Украина уруш чизиғидаги сўнгги холат
Украина кучлари Змеиний оролидаги Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва таъминот кемаларига учувчисиз учоқлар ёрдамида нишонга олган.
Британия разведкасига кўра, Россия у ерда жойлашган ҳимояланмаган гарнизонини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда украин кучлари Харковнинг айрим қишлоқларидан рус кучларини сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган.
Украина Мудофаа вазирлигига кўра, Луганск вилоятида Россия кучлари Рубежне шаҳрини тўлиқ назорат қилиб, Северодонецк ва Лиманга силжишга уринмоқда. Ҳужумлар жанубдаги Бахмут, Авдеевка йўналишида ҳам давом этмоқда.
АҚШ Конгресси Украинага 40 миллиард доллар ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси кўпчилик овоз билан 10 май куни Украинага 40 миллиард доллар миқдорида ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади.
Бу президент Жо Байден таклиф қилган рақамдан 7 миллиард долларга кўпдир. АҚШ Россия Украинага бостириб кирганидан бери Киевга иккнчи марта катта миқдорда ёрдам ажратмоқда. Бундан аввал март ойида Вашингтон Украинага 13,6 миллиард доллар кўмак кўрсатган эди.
«Азовсталь» ҳудудида Россияга қаршилик кўрсатаётган пайтда ярадор бўлган украин жангчилари суратлари эълон қилинди
“Азов – Мариупол” телеграм канали ярадор бўлган украин аскарлари суратларини эълон қилди. Киев расмийлари “Азовсталь” заводида ҳозирда камида минг нафар украин аскари қолаётганини билдирди.
Аввалроқ мамлакат президенти Владимир Зеленский 10 май куни Мальта парламентига мурожаатида Россияни Мариуполдаги “Азовсталь” металлургия комбинати ҳудудидан украин жангчиларини олиб чиқишга доир ҳар қандай таклифларни рад этаётганликда айблади.
Зеленский Украинада Мариуполни қамалдан озод этиш учун зарур миқдордаги қурол-аслаҳа ҳозирча мавжуд эмаслигини урғулади, деб ёзган “Немис тўлқини”.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Россия ўрнини Чехия эгаллади
БМТ Бош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари кенгашига Россия ўрнига Чехияни киритиш қарорини маъқуллади.
Мазкур қарорни аъзо давлатлардан 157 таси ёқлаган, 23 таси овоз беришдан тийилган. Қарор қабул қилиниши учун 97 та овоз кифоя эди.
Жорий йилнинг 7 апрель куни Бош ассамблея махсус сессиясида Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатишга оид резолюция юзасидан овоз берилган. Украинадаги вазиятга бағишланган мазкур мажлисда Москва қўшни давлатга қуролли босқин уюштириш билан инсон ҳуқуқларини жиддий ва доимий равишда бузиб келаётгани урғуланган. Ўшанда Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузьмин Россия кенгашдан овоз беришдан олдинроқ чиқиб кетгани ҳақида билдирган.
Чехия 47 аъзодан иборат кенгашда Россиядан бўшаб қолган ўринга ягона номзод бўлган. Мазкур орган ҳудудий вакиллик тамойилига кўра шакллантирилади.