Украинанинг шарқи ва жанубида кечаю кундуз отишма
Украинанинг шарқий ва жанубий вилоятларидаги бир қатор шаҳар ва аҳоли пунктлари сўнгги соатларда яна Россия қўшинлари томонидан шиддатли ўққа тутилди.
Харковда камида уч нафар тинч фуқаро яраланиб, касалхонага ётқизилди, деди вилоят маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Мана, Днепропетровск вилоятининг иккита тумани - Кривой Рог ва Никополни ўққа тутиш натижалари. Никопол туманига камида 40 та ракета учирилди, деди Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко:
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Суми ва Запороже вилоятларининг айрим ҳудудлари кечқурун ва тунда ракета ҳужумларига учраган. Охирги ҳафталарда ҳар куни ўққа тутилган Николаевда кеча тунда бир нечта портлашлар қайд этилди.
4 август куни Донецк вилоятининг Торетск шаҳрида автобус бекатига ракета тушиши оқибатида 8 нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлди.
Россия бомбардимони оқибатида Торецк шаҳрида 8 киши ҳалок бўлди
Россия армияси 4 август куни Донецк вилоятидаги Торецк шаҳрини бомбардимон қилгани оқибатида тинч аҳолидан 8 киши ҳалок бўлди ва 4 киши яраланди. Бу ҳақда Донецк вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко маълум қилди. Унга кўра, яраланганлардан уч нафари бола.
“Дастлабки маълумотларга қараганда замбараклардан отишган. Бир снаряд одамлар тўпланиб турган жамоат транспорти бекатига тушган”,-деди Кириленко.
Бундан ташқари Россия бомбардимони оқибатида черковга, бир нечта кўп қаватли уйга зарар етган ва черков руҳонийси яраланган.
Украина прокуратураси кўп қаватли уйга танкдан бомба отган рус танкчисига 10, 5 йиллик қамоқ сўрамоқда
Украина прокуратураси 31 ёшли рус танкчиси Михаил Куликовга 10, йиллик қамоқ жазоси белгиланишини талаб қилмоқда. Куликов 26 февраль куни Чернигов шаҳрида кўп қаватли уйлардан бирига танк командири бўйруғи билан бомба отганликда айбланмоқда.
Тергов материалларида қайд этилишича, Куликов отган 125 миллиметр калибрдаги снаряд тўққизинчи ва ўнинчи қаватлардаги иккита квартирани вайрон қилган. Бахтли тасодиф туфайли уй яшовчиларидан ҳеч ким жабрланмаган.
Куликов уруш қонунлари ва анъаналарини бузганликда айбланаётир. Унга нисбатан Черниговнинг Деснян туман суди 8 августда ҳукм ўқиши кутилмоқда. У судда айбдор эканини тан олди.
Зеленский Хитойни урушга қарши туришга чақирди
Украина президенти Владимир Зеленский Хитой ҳам Россиянинг Украинадаги урушига қарши туришини исташини билдирди:
"Бугундан бошлаб мен Хитой ҳам Россиянинг Украинага нисбатан зулми бўйича халқаро ҳамжамият позициясига қўшилишини истардим. Мен шундай бўлишини хоҳлайман, лекин ҳозирча бундай бўлгани йўқ. Хитой четда нейтрал турибди. Тўғрисини айтганда, Хитой Россияга қўшилганидан кўра, бетараф тургани анча яхши. Мен Хитойда халқ ва жамият ақлли танлов қилишига ишонаман. Хитой Россияни қўллаб-қувватламаслиги биз учун муҳим".
Май ойида Мариуполдаги Азовстал пўлат заводида қамалда қолган украиналик жангчиларнинг қариндошлари Хитой раҳбари Си Цзинпинга мурожаат қилиб, жангчилар таслим бўлишидан олдин яраланган аскарларни қутқаришда ёрдам сўрашган эди.
Июнь ойида G7 етакчилари Хитойни Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш учун ўз таъсир кучидан фойдаланишга чақирган.
Ҳозирча Хитой бу каби чақириқларга бирор муносабат билдирмади.
Форум