Украина Қуролли кучлари: Харьковда Россия босиб олган камида 11 қишлоқ озод этилди
Украина Қуролли кучлари Бош штаби 4 май куни Харьков вилоятида Россия босиб олган айрим қишлоқлар озод этилгани тўғрисида маълум қилди.
“Сўнги бир ҳафта ичида камида 11 қишлоқ озод қилинди, улардан айримлари икки ой олдин босиб олинган эди”,- дейилади Украина баёнотида.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби айни пайтда Россия армияси Изюм шаҳридан Барвенков ва Славянск томонга қараб ҳаракат қилишга шайланаётганини ҳам билдирган.
Бундан аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий вакили Жон Кирби Украин қўшини рус ҳарбийларини Харьков шарқидан 40 қилометр нарига суриб чиққани ҳақида хабар берган эди.
Львов шаҳри ва атрофи шиддатли ракета зарбаларига нишон бўлди
Украинадаги қатор ҳудудлар 3 май оқшомида шиддатли ракета зарбаларига дучор этилди. Россиялик ҳарбийлар томонидан отилган ракеталар Львов, Одесса, Кировоград, Винницк, Днепропетровск ва Закарпатье вилоятларига келиб тушгани айтилмоқда. Россияликларнинг мақсади асосан мазкур вилоятларидаги темир йўлларини, Львовда эса электр ва насос станцияларини ишдан чиқариш бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳозир шаҳарда сув ва электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Ракета зарбалари оқибатида қанча одам жабр кўрганига аниқлик киритилган эмас, бироқ расмийлар қурбонлар ва жароҳатланганлар борлигини айтишмоқда.
Энг кўп ракета Львов шаҳри ва унинг атрофидаги жойларга келиб тушган. Шаҳар мэри Андрей Садовойга кўра, зарбалар оқибатида учта электр подстанцияси ва иккита насос станциясига шикаст етган, бунинг натижасида Львовнинг айрим жойларида электр таъминотида муаммолар юзага келган. Мэр иддаосига кўра, бу ерда икки киши яраланган. Закарпатье вилоятида ҳам бир неча аҳоли пункти электрсиз қолган.
Рим папаси: “Россия патриархи Путиннинг меҳроб болакайи даражасига тушолмайди”
Рим папаси Франциск Россия патриархи Кирилл билан ораларида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида маълум қилди. Унга кўра, суҳбатнинг дастлабки 20 дақиқасида Кирилл қўлида харита билан Украинага бостириб кирилишига сабаб бўлган барча асосларни хатм қилиб берган.
“Мен уни тинглаб, бу масалада ҳеч нарсани тушунмаслигимни айтдим. Унга: “Биродар, биз давлат руҳонийси эмасмиз, биз сиёсат тилидан фойдаланолмаймиз, фақат Исо Масиҳ тилидан фойдалана оламиз, холос”, дедим”, деган Франциск.
У Кириллга Худонинг бир динига мансуб пастирлари эканини уқтирган.
“Биз тинчликка елтувчи йўлни излашимиз керак, биз жанговар ҳаракатларни тўхтатишимиз лозим. Патриарх Путиннинг меҳроб болакайи даражасига тушолмайди”, дея қўшимча қилган Рим папаси.
Украиналик мулозим: Авдеевкадаги заводга берилган зарба оқибатида 10 киши нобуд бўлди
Украинанинг Донецк вилояти Авдеевка шаҳридаги коксохимиявий заводга берилган зарба туфайли 10 киши вафот этиб, 15 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Донецк вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко маълум қилди.
Мулозимнинг иддаосича, зарба оқибатида ҳалок бўлганлар иш сменасидан кейин автобус кутиб турган ишчилар эди.
Уруш шароитида Озодлик қурбонлар сонига оид рақамларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконига эга эмас.