Зеленский "Amnesty International"ни танқид қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан бир кун аввал эълон қилинган Украина ҳарбийлари турар-жойларда қурол жойлаштириш орқали тинч аҳолига хавф туғдираётгани ҳақидаги ҳисоботи жавобгарликни Россиядан Украинага ўтказишга уриниш эканлигини айтди.
“Афсуски, бугун Халқаро Амнистия ташкилоти террорчи давлатни амнистия қилишга ва жавобгарликни тажовузкордан жабрланувчига ўтказишга ҳаракат қилди... Кимки Россияни амнистия қилиб, сунъий равишда шундай ахборот контекстини яратса, террорчиларнинг баъзи ҳужумлари гўёки оқланган бўлади. Лекин бу террорчиларга ёрдам бераётганини тушунмайди."
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, украиналик ҳарбийлар шаҳар ва қишлоқларни мустаҳкамлаб, ҳимоя қилмоқда. "Биз далада рус душманини кутаётганимизда, баъзилар бизга маслаҳат берганидек, руслар бизнинг барча уйларимизни эгаллаб олишади", деди у.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Агнес Каламарнинг айтишича, танқидлар Amnesty Internationalнинг "холислигини заифлаштирмайди" ва "фактларни ўзгартирмайди".
Туркия: Украина буғдойи ортилган яна уч кема йўлга отланди
5 август куни украин дони ортилган учта кема яқинда Украина портларидан жўнаб кетди. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазирлиги ҳамда Reuters агентлиги билан суҳбатлашган гувоҳлар маълум қилишди.
Россия, Украина, Туркия ва БМТ ходимларидан иборат Истанбулда тузилган Қўшма мувофиқлаштириш марказининг маълум қилишича, иккита кема Чорноморскдан, биттаси Одессадан йўлга чиққан.
Уч кема жами 58 минг тоннага яқин маккажўхори ортилган. Кемалар дон экспортини йўлга қўйиш бўйича эришилган келишув доирасида Украинадан йўлга чиқди.
Туркия Мудофаа вазирлиги Twitterда Украинадан Ирландияга 33 минг тонна маккажўхори олиб кетаётган Панама байроғи остидаги Navistar кемаси Одесса портидан жўнаб кетганини маълум қилди.
13 минг тонна маккажўхори ортилган иккинчи кема – Мальта байроғи остидаги Rojen кемаси Чорноморск портидан Буюк Британияга йўл олган.
Туркия байроғи остидаги Polarnet кемаси эса Чорноморскдан Туркиянинг Қора денгиздаги Қорасув портига йўл олган. Учала кемани Қўшма мувофиқлаштириш маркази кузатмоқда.
Украина йирик дон экспортчиси, аммо уруш бошланганидан бери Қора денгиз портлари ёпилгани учун дон экспорти кўлами кескин қисқарди. Натижада глобал миқёсда озиқ-овқат нархлари кўтарилди ҳамда Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида тақчиллик юзага келиши ҳақида хавотир пайдо бўлди.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер: "Россия Бриттнини ноҳақ ушлаб турибди"
4 август куни Оқ уй Россияни гиёҳванд моддалар ташишда айбдор деб топилган баскетбол юлдузи Бриттни Грайнерни озод қилиш бўйича Вашингтон ўртага ташлаган таклифни қабул қилишга чорлади.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер ва миллий хавфсизлик вакили Жон Кирбининг сўзларига кўра, Россияга наша қўшилган вейп картриджларини олиб кирганликда айбдор деб топилган Грайнер умуман маҳкамага тортилмаслиги керак бўлган.
«Россия Бриттнини ноҳақ ушлаб турибди. У маҳкамага тортилмаслиги керак эди ўзи. Барчангизга маълум бўлганидек, уни ва Пол Уиланни уйга олиб келиш учун жиддий таклиф билан чиқдик. Россияни бу таклифни қабул қилишга чақирамиз», - деди Жан-Пер.
Кирби эса:
«Биламан, ҳамма бу таклиф нима экани ҳақида турли тахминларни қилмоқда. Бу ҳақда батафсил гапирмайман, лекин бу жиддий таклиф. Уларни [таклифимизни] қабул қилишга чақирамиз. Ушбу таклифни бир неча ҳафта олдин таклиф қилганимиздаёқ қабул қилишлари керак эди», - деди.
Икки карра Олимпиада олтин медали совриндори ҳамда АҚШ Аёллар Миллий баскетбол ассоциацияси (WNBA) юлдузи Грайнер февраль ойи ўрталарида Россияда ўйнаш учун борганидан кейин ҳибсга олинган эди.
24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Бриттни АҚШ ва Россия ўртасидаги геосиёсий можаро қурбонига айланди.
Пайшанба куни Россия суди америкалик баскетбол юлдузи Бриттни Грайнерни гиёҳванд модда олиб юрганликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Грайнер вейп картриджларида наша мойи бўлганини тан олган, лекин уларни беихтиёр ўзи билан Россияга олиб бориб, хато қилганини айтган. Россия суди спортчини 1 миллион рубль жаримага ҳам тортди.
5 август куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Вашингтон билан мавжуд дипломатик канал орқали маҳбус алмашиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди.
«Россия ва АҚШда судланган шахслар масаласига келсак, аллақачон президентлар томонидан келишилган махсус канал борлигини айтганман. Омма олдида нима дейилаётганидан қатъи назар, бу канал ҳамон бор. Биз бунга тайёрмиз. Бу мавзуни муҳокама қилишга тайёрмиз, лекин президентлар Путин ва Байден томонидан келишилган канал доирасида», - деди Лавров.
31 ёшга тўлган Грайнерга ҳукм чиқарилгани Вашингтон ва Москва маҳбус алмашишига йўл очади.
Украина Россияни кучларни қайта тақсимлашга мажбур қилмоқда
Америка урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, Украина қўшинлари стратегик ташаббусни қўлга олди ва Россияни кучларни қайта тақсимлашга мажбур қилмоқда.
Масалан, қарши ҳужум таҳдидига жавобан рус қўшинлари Славянск ва Северскка жўнатиш ўрнига Херсон ва ғарбий Запороже вилоятларига кўпроқ шахсий таркиб ва техникани жойлаштирмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу биринчи марта Украина томонига урушнинг боришини фаол шакллантиришга киришиш имконини бермоқда.
5 августга ўтар кечаси рус қўшинлари Харковни яна ўққа тутди, деди Харьков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Натижада уч киши жароҳатланган. Шунингдек, рус қўшинлари Запороже яқинида ракета зарбасини беришди, деб ёзди Запороже вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Форум