АР: Мариупол театрига ҳужумда 600 киши ўлган
Associated Press журналистлари Мариупол театрида қурбон бўлганлар сонини аниқлашга муваффақ бўлишди. Театрга берилган авиазарбадан қарийб 600 киши ўлган.
Агентлик журналистлари фожиада омон қолган 23 киши, қутқарувчилар ва тинч аҳоли гувоҳликларига, шунингдек, бино чизмалари, фотосуратлар ҳамда видеоматериалларга таяниб шундай хулосага келишган.
Гувоҳлик берганларнинг аксари бомбаланган вақтда театр биносида тахминан 1000 киши бўлганини айтган. Нашр маълумотига кўра, улардан тирик қолганлар сони атиги 200 атрофида. Аксар гувоҳлар бундан ҳам кам рақамни келтиришган. Тирик қолганларнинг барчаси бинодан асосий ёки ён эшикдан чиқишган, чунки бинонинг қолган қисми вайрон бўлган эди.
Омон қолганлардан икки нафари қурбонлар сони қарийб 300 кишига боришини айтган. Аммо аксар гувоҳлар 600 га яқин одам нобуд бўлганини таъкидлашган. Тахмин қилинишича, театрдаги жасадларни Россия ҳарбийлари яширган бўлиши мумкин.
Россия расмийлари театрни гўё украин ҳарбийлари портлатганини иддао қилиб келади.
Мариуполдан 344 киши эвакуация қилинди
Бугун Мариуполдан эвакуация қилинган 344 нафар тинч аҳоли Запароже шаҳрига келтирилди.
Бу жорий ҳафтадаги Азовстал пўлат заводи бункерларидан амалга оширилган иккинчи эвакуациядир. 2 май куни Азовсталдан эвакуация қилинган 150 киши ҳам Запарожега келтирилган. Буни Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги чиқишида айтди.
Россия Мудофаа вазирлиги 5 майдан 7 майгача кундузи “Азовсталь”даги тинч аҳолини олиб чиқиб кетиш учун гуманитар йўлак очилишини эълон қилган эди. Ҳозирча эвакуация давом этаётганига оид маълумот йўқ.
Азовстал ичкарисида 2 кундан бери жанг кетяпти
Рус қўшини Мариуполдаги Азовстал заводи ҳудудига ёриб кирганига икки кун бўлди. Буни айтган Азов полки қўмондони подполковник Денис Прокопенкога кўра, икки кундирки, завод ҳудудида қонли жанглар кетмоқда:
"Мариупол гарнизони 70 кун давомида душманнинг катта қўшинига бир ўзи қаршилик кўрсатиб келмоқда. 25 апрелдан буён Азовстал заводида мудофаани ушлаб турибмиз. Душманнинг бостириб кирганига икки кун бўлди. Заводда оғир қонли жанглар кетмоқда. Мен қаттиқ матонат билан туриб бераётган аскарларим билан фахрланаман. Бутун дунёга Мариупол гарнизонини кенг қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман."
Ҳозирда шарқда давом этаётган жанглар ҳақида тўлиқ маълумот олиш қийин. Ҳаводан ҳужумлар ва артиллерия зарбалари журналистларнинг ҳаракатланишини ўта хавфли қилиб қўйган. Шу боис Азовстал заводидаги асл манзарани билиш имконсиз.
Украина расмийларига кўра, мамлакатнинг Мариуполдаги сўнгги мудофаа тизими бўлган Азовстал заводи учун жанглар "янги" ҳужумлардан кейин яна давом этмоқда.
"Қодиров" жангчилари Украинадан дон ва тракторларни ўғирлаб кетмоқда
Украинанинг Запорожье вилоятида фермерлар портлаш овозлари остида ерга уруғ қадамоқда. Маҳаллий аҳоли ертўлаларда жон сақларкан, экин-тикин ишлари тўхтамаган. Деҳқонлар рус ҳарбийлари ҳужумидан ҳимояланиш учун зирҳли либос ва каска кийган.
Россия ишғол қилган ҳудудларда деҳқонлар вазияти оғирроқ. Аксар далаларни рус ҳарбийлари миналаб ташлаган.
Украина қишлоқ хўжалиги кенгаши раҳбари Денис Марчукка кўра, деҳқонлар милтиқ қаршисида ишлашга мажбур бўлишмоқда:
"Ўзини Рамзан Қодиров армияси деб атайдиганлар бор. Улар Қримга дон олиб кетяпти. Бўйсунмаган деҳқонларни ўлдириш билан таҳдид қилишади."
Мелитопол мэри Иван Фёдоровга кўра, "Қодиров" жангчилари Украинадан қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам ўғирлаб кетмоқда:
"Улар қишлоқ хўжалиги техникасини ёппасига ўғирлашмоқда. Бу жуда муҳим, чунки босқинчилар бу ерда узоқ қолмоқчи эмас. GPS уларни ўғирлаб Қримга ва ҳатто Чеченистонга олиб кетишяётганини кўрсатмоқда."
CNN хабарига кўра, “Қодиров” жангчилари биргина Украинанинг Мелитополь шаҳридан 5 млн долларга тенг трактор ва комбайнни ўғирлаб кетишган.