Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2025, Тошкент вақти: 23:44

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Bloomberg: ЕИ Алина Кабаевага қарши санкция жорий қилиши мумкин

Алина Кабаева
Алина Кабаева

Bloomberg агентлиги манбалари Европа Иттифоқи собиқ гимнастикачи Алина Кабаевага қарши санкциялар жорий қилиш имкониятини кўриб чиқаётганини иддао қилишмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Путиннинг Кабаевадан фарзандлари бор.

Апрель ойида The Wall Street Journal нашри ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда АҚШда Кабаевага қарши санкциялар жорий қилиш масаласини кўриб чиқилгани, бироқ Путинни ғазаб отига миндирмаслик учун “сўнгги дақиқада” бу фикрдан воз кечилгани ҳақида ёзган эди.

Украинанинг Россия томонидан ишғол қилинган ҳудудларида йўл белгилари алмаштирилмоқда

Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “Донецк халқ республикаси” транспорт вазирлиги Мариуполда йўл белгилари алмаштирилаётганига оид фотосуратларни эълон қилди.

Суратда украин ва инглиз тилларидаги аввалги ёзувлар рус тилидаги ёзув билан алмаштирилганини кўриш мумкин.

Шунингдек, ҳозирда Россия армияси назорати остида бўлган бошқа аҳоли пунктларида ҳам йўл белгилари ўзгартирилган.

Япония Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киргани манзарасида Япония бу мамлакатга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Бу гал Токио санкция рўйхатига Россия ҳарбий-саноат комплексига алоқадор бўлган 140 жисмоний ва юридик шахсни киритди. Шунингдек, Россиянинг айрим банкларига қарши чеклов жорий қилинган.

Бундан ташқари, Япония Россияга квант компьютерларини етказиб беришни тақиқлаган.

Аввалроқ Япония Украина уруши туфайли Россияга қарши бир неча санкциялар пакетини қабул қилган. Ўшанда 500 дан зиёд россияликка қарши якка тартибдаги санкциялар жорий этилган. Улар орасида мамлакат раҳбариятидаги шахслар, амалдор ва тадбиркорлар бор.

NYT: АҚШ разведкаси Украинага рус генералларини йўқ қилишда ёрдам беряпти

Генерал Фроловнинг қабри.
Генерал Фроловнинг қабри.

АҚШ разведкасининг Россия армияси қўмондонлик пунктлари ҳаракатига доир маълумотлари Украинага бу нуқталарга зарба бериб, рус генералларини йўқ қилишда қўл келмоқда, деб ёзди The New York Times АҚШ ҳукуматидаги аноним манбаларига таяниб.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Украина АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб, олий рутбали рус зобитларининг жойини аниқламоқда ва ўша нуқталарга зарба бермоқда.

Айни пайтда манбалар 30 апрель куни Украина Изюмдаги Россия қўшинлари штабига зарба йўллашда АҚШ разведкаси маълумотларига таянмаганини таъкидлашган. Ушбу воқеадан бир оз аввал Изюмга Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов келгани тўғрисида хабарлар бор. Украина томони зарбалар натижасида чамаси 30 чоғли юқори унвонли рус зобити ҳалок бўлганини, генерал Герасимов жароҳат олганини билдирган.

Россия Изюмдаги штабга берилган зарбалар ва Герасимовнинг сафари хусусида маълумот бергани йўқ.

Украина уруш бошланганидан бери 12 нафар рус генерали йўқ қилинганини билдирган. Россия эса улардан фақат иккитаси – генерал-майор Андрей Суховецкойнинг ҳамда генерал-майор Владимир Фроловнинг ўлимини тасдиқлаган холос.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG