Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2025, Тошкент вақти: 19:13

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳуқуқ фаоллари: ФСБ мамлакатдан кетган россияликларни қайтаришга уринмоқда

Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириш ортидан мамлакатдан чиқиб кетган россияликларнинг оила аъзоларини суҳбатга чақириб, яқинларини Россия Федерациясига қайтишга кўндиришга ҳаракат қилишяпти. Бу ҳақда “Биринчи бўлим” (“Первий отдел”) ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.

Ҳуқуқ фаоллари ўзларига бу каби ҳолатлардан бештаси маълумлигини билдиришган. Чекистлар бу иш давлат хоинлари, жосуслар ва Украина хавфсизлик хизмати гумашталарини топиш мақсадида амалга оширилаётганини айтишган.

Ҳуқуқбонларга кўра, ФСБ ходимлари асосан хавфсизлик хизматларига кўпроқ ишонадиган, улардан қўрқиб, таъсирига осонроқ бериладиган ёши катта қариндошлар билан мулоқот қилишга уринишмоқда.

Суҳбатга чақирилаётганларга мамлакатдан кетган яқинлари учун ҳеч қандай хавф йўқлиги: улар шунчаки келиб, суҳбатдан ўтишлари кераклиги, шу билан иш ёпилишини ваъда қилишяпти. Россиялик чекистлар асосан мамлакатдан кетганларнинг айни пайтда қаерда яшаётгани, уларнинг телефон рақамлари ҳамда яқинлари билан қай тарзда мулоқот қилаётганини аниқлашга ҳаракат қилишяпти.

Ҳуқуқ фаоллари қайдича, ФСБ ходимлари аввал ҳам Россияга одамларни қайтариш билан шуғулланишган, бироқ авваллари улар “бунақа қўпол йўсинда ишлашган эмас, ҳаммаси анча қувлик билан амалга оширилар эди”.

CNN: Россия ҳарбийлари Украинадан 5 млн долларлик трактор ва комбайнларни ўғирлади

CNN хабарига кўра, Россиялик ҳарбийлар Украинанинг Мелитополь шаҳридан умумий қиймати 5 млн долларга тенг қишлоқ хўжалиги техникасини ўғирлаб, Чеченистонга жўнатишган.

Техникалар АҚШнинг John Deere ширкатининг Украинадаги расмий дилери бўлмиш “Агротек-Инвест” корхонасига тегишли. CNN манбасига кўра, рус аскарлари жами 27 та комбайн, тракторларни олиб кетишган. Уларнинг умумий қиймати 5 млн долларни ташкил этади.

Техникаларнинг бир қисми қўшни қишлоққа, қолгани эса Чеченистонга жўнатилгани айтилмоқда. GPS-навигатор улар Чеченистоннинг Закан-Юрт қишлоғида эканини қайд этган. Украина томони ишлаб чиқарувчи орқали техникаларни масофадан блоклашга муваффақ бўлган. Бироқ, CNN манбасига кўра, “ўғрилар Россияда ҳимоя тизимини бузиб кира оладиган мутахассисни топишганга ўхшайди”.

Ширкатнинг Украинадаги шуъбаси Россиядаги барча дилерларни ушбу машиналар билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракат жиноят иши предмети сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантирди. Ширкатнинг глобал ҳисоб базасида улар ўғирланган машиналар ўлароқ қайд этилган.

Аввал ҳам рус ҳарбийлари ўғирликлари борасида шикоятлар бўлган. Рус ҳарбийлари ишғол қилинган Украина шаҳар ва қишлоқларидан уй жиҳозларини ҳам ўғирлаб кетгани айтилган.

ЕИ Россияга тобеликдан қутулиш учун Африкадан газ олмоқчи

Европа иттифоқи Россиядан ёқилғи импорт қилишни камайтириш мақсадида Африка мамлакатлари газ таъминоти соҳасида ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини ўрганмоқда. Европа иттифоқи мамлакатлари 2022 йилда Москвага энергетик қарамликни қарийб учдан икки ҳиссага камайтирмоқчи. Май ойи охирларида Еврокомиссия энергетика соҳасида ташқи ҳамкорликни кенгайтирувчи ҳужжатни қабул қилади.

Bloomberg хабарига кўра, ҳужжатда Африкадаги Нигерия, Сенегал ҳамда Ангола “суюлтирилган газ соҳасида ҳали юзага чиқарилмаган салоҳиятларга эга мамлакатлар” дея таърифланган.

Евроиттифоқ режасида АҚШдан 2022 йилда қўшимча 15 млрд кубометр ва 2030 йилга қадар ҳар йили қарийб 50 млрд кубометр суюлтирилган газ келтириш назарда тутилган. Бундан ташқари, ЕИ Озарбайжондан газ сотиб олишни йилига 20 млрд кубометрга етказишни кўзламоқда.

Европа Иттифоқи дипломатларининг таъкидлашича, иттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида йил охиригача Россия нефтини тақиқлашга интилмоқда.

Eвропа Иттифоқи аллақачон Россия кўмирига эмбарго жорий қилган ва бу август ойидан бошлаб кучга кириши кутилмоқда.

25 ташкилот БМТни Кара-Мурзани ҳимоя қилишга чақирди

25 та халқаро инсон хукуклари ташкилоти БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда инсон ҳақлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетга мурожаат қилиб, Кара-Мурзанинг қамоққа олинишини қоралашга, шунингдек уни Украинадаги урушга қарши чиқишлари учун қамалган бошқа одамлар билан бирга дарҳол озод этишни талаб қилишга чақирди.

“Кара-Мурзага қарши айблов ёлғон бўлиб, Россияда ўзгача фикрловчиларнинг оғзини юмишга қаратилган”, дейилади, жумладан, United Nations Watch ва Human Rights Foundation каби йирик ташкилотлар имзолаган баёнотда.

Кара-Мурза апрель ойи охирларида сиёсий адоват негизида Россия армиясига қарши фейк хабарлар тарқатишда айбланиб, ҳибсга олинган. У 10 йилгача муддатга қамалиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG