БМТ: Атом станциясига ҳар қандай ҳужум – ўз жонига қасд қилишдир
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Японияда бир неча ўн йил ўтиб ядровий қарама-қаршилик хавфи яна пайдо бўлганини айтиб, ядро қуролига эга давлатларни ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланмаслик мажбуриятини олишга чақирди.
БМТ бош котиби Токиода 6 август куни Хиросимага атом бомбаси ташланганининг 77 йиллигига бағишланган тинчлик ёдгорлик маросимида қатнашганидан икки кун ўтиб матбуот анжумани ўтказди.
Россиянинг Украинадаги Запорожье АЕСга ҳужуми ҳақидаги хабарларга тўхталар экан, “Атом станциясига ҳар қандай ҳужум “ўз жонига қасд қилиш билан баробар”, деди Гутерриш.
Гутерриш Халқаро атом энергияси агентли (МАГАТЕ) ҳодисани ўрганиши учун АЕСга киритилиши кераклигини қўшимча қилди.
Гутерриш, шунингдек, Корея ярим оролининг "тўлиқ" ва "қайтмас" денуклеризациясини ядровий қуроллар тарқалишини камайтиришнинг асосий мақсади сифатида таъкидлаб ўтиб, глобал қуролсизланиш "орқага" кетаётганини билдирди.
Зеленский: Харков ва Донбассда вазият оғир
Украина президенти Владимир Зеленский кеча агар Россия босиб олган ҳудудларда Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишни давом эттирса, Россия билан Украина ёки унинг халқаро иттифоқчилари ўртасида ҳеч қандай музокара бўлмаслигини айтди.
Россия кучлари ва айирмачилар “махсус ҳарбий операция” бошланганидан сўнг Украина шарқидаги Донбасс ва жанубий ҳудудларда катта ерларни эгаллаб олди. Ҳар икки ҳудуд расмийлари референдум ўтказиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Донбассдаги россияпарастлар 2014 йилда ҳудуднинг бир қисмини эгаллаб олиб, референдум ўтказган ҳамда Луганск ва Донетск вилоятларида “халқ республикалари”ни эълон қилган эди. Кремль феврал ойидаги босқин арафасида мазкур республикаларни тан олди.
Бир неча ҳафта давомида деярли бутунлай Россия назорати остида бўлган Луганск вилояти губернатори Россия янги босиб олинган ҳудудларда референдум ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ва иштирок учун аҳолига имтиёзлар таклиф қилинаётганини маълум қилди.
Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Киев Россияга ҳеч бир ҳудудини бермаслик позициясида содиқлигини билдирди. "Мамлакатимизнинг позицияси ҳар доимгидек ўзгармасдан қолади. Биз ўз ҳудудимиздан воз кечмаймиз", деди Зеленский. У Донбассдаги оғир вазиятга тўхтатлди.
"Донбассдаги вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Бизнинг армиямиз рус террорини тўхтатиш ва босқинчиларга имкон қадар катта талофат етказиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Донецк вилоятидаги Авдийивка, Пиский, Марйинка, Бахмут ва бошқа уруш ўчоқлари аҳолиси зарбага дучор бўлмоқда. Вазият душман ўз кучларини жамлашга уринаётгани Харков вилоятида ҳамда мамлакатимиз жанубида ҳам оғир”, деди Зеленский.
Уруш шароитида Украина томони бераётган бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Февраль ойида Россия кучлари Украинага бостириб кирганидан сўнг, Россия ва Украина расмийлари бир неча музокаралар ўтказди. Аммо айтарли муваффақиятга эришилмади. Март ойининг охиридан бери эса икки томон ўртасида ҳеч қандай учрашувлар ўтказилмади. Ҳар икки томон бунда бир-бирини айблаган.
Россия кучлари Украина жанубидаги Херсон вилоятининг катта қисмини назорат қилмоқда. Расмийлар Россияга қўшилиш бўйича референдум яқин ҳафталар ёки ойлар ичида ўтказилиши мумкинлигини тахмин қилган.
Грузия мухолифат россияликларга виза режимини талаб қилмоқда
Шу кунда кўплаб белорус ва россияликлар қочиб бораётган мамлакатлардан бири – Грузия бўлиб қолмоқда. Бунинг бирламчи сабаби шуки, Грузияга бориш учун виза керак эмас. Дунёнинг жуда кўп мамлакатлари фуқаролари бу юртда визасиз бир йилгача юриши мумкин.
Бироқ кейинги пайтларда грузин мухолифати Беларус ва Россия билан виза тартибини жорий этиш масаласини тез-тез кўтармоқда. Парламентнинг мухолифатдаги “Лело Грузия учун” либерал партияси шундай ташаббус билан чиққан.
