Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2025, Тошкент вақти: 09:54

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Одесса яна бомбардимон қилинди, "Азовсталь" ҳимоячилари қаршиликни давом эттирмоқда

Мариуполдаги "Азовстал" заводи.
Мариуполдаги "Азовстал" заводи.

Россия ҳарбийлари Одесса шаҳрини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Шаҳар кенгашининг билдиришича, Россия 9 май куни отган бомба савдо марказига келиб тушган. Портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, беш киши яраланди.

Бундан ташқари Москва Мариуполдаги “Азовсталь” заводини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Мазкур завод ҳудудида 2000 украин жангчиси қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

10 май куни шаҳар мэри ёрдамчиси “Азовсталь”дан тинч аҳолининг асосий қисми эвакуация қилинганини, бироқ ҳозирда яна юз нафар тинч аҳоли завод ҳудудида қолаётганини билдирди. Шунга қарамай Россия ҳарбийлари “Азовсталь”ни бомбардимон қилишдан тўхтамаётир.

Украинанинг Изюм шаҳридаги кўп қаватли уй вайронаси остидан 44 кишининг жасади топилди

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубов 5 қаватли уй вайронаси остидан 44 кишининг жасади топилгани тўғрисида билдирди. Унга кўра, уй март ойининг бошларида Россия ҳарбийлари бомбардимони ортидан вайрон этилганди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси тинч аҳоли вакилидир.

Синегубов берган маълумотни уруш шароитида мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас. Изюм шаҳри март ойининг ўрталарида Россия томонидан босиб олинган эди.

БМТ Украинадаги урушдан камида 7 минг тинч фуқаро жабрланганини билдирди

БМТ Россия февраль охирида Украинага бостириб кирганидан бери тинч аҳолидан камида 7 минг киши жабрланганини билдирди.

БМТнинг 9 майда тарқатган навбатдаги ҳисоботида қайд этилишича, шу кунгача тинч аҳолидан 3381 кишининг, жумладан, 235 боланинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бундан ташқари 3680 киши яраланди.

БМТ ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бундан бир неча баробар кўпроқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Аммо уруш шароитида ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳоли тўғрисида олинган барча маълумотларни тасдиқлаш имконияти чекланган.

Байден Украинага ленд-лиз асосида қурол-аслаҳа етказиб беришга оид қонунни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден Украинага “жанговар ҳаракатлар тугагунга қадар” ленд-лиз асосида қурол-аслаҳа етказиб бериш тўғрисидаги қонунга имзо чекди, дея маълум қилди Оқ уй матбуот хизмати.

“2022 йилда Украинада демократия ҳимояси учун ленд-лиз тўғрисида” деб аталувчи мазкур ҳужжат қурол-аслаҳа, ҳарбий ёрдам ва бошқа ресурслар етказишни тезлаштириш имконини беради. У Конгрессга жорий йилнинг январида, яъни Россия босқини бошланишидан олдин киритилган.

Қонун лойиҳасига кўра, АҚШ президенти “ҳукуматга Россия босқинидан жабр кўрган Украина ва бошқа Шарқий Европа мамлакатларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва фуқаровий аҳолини потенциал ҳужумдан ёки Россиянинг давомли агрессиясидан ҳимоя қилиш мақсадида ушбу мамлакатларга қарзга ёки ижарага мудофаа воситаларини тақдим этиш ваколатини бериши мумкин”.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG