Зеленский: Запорожье АЭСининг ўққа тутилиши террорчиликдир
Украина президенти Владимир Зеленский Запорожье АЭСи ўққа тутилишини террорчилик деб атади.
"Бугун босқинчилар Европада ҳамма учун яна бир ўта хавфли вазиятни яратдилар. Улар Запорожье АЭСини ўққа тутдилар ва буни бир кунда икки марта амалга оширдилар. Бу бизнинг қитъамиздаги энг йирик атом станцияси ва ҳар қандай отишма очиқдан-очиқ жиноят, террорчилик ҳисобланади. Россия Атом электр станциясига хавф туғдиргани учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак”.
Украина компанияси ўзининг Телеграм-каналида Россия томонидан босиб олинган ҳудуддаги Запорожье атом электр станцияси бир кун ичида иккинчи марта Россия ўққа тутилиши ҳақида хабар берди.
“Энергоатом” маълумотларига кўра, босқинчилар азот-кислород станцияси ва қўшма ёрдамчи бинога жиддий зарар етказган.
“5 август куни кечқурун россиялик террорчилар Запорожье атом электр станциясини яна ўққа тутди. Водороднинг оқиши ва радиоактив пуркаш хавфи мавжуд. Ёнғин хавфи юқори. Ҳозирда қурбонлар йўқ”, — дейилади хабарда.
Россия агентликлари ҳам АЭС ҳужумга тутилгани ҳақида хабар берди, бироқ улар украиналиклар станцияни артиллериядан ўққа тутгани ҳақида ёзишмоқда.
Уруш шароитида томонларнинг баёнотларини тезда текшириш имконсиз.
Украинанинг "Энергоатом" компанияси бир кун аввал ўққа тутилганидан сўнг Европадаги энг йирик атом электр станциясининг учта ишлайдиган энерго блокларидан бири тўхтатилганини эълон қилди.
Россия кучлари Константиновка шаҳрини ҳужумга тутди
Россия кучлари шанба куни Украинанинг Костантинивка шаҳрини хужумга тутди. Турар-жой массивида Россия ҳужуми оқибатида бир киши яраланди, деб хабар берди маҳаллий полиция.
Шарқий Донецк вилоятидаги саноат шаҳарчаси Константиновка Краматорск ва Славянск шаҳарлари яқинида жойлашган.
Шанба куни эрталабки ҳужумлар ўнлаб аҳоли хонадонларини вайрон қилди.
Украинада уруш бошланганидан бери 361 бола ҳалок бўлди - Бош прокуратура
Украина Бош прокуратурасининг 5 август кунги анъанавий ҳисоботида айтилишича, уруш бошланганидан бери Украинада 361 нафар бола ҳалок бўлган, 702 нафардан ортиқ бола жароҳатланган.
Болаларнинг аксарияти Донецк, Харьков, Киев, Чернигов, Луганск, Николаев, Херсон ва Запорожье вилоятларида жабрланган.
Бу маълумотлар якуний эмас, бу фақат исмлари тасдиқланганлар: жанговар ҳаракатлар давом этаётган кўплаб минтақаларда ва босиб олинган ҳудудларда энди ҳисоблаш имконсиз.
2211 дан ортиқ таълим муассасаси бомбардимон ва ўқ отилиши оқибатида зарар кўрган, улардан 230 таси бутунлай вайрон қилинган.
БМТ маълумотларига кўра, Россия тажовузи оқибатида 5237 нафар тинч аҳоли, жумладан.
Bellingcat украиналик маҳбусни қийнаб ўлдирган ҳарбий кимлигини аниқлади
Bellingcat ва The Insider украиналик маҳбуснинг қийноққа тутилиши ва ўлдирилиши акс этган видеони ҳақиқийлигини аниқлади.
Гап 28 июль куни пайдо бўлган украиналик ҳарбий асир кастрация қилиниб, кейин ўлдирилгани видеоси ҳақида бормоқда.
Тадқиқотчилар тармоқларда тарқалган видеодаги шахслар юзини махсус воситалардан фойдаланиб аниқлаган, қотилларнинг ижтимоий тармоқлардаги профиллари ва алоқа маълумотларини ҳам топганлар.
Bellingcat ва The Insider тадқиқотчиларига кўра, қотилнинг исми Очур-Суге Монгуш, у “Ахмат” баталёнида жанг қилган.
Терговчилар унга боғланишган. У даҳшатли видеода бўлганини рад этди, лекин жиноят содир бўлган жойни аниқ номлади.
Шу билан бирга, улар Монгушнинг журналистлар билан суҳбатида айтган гапларининг аксарияти ёлғон, чунки улар топган фотосуратлар ва видеолар мазмунига зид келади, деб ҳисоблашади.
Бу ишни аввалроқ бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам текширган, бироқ уларнинг натижалари хато бўлиб чиқди, деб ёзади The Insider.
Мариуполда юқумли касалликлар даражаси кескин ошди
Россия қўшинлари томонидан босиб олинган шаҳар ташқарисида фаолият юритаётган Украинанинг Мариупол ҳукумати шаҳарда юқумли касалликлар даражаси 5 баробарга ошганини маълум қилди.
Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, Мариуполда ҳар ҳафта 30 га яқин одам касалликлардан вафот этади. Шаҳарда вабо тарқалиши хавфи борлиги айтилмоқда.
Бунга санитария-гигиена шароитининг ёмонлиги, шаҳар учун узоқ давом этган жанглар пайтида шаҳар алоқа тармоғининг, жумладан, канализациянинг бузилиши, шунингдек, қабристонлар ташқарисидаги оммавий қабрлар сабаб бўлган.
Россияпараст расмийлар шаҳар инфратузилмасини тиклаш ва Мариуполда санитария ҳолатини яхшилаш бўйича фаол иш олиб борилаётганини айтмоқда. Россия Федерацияси Табиий ресурслар вазирлиги раҳбари Александр Козлов Мариуполга ахлат ташувчи машиналар ва ахлат контейнерларининг катта партиясини ўтказишни маълум қилди.
Форум