Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 21:53

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:38 8.8.2022

Украинадан олиб чиқилган маккажўхори Қора денгизга етиб борди

Туркия воситачилигида, Украинадан олиб чиқилган маккажўхори Қора денгиздаги портга етиб борди.

Украинадан буғдой ва бошқа дон маҳсулотларининг олиб чиқилиши - Россиянинг бу давлатга босқини бошланганидан бери глобал равишда кучайиб кетган озиқ-овқат инқирозини енгиллатиш учун жуда зарур қадамдир.

Украина портларидан 12 минг тонна маккажўхори олиб кетаётган кема 8 август якшанба куни Туркия портига кириб борди. Кемани Қўшма мувофиқлаштириш маркази (JCC) аъзолари текширди.

Туркия байроғи остидаги Поларнет кемаси эса Чeрноморскдан Туркиянинг Қора денгиздаги Derince портига етиб борди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия воситачилигида ўтган ой Украина ва Россия ўртасида ғалла экспортини тиклаш бўйича келишувга эришилган. Ғалла экспорти жараёни Истанбулдаги Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакилларидан иборат Қўшма мувофиқлаштириш маркази томонидан назорат қилинмоқда.

19:37 8.8.2022

Россия ҳарбийлари бир неча қишлоқни бомбардимон қилди

8 августга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Николаев шаҳрини, Днепропетровск ва Харьков вилоятидаги бир неча қишлоқни бомбардимон қилди.

Оқибатда ўнлаб тинч аҳоли яшайдиган уйлар вайрон бўлгани хабар қилинмоқда. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Фаол жанговар ҳаракатлар Донецк вилоятининг Бахмут, Краматорск, Авдеевка ва Славянск аҳоли пунтклари яқинида бормоқда.

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти - ISW Британия разведкаси маълумотларига таянган ҳолда, урушдаги муваффақиятсизликлар оқибатида Москва ўз қўмондонларини алмаштираётганини хабар қилди. Билдирилишича, уруш бошланганидан бери Россия олти қўмондонни лавозимидан бўшатган.

Дам олиш кунлари Донецк вилоятида содир бўлган воқеалар ҳақида “Настояшчее время” мухбири Сергей Горбатенко шундай хабар қилди:

“Донецк вилояти дам олиш кунларини Россия қўшинларининг ўқ-олов ёмғири остида кечирди. Ўтган икки кун ичида вилоят бўйича 10 нафар тинч аҳоли нобуд бўлди, 25 киши яраланди. Зарбалар кучидан Константиновкада беш қаватли иморатнинг бир қисми пойдевори билан қўпорилди. Бахмут тинимсиз ўққа тутиляпти, аммо Украина Қуролли кучлари барча ҳужумларни қайтармоқда. Славянск ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Лях коммунал хизматлар ходимлари қувурларни консервация қила бошлаганини, чунки шаҳарда иситиш мавсумини ўтказиш имконсизлигини айтди ва Славянск аҳолисини ғарбий ҳудудларга кўчиб кетишга чақирди”.

19:36 8.8.2022

Россия: 45 минг тонна ўқ-дори сақланадиган омбор йўқ қилинди

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Россия ҳарбий кучлари Украина жанубидаги Николаев вилоятида НАТО томонидан етказиб берилган 45 минг тонна ўқ-дори сақланадиган омборга ҳужум қилиб, уни йўқ қилди, деб баёнот берди.

Конашенковнинг сўзларига кўра, Россия армияси Донетскдаги бир қанча Украина нишонлари, жумладан, қўмондонлик пунктлари, артиллерия батальонлари ва омборхоналарга зарба берган.

Уруш шароитида Россия томони бераётган бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

19:35 8.8.2022

Запорожье атом электр станциясига ҳужум

Якшанба куни Украина ва Россия бир-бирини Украина жанубидаги Запорожье атом электр станциясига ҳужум қилганликда айблади.

Запорожье - Европадаги энг йирик атом энергетика комплексларидан бири бўлиб, Украина умумий электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. У март ойидан бери Россия кучлари назоратида, сўнгги кунлардаги муҳокамалар марказида қолмоқда.

ТАСС ахборот агентлигининг хабар беришича, АЭС жойлашган Энергодар шаҳри маъмурияти тунги ҳужумларда Украина армиясини айблаган.

Хусусан, Кремль Ғарб давлатлари Киевни Запорожье атом электр станциясини ўққа тутишни тўхтатишга ундаши керак, деб талаб қилди.

"Украина Қуролли кучларининг АЭСни ўққа тутиши ўта хавфли. Агар тўхтатилмаса бу улкан ҳудуд, жумладан, Европа учун ҳалокатли оқибатлар олиб келиши мумкин. Биз Украина раҳбариятига нисбатан мутлақ таъсирга эга давлатлардан ўз таъсир кучидан фойдаланиб станцияни ўққа тутишни тўхтатишларини кутиб қоламиз”, деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Украина давлат атом энергияси оператори, Энергоатом Россия кучларини электр станциясини ўққа тутишда айблаб, шанба кунги ракета ҳужумлари станция омбори ёнидаги ҳудудга тушгани, у ерда 174 контейнерда фойдаланилган ядро ёқилғиси очиқ ҳавода сақланаётганини маълум қилди.

Энергоатомнинг таъкидлашича, айни дамда объектдаги радиация ҳолатини аниқ кузатишнинг имкони йўқ, чунки объект атрофидаги учта радиация мониторинги детекторига шикаст етган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG