Одессадаги ҳужумда бир бола ҳалок бўлди
Одесса ҳам ўққа тутилди. Вилоят маъмурияти бошлиғи Максим Марченко Россия Одессанинг “инфратузилма объектларидан бирига” зарба берганини маълум қилди.
Жануб қўриқлаш ва мудофаа кучлари билдиришича, турар-жой биносига келиб тушган ракета зарбаси натижасида 15 ёшли ўспирин ҳалок бўлган, 17 яшар қиз жароҳат олган. Бинода ўша пайтда жами беш киши бўлгани айтилмоқда.
"14 ёшли болани ўлдиришди. 17 ёшли қиз темир парчаларидан яраланди. Бу не ҳол? Нега? Бу болалар, улар яшайдиган ётоқхона Россия давлатига қандай хавф солаётган эди?” , деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Бундан ташқари, православ черковига мансуб ибодатхона биносига шикаст етган.
3 майдаги ҳужумлар
3 майга ўтар кечаси Россия армияси Харьков, Луганск, Донецк, Херсон ва Николаев вилоятларини ўққа тутди. Жабрланганлар сони аниқлаштирилмоқда, аммо камида бир қурбон ва уч ярадор борлиги маълум.
Азовстал: Эвакуациядан сўнгги ҳужумда икки киши қурбон бўлди
Икки ойдан зиёд вақт давомида қамалда қолаётган Мариуполдан ўтган уч кунда илк бор тинч аҳоли эвакуация қилинди.
Россия томони хабарига кўра, уч кунда Азовстал пўлат заводига яширинганлар ва шаҳарнинг турли ҳудудида яшаётган аҳолидан 126 киши бўлгинчилар назоратидаги Донецкка жўнатилган. Яна 57 киши Мариуполдан кетишни истамаган. Қолганлари эса Украина назоратидаги ҳудудларга кетишга қарор қилган.
Украин ҳукумати БМТ ва Қизил хоч ташкилотлари воситачилигида уруш бошланганидан бери илк бор тинч аҳоли вакилларини Мариуполдан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Бунга қадар одамлар ўзлари ўқ ёмғири остида шаҳарни тарк этишга уринишган ёки улар Россия назоратидаги ҳудудларга куч билан олиб чиқиб кетилган ҳолатлар ҳам бўлган.
Азовстал пўлат заводидан биринчи эвакуация қилинганлар Украина назоратидаги Запороже шаҳрига жўнатилган.
Азовсталь заводида, украин ҳарбийлари билан бирга 200 дан зиёд тинч аҳоли қолмоқда. Шаҳар маъмурияти бошлиғи Вадим Бойченкога кўра, ҳозирда Мариуполда жами 100 мингдан ортиқ одам эвакуацияни кутяпти.
Бойченкога кўра, 2 май куни эвакуациянинг навбатдаги босқичи якунланиши билан Россия қўшинлари “Азовсталь” комбинатига янги ҳужум бошлаган. Россия кучлари томонидан Град ракеталари отилган.
Reuters журналистлари олган кадрларда ўққа тутилгандан сўнг вайрон бўлган заводдан қуюқ қора тутун чиқаётганини кўриш мумкин.
Украина расмийларига кўра, рус ҳарбийлари заводга киришга ҳаракат қилишмоқда. Ҳужум пайти камида икки аёл ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Урушда икки оёғидан айрилган қизнинг тўйи бўлди
Россиянинг Украинага босқини сабаб икки оёғидан айрилган 23 ёшли Оксананинг тўйи Львов шаҳридаги касалхонада, у даволанаётган палатада бўлди.
Касби ҳамшира бўлган Оксана асли Лисичанск шаҳридан. 27 март куни у рус ҳарбийлари қолдирган мина портлаши оқибатида оғир яраланди: мина унинг икки оёғини ва чап қўлининг тўрт бармоғини узиб ташлади.
Оксана ўша куниёқ тўртта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Сўнгра уни Днепрга эвакуация қилдилар. Львовга олиб келишганига эса бир ҳафта бўлди.
Оксана ва Виктор 6 йилдан бери бирга, аммо турмуш қуришга энди қарор қилишди.
Никоҳ узуклари Львовда сотиб олинган, оқ кўйлак ҳам шу ерда топилган. Тортни волонтёрлар пиширган.