АҚШ: Россия “ЛХР” ва “ДХР”ни аннексия қилишни режаламоқда
АҚШнинг ЕХҲТдаги элчиси Майкл Карпентер Америка разведкаси маълумотларига таяниб, Россия “ЛХР” ва “ДХР”ни аннексия қилишни режалаётгани ҳақида баёнот берди.
Карпентерга кўра, Москва Луганск ва Донецк вилоятларининг бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларида сохта референдумлар ўтказиб, улардан Россияга қўшилишга розилик олади. Шунингдек, Карпентер Херсонни Украинадан мустақил деб эълон қилиш учун референдум ўтказишга ҳозирлик кўрилаётганига эътибор қаратган.
Элчининг айтишича, бу ишлар май ойи ўрталарида амалга оширилиши мумкин. Россия қўшинлари босиб олган ҳудудларда шаҳар мэрлари ва маҳаллий кенгашлар аъзолари ўғирлаб кетилаётгани, интернет ва уяли алоқа ўчирилаётган, маҳаллий мактабларни Россия таълим тизимига ўтказиш ҳаракатлари Россиянинг режаларига билвосита далил бўла олади, дейди Карпентер.
Қўшни Молдованинг Россия қўшинлари жойлашган сепаратист минтақасида сўнгги кунларда кетма-кет сирли портлашлар содир бўлиб, можаро кенгайиб бораётганидан ҳам хавотирлар кучайган.
Украинада 900 рус ҳарбийси жиноятда гумонланмоқда
Украина Хавфсизлик хизмати Киев вилоятида тинч аҳолига қарши жиноят содир этганликда гумон қилинган қарийб 900 нафар россиялик аскар ва уларнинг 100 га яқин шерикларини аниқлаган.
Украина Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, минтақада рус қўшинлари томонидан содир этилган “ҳарбий жиноятлар”нинг 7000 га яқин гувоҳлари сўроқ қилинган.
Украина Бош прокурори Ирина Венедиктова рус босқини чоғида Буча шаҳрида тинч аҳолини ўлдирганликда гумон қилинган биринчи рус аскари шахсини эълон қилди.
2 май куни Венедиктова гумонланувчи Россия Миллий гвардияси бўлинмаси қўмондони Сергей Колотсей эканлигини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 28 апрель куни Бучадаги уруш жиноятлари бўйича Халқаро Жиноий суди терговини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Дрон тасвир: Бородянка шаҳридаги вайроналар
2 май куни олинган дрон тасвирларида эса Киев шимоли-ғарбидаги Бородянка шаҳридаги вайронагарчиликлар кўламини яққол кўриш мумкин.
Вайрон бўлмаган бинолар йўқ ҳисоб. Баъзи иншоотлар портлашдан кейин аланга натижада қорайган бўлса, бошқаларининг ўртасида эса ракета зарбалари оқибатида тешиклар қолган. Март ойи охирида рус қўшинлари шаҳардан чиқиб кетди.
Украина байроғи қад кўтарган шаҳарча рус ҳарбийлари чекинишидан олдин Украина ва Россия ўртасида қайноқ уруш нуқталаридан бири бўлган.
Россия тинч аҳолини нишонга олгани ва рус ҳарбийлари Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳарбий жиноятлар содир этгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келмоқда.
Украина чегарасида 50та рус вертолёти топилди
Ассошиэйтед Пресс эълон қилган сунъий йўлдош фотосуратларида Украина билан чегара яқинидаги аэропортда 50 га яқин Россия ҳарбий вертолётлари акс этган.
Planet Labs PBC олган суратда Украинанинг Харков шаҳридан тахминан 175 километр шимоли-шарқда, Россиянинг Старий Оскол шаҳрида вертолётлар кўрсатилган.
Вертолётлар фуқаролик аэропортининг асфальт, учиш-қўниш йўлаги ва ўтлар устида турибди. Яқин атрофда ҳарбий машиналар ҳам жойлаштирилган.
Россия Украинада ҳарбий ҳужумкор вертолётларидан фойдаланмоқда ва зенит-ракеталардан қочиш учун пастлаб учмоқда.
Айни пайтда сунъий йўлдошдан олинган яна бир суратда Москва томонидан Қора денгиз бўйидаги порт шаҳри Одесса яқинида қайта-қайта ҳужумга учраган стратегик аҳамиятга молик кўприк акс этган. Душанба куни тушдан кейинги ҳолат бўйича кўприк ҳануз тургани кўринади.
Ушбу стратегик кўприк Одессани қишлоқ билан боғлайди ва ҳудудни ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.