Россия ҳарбийлари Мариупол яқинида ҳибсга олинган украинлар иштирокида 9 май куни “асирлар паради”ни ўтказиши мумкин
Мариупол шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Петр Андрюшченко Россия Безименное қишлоғидаги “фильтрацион лагерда” сақланаётган украиналиклар иштирокида “асирлар паради” ўтказишни режалаштираётгани тўғрисида маълумот борлигини билдирди.
“Безименное қишлоғидаги фильтрацион лагерда сақланаётган украиналикларга Россия ҳарбийлари “9 май куни сизларга ҳарбий форма кийдиришимиз ва Мариуполга олиб боришимиз эҳтимоли мавжуд. Мариуполда сизлар “асирлар паради”да иштирок этасизлар”, деб айтишган. Бу маълумот мазкур жараён ичида бўлган манбалардан олинди ва унга биз тўлиқ ишонамиз”,-деди Петр Андрюшченко.
Бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқала бошланганидан сўнг Россия томони Мариуполда ҳеч қандай парад ўтказишни режалаштирмаётгани тўғрисида билдирди.
Петр Андрюшченконинг айтишича, Мариуполда Россия “Ўлмас полк” тадбирини ўтказишга ҳозирланмоқда ва шу мақсадда шаҳар аҳолисига Георгий ленталари тарқатилмоқда.
“Мазкур лента Украинада замонавий нацизмнинг рамзи ўлароқ тақиқланган”,-деди ҳоким маслаҳатчиси.
Путин Украина уруши чоғида чиқарган фармонларининг ярмидан кўпини махфийлаштирди
Украина уруши бошидан бери Владимир Путиннинг махфийлаштирилгани фармонлари сони сўнгги 20 йил ичида у томонидан имзоланган ҳужжатларга нисбатан рекорд даражага етган.
Бунга ҳуқуқий ҳужжатлар портали ва ҳужжатларнинг тартиб рақамларини ўрганган “Медиазона” нашри эътибор қаратган. Ўрганишлар март ойида Путин имзолаган фармонларнинг 54 фоизи, апрель ойида эса 49 фоизи махфийлаштирилганини кўрсатган. Бундан кўп кўрсаткич фақат 2002 йил декабрида қайд этилган. “Медиазона”нинг ёзишича, ўшанда иккинчи чечен уруши кетаётган, мамлакат ичида эса кўплаб террор хуружлари содир бўлаётган пайт эди.
Нашр қайдича, махфий фармонлар билан, хусусан, вафот этган ҳарбийлар мукофотланади. Турли шаҳар ва посёлка маъмуриятларининг Украина ҳудудида ўлган россиялик ҳарбийларга оид маълумотларини ўрганиб чиққан “Медиазона” бунақа мукофотлардан камида 600 та топширилганини хабар қилган.
Турли маълумотларга кўра, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён у ерда 10 минг нафардан 25 минг нафаргача россиялик ҳарбий ўлган бўлиши мумкин. Россия Мудофаа вазирлиги Украинада вафот этганлар сони ҳақида сўнгги бор 25 март куни маълумот тарқатган – ўшанда вазирлик қурбонлар сони 1 минг 351 нафарга етганини билдирган.
БМТ бош котиби: Мариуполдан 500 чоғли киши эвакуация қилинди
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш “Азовстал” заводи ҳудуди, Мариуполь ва шаҳар атрофидаги ҳудудлардан 500 га яқин одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлинганини билдирди.
“Умид қиламанки, Москва ва Киев билан мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилаётган ишнинг давом эттирилиши фуқаровий шахсларнинг хавфсиз ўтиб олишини таъминлаш учун гуманитар танаффуслар сони ошишига олиб келади”, деган Гутерриш “Азовстал” заводи ҳудудидан эвакуация қилинган кишилар сонига аниқлик киритган эмас.
Бир неча кун аввал заводдаги пана жойларда мингга яқин одам бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. БМТ ва Қизил хоч ташкилоти аралашувидан кейин завод ҳудудидан бир неча ўн киши эвакуация қилингани айтилган.
Россия қўшинлари 3 майдан бошлаб “Азовстал” заводини интенсив равишда штурм қила бошлашган.
Россия: Нижневартовскдаги военкоматга “Молотов коктейли” улоқтирилди
Россиянинг Нижневартовск шаҳридаги маҳаллий ҳарбий комиссариатига икки номаълум шахс томонидан “Молотов коктейли” улоқтирилган.
Baza нашри ёйинлаган ва военкоматни ёқиб юбормоқчи бўлганлар томонидан тасвирга олинган кадрларда бинога ичида ёнилғи бўлган еттита шиша отилгани, бир неча дераза сингани ва ёнғин бошлангани акс этган. Кейинроқ ёнғин воқеа жойига етиб келган ФВВ ходимлари томонидан ўчирилган.
Маълумотларга кўра, Тинчлик (Мир) кўчасида жойлашган военкоматга ҳужум 4 май кечаси содир бўлган. Бинога ўт қўймоқчи бўлганларнинг қўлга олинган-олинмагани маълум эмас.
Россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён Россиянинг турли ҳудудларида бир неча военкоматга шу каби ҳужумлар уюштирилган. Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Алексей Арестович иддаосича, ҳужумлар урушга ҳамда муҳтамал ҳарбий сафарбарликка қарши бўлган россиялик фуқаролар томонидан амалга оширилган. Бу маълумот россиялик мулозимлар томонидан расман тасдиқланган эмас.