Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 19:57

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Москвада пикетга чиққан “Мемориал” раҳбари қўлга олинди

Москванинг Қизил майдонида яқинда Россия расмийлари қарори билан тугатилган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Олег Орлов тутиб кетилди.

У майдонга “Ҳақиқатни билишни истамаслигимиз ва индамай турганимиз бизни содир этилаётган жиноятлар шеригига айлантириб қўяди” деб ёзилган плакат билан чиққан эди. Ҳуқуқбон полициячилар томонидан “Китай-город” ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

“Мемориал” вакиллари қайдича, бу ҳуқуқбоннинг сўнгги пайтларда тўртинчи бор қўлга олинишидир. Уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ишига адвокат Михаил Бирюков кўмаклашмоқда.

“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази ўтган йил охирида Москва суди қарори билан ёпилган.

Австрия канцлери Путин билан учрашиш учун Москвага боради

Австрия канцлери Карл Нехаммер 11 апрель куни Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. У Россиянинг Украинага ҳужуми бошланган 24 февралдан буён Москвага келаётган европалик лидерларнинг биринчисидир. Канцлер ташрифини Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлаган.

Нехаммер журналистларга Путин билан Россиянинг Украина билан мулоқоти имкониятлари ҳамда Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида сўзлашмоқчи эканини билдирган.

Шанба куни Нехаммер Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказган. У мазкур ташриф чоғида Россия хуружини қоралаб, Украинага сиёсий ва гуманитар дастак ваъда қилган.

Австрия НАТОга кирмаган нейтрал мамлакат бўлиб ҳисобланади, у Украинага қурол-аслаҳа етказиб бераётгани йўқ.

Маълумотларга кўра, канцлер Нехаммернинг Москвага ташрифи Европа Иттифоқи лидерлари билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Харьков вилоятида Россия ҳарбий карвони тасвирлари очиқланди

Maxar Technologies ширкати 10 апрель куни Украинанинг Харьков вилояти бўйлаб ҳаракатланаётган Россия ҳарбий техникасининг 12 чақиримли карвони акс этган сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилди.

Тасвирларда ҳарбий машиналар Харьковдан шарқ томонда жойлашган Большой Бурлук қишлоғи орқали жанубга йўналганини кўриш мумкин.

Ҳарбий техника катта эҳтимол билан Изюм шаҳрига йўл олган: Ғарб разведкасига кўра, Россия бу ерда Украина Қуролли кучларининг Донбасс гуруҳини қуршовга олиш мақсадида куч тўпламоқда. Яна бир ҳужум жануб томондан амалга оширилиши кутиляпти.

Рамзан Қодиров бутун Украинани босиб олиш билан таҳдид қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 11 апрелга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда эълон қилган видоесида, Россия Украина бўйлаб кенг кўламли “ҳарбий амалиёт ўтказиш”га тайёргарлик кўраётганини айтди.

Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, Қодиров “Рус қўшини нафақат Мариуполда, балки бошқа шаҳарларда ҳам” ҳужумга тайёргарлик кўраётганини таъкидлаган.

“Биз Киевни ва шундан кейин бошқа барча шаҳарларни тортиб оламиз”,-деб ёзган Қодиров.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG