Петербургда урушга қарши пикет ўтказмоқчи бўлган 77 ёшли рассом аёл ҳужумга учради
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 9 май куни 77 ёшли рассом Елена Осиповага ҳужум уюштирилди. Рассом аёл ҳақида фильм олаётган видеотасвирчи Никита Адишчевга кўра, ҳужумчилар Осипованинг уйдан чиқишини кутиб туришган, у уйдан чиқиши билан аёлнинг қўлидан плакатларни тортиб олиб, қочиб кетишган.
Рассом аёл шу куни “Ўлмас полк” юриши чоғида Нева шоҳкўчаси ёнида иккита плакат билан бир кишилик пикет ўтказмоқчи эди.
Елена Осипова Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан бери урушга қарши акцияларга чиқиб келади.
АҚШ қуролсозлари танкка қарши ракеталар ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқчи
Lockheed Martin ширкати раҳбари Жеймс Мартин CBS телеканалига берган интервьюсида Javelin танкка қарши ракета комплексларида (ТҚРК) қўлланадиган ракеталарга талаб ошгани сабабли ишлаб чиқариш қарийб икки бараварга – йилига 2100 тадан 4 минг донага кўпайтирилишини маълум қилди.
Ғарб мамлакатлари Украинага етказиб бераётган Javelin ТҚРК босқинчи армия танклари ва бошқа ҳарбий техникаларига қарши курашда энг самарали қуроллардан бири эканини кўрсатди.
Javelin Украинада шу қадар шуҳрат қозондики, айрим украинлар бу ракета номини фарзандларига исм қилиб қўя бошлагани кузатилмоқда.
Украинада рус қўшинлари ҳужуми давом этмоқда
9 май куни ҳам рус қўшинлари Луганскни ўққа тутди. Луганск вилояти муваққат ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай, Россия ҳарбийлари вилоятнинг украин ҳукумати назоратидаги ғарбий ҳудудларидан тинч аҳолини эвакуация қилишда фойдаланилаётган Лисичанск – Бахмут трассасини қаттиқ ўққа тутаётгани боис, эвакуация бўлмаслигини маълум қилди.
Белогоровка ҳамда Шепилово қишлоқларига ҳам артиллериядан шиддатли зарбалар берилмоқда.
Айни пайтда Россия кучлари ва россияпараст айирмачилар Мариуполдаги Азовстал пўлат заводини яна ўққа тутди.
Шанба куни оқшом Россиянинг Украина шарқидаги мактаб биносига уюштирган ҳужумида камида 60 киши ўлгани хабар қилинган.
Тошкент ҳокими президент ёнида "шараф лентаси"ни тақиб кўриниш берди
Ўзбекистонда 9-май - Хотира ва қадрлаш куни. 1999 йилда Марҳум президент Ислом Каримов қарори билан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни - Хотира ва қадрлаш куни, деб ўзгартирилган.
Аммо, Шавкат Мирзиёев президентликка келгач совет давридаги Ғалаба байрамининг баъзи рамзлари Ўзбекистонга қайтди. Пандемия авжида пойтахтда совет рамзлари билан безалган Ғалаба боғи очилди.
Россиянинг Украинага тажовузи сабаб айрим собиқ совет давлатларида Ғалаба куни тадбирлари, хусусан "Ўлмас полк" юриши тақиқланаркан, ўзбек ҳукумати бу тадбирга рухсат бердими-тақиқладими, англашилмайди. Ҳукумат идоралари бу юришга рухсат берилмаганини айтади, аммо Тошкентда совет рамзлари кўтарилган юриш ёки бошқа тадбирлар ҳар йили ўтказилади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда "Георгий лентаси"ни тақмаган бўлсада, бу йил президент матбуот хизмати эълон қилинган расмий видеода, президентга ҳамроҳлик қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Шараф лентаси” номи берилган Ўзбекистон байроғи рангидаги лентани тақиб кўриниш берди.
Кремл наздида, фашизм устидан қозонилган ғалаба рамзи бўлган "Георгий лентаси" - аксарият ўзбек зиёлилари ва жамоатчилик фаоллари томонидан, рус босқини рамзи ўлароқ кескин қораланади.