АҚШ: Россия Еленовкадаги ҳужумга оид далилларни яширмоқда
АҚШ расмийларига кўра, Россия ўтган ҳафта Украина шарқидаги қамоқхонага уюштирилган ҳужумга оид далилларни яшириш устида ишламоқда.
АҚШ разведкаси Россия 29 июль куни Еленовка қамоқхонасига уюштирилган ва 53 кишининг ўлимига ва яна ўнлаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳужум учун Украинани айбдор қилиб кўрсатиш учун ёлғон далиллар тайёрлаётганини аниқлаган.
Бу ҳақда Associated Press агентлигига разведка маълумотлари билан таниш бўлган расмий маълум қилган.
Россия Украина ҳарбийлари Донецк халқ республикаси назорати остида бўлган Еленовкадаги қамоқхонага зарба бериш учун АҚШ тақдим этган HIMARS ракета тизимларидан фойдаланганини даъво қилди.
Украина ҳарбийлари Еленовкага зарба берганини рад этди. Украина Бош разведка бошқармаси Еленовка қамоқхонасидаги портлашда «Вагнер» хусусий ҳарбий гуруҳ жангариларини айблади. Бошқарманинг билдиришича, “вагнер”чилар қамоқхонанинг украин ҳарбийлари сақланаётган биносини миналаштирган ва “тергов пайтидаги ваҳшийликларини яшириш мақсадида” портлатиб юборган.
Украина Бош разведка бошқармаси баёнотида айтилишича, Россия асирлар билан алмашиш ниятида бўлмаган ва украин ҳарбий асирларига нисбатан қўлланилган қийноқ изларини йўқотиш учун қамоқхонани махсус режалаштирилган ҳолда портлатган. Чунки украин ҳарбийлари тирик қолган тақдирда, уларнинг кўрсатмалари Ҳаага халқаро суди учун далил-исбот базаси сифатида хизмат қилиши мумкин эди.
Уруш шароитида Озодлик томонларнинг ўзаро айбловларини тезкор ва мустақил текшириш имкониятига эга эмас.
Россия Харьков ва Николаевни бомбардимон қилишда давом этмоқда
Россия Харьков ва Николаевга ракета отишда давом этмоқда. Харьков мэри Игорь Тереховнинг айтишича, ракеталардан бири Немишлян туманидаги маъмурий бинога тушган. Ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Николаевда эса иккита аҳоли яшовчи массив бомбардимон қилинган. “Ҳозирча уйлар вайрон бўлгани ва ёнғин юз бергани тўғрисидагина дастлабки хабарлар бор”,-деди 4 август куни шаҳар мэри Александр Сенкевич.
Amnesty International халқаро ташкилоти украин ҳарбийларини фуқаровий инфраструктуралардан фойдаланмасликка чақирди. Ташкилот баёнотида таъкидланишича, Украина ҳарбийлари ўз базаларини ва қуролларини аҳоли яшовчи мавзеларга, жумладан, мактаб ва касалхоналарга жойлаштириш орқали тинч аҳолини жиддий таҳдид остига қўймоқда. Россия Украин ҳарбийлари турган аҳоли яшовчи массивларни бамбардимон қилмоқда ва бунинг оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда.
Запорож АЭСида “ядровий хавфсизликнинг барча принциплари” бузилган
Россия томонидан босиб олинган Запорож АЭСида ядровий хавфсизликнинг барча принциплари бузилган, АЭС ташкилот назоратидан бутунлай чиқиб кетган, деб билдирди Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси Associated Press агентлигига берган интервьюсида.
Унга кўра, Россия босқини оқибатида АЭСга ускуналар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш тўхтаб қолган. Шунинг учун агентлик Запорож АЭСида хавфсизликни таъминлаш учун барча имкониятлар мавжуд эканига шубҳа билан қарамоқда.
Халқаро атом энергияси агентлиги ядровий материал ишончли тарзда ҳимоя қилинганини кафолатлаш учун Запорож АЭСига агентлик экспертларини киритишни талаб қилмоқда.
Россия армияси Энергодар шаҳридаги Запорож АЭСини март ойи бошларида эгаллаган эди.21 июль куни Россия ҳарбийлари АЭС энергоболокига ҳарий техника ва қуролларини жойлаштиргани хабар қилинган.
Украина Еленовка қамоқхонасидаги портлашда «Вагнер» жангариларини айблади
Украина Бош разведка бошқармаси Еленовка қамоқхонасидаги портлашда «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкат жангариларини айблади. Бошқарманинг билдиришича, “вагнер”чилар қамоқхонанинг украин ҳарбийлари сақланаётган биносини миналаштирган ва “тергов пайтидаги ваҳшийликларини яшириш мақсадида” портлатиб юборган.
Украина Бош разведка бошқармаси баёнотида айтилишича, Россия асирлар билан алмашиш ниятида бўлмаган ва украин ҳарбий асирларига нисбатан қўлланилган қийноқ изларини йўқотиш учун қамоқхонани махсус режалаштирилган ҳолда портлатган. Чунки украин ҳарбийлари тирик қолган тақдирда, уларнинг кўрсатмалари Ҳаага халқаро суди учун далил-исбот базаси сифатида хизмат қилиши мумкин эди.
Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин эса Еленовка қамоқхонасига Украина HIMARS тизими воситасида зарба берганини айтди. Уруш шароитида Озодлик радиоси томонларнинг ўзаро айбловларини тезкор ва мустақил текшириш имкониятига эга эмас.
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, 53 нафар украин ҳарбий асирлари ўлимига олиб келган Еленовка қамоқхонасига йўлланган зарба учун жавобгарлик Россия қўшинлари зиммасига тушади. АҚШнинг исми сир қолишини истаган икки мулозими ушбу колонияга Украина Қуролли кучлари HIMARS воситасида зарба берганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-исбот йўқлигини айтган.
Форум