, кечаси шаҳарда камида тўртта портлаш содир бўлган.
Асирликдаги “Азовстал” мудофаачиларидан бири вафот этди
Тан олинмаган “ДХР” тергов изоляторида “Азовстал”ни мудофаа қилишда қатнашган украин ҳарбий асирларидан бири вафот этди. ТАСС агентлиги ўз манбасига таяниб хабар қилишича, аскар “Медведи SS” қўпорувчи-штурм гуруҳи” аъзоси бўлган.
Агентлик манбаси ҳарбий асир гўё сурункали касал ва гиёҳванд бўлганини айтган ва ўлим сабабини шу билан изоҳлаган. Бироқ бу хулосани тасдиқловчи бошқа бирон маълумот йўқ.
“Азовсталь” мудофаачилари оилалари ассоциацияси “Азов” полки жангчиларининг сохта трибуналларда суд қилинишини қоралаш, бунга йўл қўймаслик, ушбу бемаъниликни тўхтатиш илтимоси билан” Украина президенти Владимир Зеленскийга ҳамда Қизил хоч қўмитаси ва БМТга мурожаат қилди.
Ҳарбийлар қариндошлари фикрича, Украина ҳудудида давлат ва қонун белгилаб берган вазифаларини адо этган украин ҳарбийлари ўзга давлатлар, яна-тағин ҳеч ким тан олмаган сохта мамлакатлар томонидан суд қилиниши мумкин эмас.
Ўтган ҳафта Россия Олий суди Украинанинг Азов полкини террорчи гуруҳ деб ҳукм чиқарди.
Азов полки Украина шарқида Россияга қарши курашаётган энг жанговар украин ҳарбий тузилмаларидан биридир.
Россия мунтазам равишда ўз иддаосича, Азовни Украина “фашистлар” томонидан назорат қилинаётганининг исботи сифатида кўрсатиб келади.
Май ойининг ўрталарида таслим бўлган кўплаб Азов жангчилари Москва томонидан асирликда ушлаб турилибди.
ISW: Кремль Ғарбни ядровий ҳалокат билан қўрқитяпти
Россия армияси Запорожье АЭС ҳудудини ўққа тутишда ва ўз ҳарбий техникаларини ядро реакторлари ёнида сақлашда давом этмоқда, дея маълум қилди Урушни ўрганиш институти (ISW).
Америкалик экспертларга кўра, Кремль шу тариқа Ғарбни ядровий ҳалокат билан қўрқитиб, АҚШ ва Евроиттифоқнинг Украинага ҳарбий ёрдам беришини тўхтатиб қўйишига ёки Украинани дастаклашдан бутунлай воз кечишига эришмоқчи.
Зеленский: Ғарб россияликларга эшикни ёпиши керак
Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб мамлакатларини Россиянинг барча фуқароларига ўз эшикларини ёпишга чақирди.
У The Washington Post журналистлари билан суҳбатда бу Россияни Украина ҳудудини аннексия қилишда давом этишдан тўхтатиш чораларидан бири эканини айтди.
“Улар “Бу урушнинг бизга ҳеч бир дахли йўқ. Бутун аҳоли жавобгар бўла олмайди-ку ахир”, дейишади. Йўқ, жавобгар бўла олади. Чунки аҳоли шу ҳукуматни танлаган, у билан курашмайди, баҳс қилмайди, унга қарата ҳайқирмайди. Россияликлар қандай бўлишидан қатъий назар... ўз юртларига қайтишлари керак”, деди Зеленский.
Форум