Уруш бошланганидан бери Украина рамзлари, Путин ҳамда “рус ҳарбий кемаси” ҳақидаги сўкиниш сўзлари, Грузияда кўплаб кафе-ресторан ва бошқа муассасаларини “безаб турибди”.
Украинадаги урушга муносабатини янада кескин шаклда билдираётган муассасалар ҳам бор. Хусусан, Тбилисининг Она тили хиёбонида жойлашган битта бар россияликлар учун жорий этган янги тартиб-қоидалари билан шов-шув кўтарди.
Барнинг интернетда қизғин муҳокама қилинишига у ерда амалга киритилган ўзига хос “виза тизими” сабаб бўлди. Гап шундаки, Россия фуқаролари ушбу муассаса хизматидан фойдаланиш учун аввало унинг сайтига кириб, махсус анкетани тўлдиришлари керак. Бар хўжайини Дата Лапаури бу меҳмонлар ва хизатчилар учун комфорт муҳит яратиш мақсадида жорий этилганини айтади.
“Анкетани тўлдириш учун мотивация ва тахминан икки дақиқа вақт керак, холос. Потенциал мижоз Владимир Путинга ҳеч қачон овоз бермаганини, Украина ва Грузиянинг ҳудуди яхлитлигини тан олишини қайд этиши лозим. Агарда у рус тилида мулоқот қилишни афзал кўрса, хизматчиларга салом беради ва “ушбу тилда менга хизмат кўрсата оласизларми, йўқми”, деб сўрайди”, деди бар хўжайини Дата Лапаури
Россиялик интернет фойдаланувчиларнинг бир қисми бу тартибни “дискриминация” деб ҳисоблаб, барнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида очиқча норозилик билдирди. Бироқ муассаса хизматчилари бундай деб ўйламайдилар. Дата Лапаури айтишича, барда бунақа “виза тартиби” апрелда киритилган ва ўшандан бери муассасага кўплаб россияликлар келиб, дам олишган.
Amnesty International ўз ҳисоботига изоҳ берди
Украина гуманитар ҳуқуқ ва уруш олиб бориш қоидаларини бузганлиги ҳақида бир неча кун олдин махсус ҳисобот эълон қилган Amnesty International халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти ҳисобот украинларнинг “изтироб ва ғазаби”га сабаб бўлгани учун узр сўради, бироқ ундаги хулосаларни ўзгартирмади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизматига таяниб, Reuters хабар қилмоқда.
“Amnesty International украин ҳарбийларининг жанг қилиш усулларига бағишланган ҳисоботи изтироб ва ғазабларга сабаб бўлганидан чуқур таассуф билдиради”, дейилади хабарномада.
Ташкилот билдиришича, Украина армиясининг улар ҳужжатлаштирган ҳеч бир хатти-ҳаракати “Россия томонидан бўлган қонунбузарликларни оқламайди”.
“Бу Amnesty International Россия қўшинлари томонидан амалга оширилган қонунбузарликлар учун жавобгарликни Украина кучлари зиммасига юклаяпти ёки украин ҳарбийлари мамлакатнинг бошқа қисмларида мақбул эҳтиёт чораларини кўрмаяпти дегани эмас. Биз бир нарсани аниқ англатишни истаймиз: биз ҳужжатлаштирган ҳеч бир ҳолат, Украина ҳарбийларининг ҳе бир хатти-ҳаракати Россия томонидан бўлаётган қонунбузарликларни оқламайди”, дейилади ҳисоботда.
Amnesty International, шунингдек, унинг устувор вазифаси – тинч фуқаролар ҳимоясини таъминлаш эканини, айнан шу нарса уларнинг “ягона мақсади” бўлганини таъкидлаган.
Ташкилот 4 август куни Украина урушига доир ҳисоботини эълон қилган ва унда украин ҳарбийларини Россиянинг кенг кўламли босқинидан ҳимояланиш мақсадида аҳоли турар-жой даҳалари, шунингдек мактаб ва касалхоналарда базалар ва қурол-аслаҳа омборлари ташкил қилишда айблаган эди.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Украина Қуролли Кучларига қарши айбловлар айтилган ҳисобот эълон қилиниши ортидан, бу ҳисоботга норозилик ифодаси ўлароқ истеъфо берган.
Покалчук Киевдаги матбуот анжуманида: "Агар сиз босқинчилар бостириб кирган ва уни парчалаб ташлаётган мамлакатда яшамасангиз, эҳтимол буни тушунмайсиз”, деган эди.
Форум