Копенгаген: "Зулматдаги ёруғлик" акцияси
4 май чоршанба куни кечқурун Копенгаген марказий майдонида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мурожаатни тинглаш учун чироқ тутган юзлаб одамлар йиғилди.
"Зулматдаги ёруғлик" номли тадбир Украина халқи билан бирдамликни кўрсатиш мақсадида "Politiken" ва "Jyllands-posten" газеталари томонидан ташкил этилди.
Зеленскийни эълон қилишдан олдин бош вазир Матте Фредериксен "Уруш Европага қайтди. Бу шафқатсиз, ғайриинсоний ва даҳшатли уруш. Европадаги уруш! бизнинг авлод яна бир бор уруш билан тўқнаш келишини бир тасаввур қилинг", - дея тадбирни очиб берди.
Зеленский йиғилганларга қўллаб-қувватлагани учун Данияга миннатдорлик билдирди.
Тадбир Копенгагендаги City Hall майдонида ва бир вақтда Даниянинг иккинчи шаҳри Орхусда бўлиб ўтди.
Bloomberg: Евроиттифоқ россияликларга кўчмас мулк сотишни тақиқламоқчи
Европа иттифоқи олтинчи санкциялар туркуми доирасида Россия фуқаролари, резидентлари ва ташкилотлари билан кўчмас мулк олди-сотдисини тақиқлайди, дея хабар қилди Bloomberg.
Бу Еврокомиссия таклифи бўлиб, ЕИ мамлакатлари ҳудудидаги кўчмас мулкларга эгалик ҳуқуқини ёки жамоавий инвестиция фондларидаги улушни сотиш ёки беришни ман этишни назарда тутади.
Мазкур тақиқ Евроиттифоққа аъзо бирон мамлакат ёки Швейцария фуқаролигига ёки яшаш рухсатномасига эга россияликларга нисбатан татбиқ этилмаслиги айтилмоқда.
Нью Йоркдаги "қўрқмас қиз" ҳайкали Украина байроғига ўралди
4 май куни Нью-Йорк фонд биржаси қаршисида кичик бир гуруҳ намойишчилар тўпланиб, Америка компанияларини Россияни тарк этишга чақиришди.
Намойишчилар Украина байроғининг кўк ва сариқ рангли стикерларини ёпиштириб олган ва “Путин урушини молиялашни тўхтатинг. Бугун рус бизнесини бойкот қилинг” ва “Болаларни асранг” деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди.
Намойишчилар Нью-Йорк фонд биржасига қараган “қўрқмас қиз” ҳайкали устига Украина байроғини ўраб, унинг кўкрагига Украина байроғининг кичик стикерини ёпиштиришганди.
.
Краматорскка зарбалар: камида 25 киши жабрланди
Тунги авиа ва ракета зарбалари натижасида Краматорскда камида 25 нафар тинч аҳоли жабрланди. Бу ҳақда Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Павел Кириленко маълум қилди.
Олти кишини шифохонага ётқизишга тўғри келган. Ракеталар тўққиз турар-жой биноси, мактаб ва бошқа фуқаровий объектларга зиён етказгани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги Краматорскка зарбалар юзасидан изоҳ берганича йўқ.
Краматорск Донецк вилояти шимолида бўлиб, Украина назоратидаги ҳудуд саналади. Расмийларга кўра, 250 минг аҳоли яшаган ушбу шаҳарда ҳозир тахминан 50 минг киши қолган.
8 апрелда Краматроск вокзалига ракета зарбаси берилиши оқибатида 57 киши нобуд бўлган эди. Россия бу воқеага дахли йўқлигини иддао қилиб, айбни Украинага тўнкамоқда.
Ҳарбий эксперт Олег Жданов фикрича, Россия армияси Изюм ва Гуляйполе йўналишларида бошлаган ҳужумларини Краматорскни қамал қилиш билан якунлашни кўзламоқда. “Бу Украина кучларини қуршовга олишнинг ягона йўли”, дейди у.