"Азовстал"дагилар эвакуацияси тўхтаб қолди
2 май куни Мариуполдан эвакуация қилинган 100 га яқин украиналик тинч аҳоли вакиллари Запорожье шаҳрига келиши кутилган эди, бироқ Россия қамал остидаги Азов денгиз порт шаҳрини ўққа тута бошлагани сабабли, юзлаб одамлар ҳамон Азовстал пўлат заводи остидаги ертўлаларда қолишга мажбур бўлди.
Азовстал заводидагиларни эвакуация қилиш жараёни бошланганини олқишлаган Зеленский икки кунлик сулҳ иш беришига ишонч билдирганди:
“Кўп ҳафталик музокаралар, кўплаб уринишлар, турли одамлар ва давлат раҳбарлари билан учрашувлар, қўнғироқлардан сўнг "Бугун биз ниҳоят Азовсталдан одамларни эвакуация қилишни бошлашга муваффақ бўлдик. Биз халқимизни қутқарадиган ечим топишга уринишдан бир кун ҳам тинмадик. Биринчи марта бугун мазкур гуманитар йўлак ишга тушди. Бу ҳудудда илк марта икки кунлик сулҳ тузилди. Биз юздан ортиқ тинч аҳоли вакиллари - биринчи навбатда аёллар, болаларни кейин эса шаҳардаги жанговар ҳаракатлардан қочиб Азовсталга яширинганларни олиб чиқдик."
Украина жануби-шарқидаги Мариупол шаҳридан тинч аҳолини эвакуация қилаётган кўплаб автобуслар 2 май куни эрта тонгда шаҳарни тарк этди, деди шаҳар мерининг ёрдамчиси. Бироқ у автобуслар бортидаги тинч аҳоли “Азовстал” пўлат заводидагилардан эмаслигини қўшимча қилди.
Мэр ёрдамчисининг айтишича, тинч аҳолини эвакуация қилаётган автобуслар заводдан чиқиб кетиши биланоқ Россия Азовстал заводини яна ўққа тута бошлаган.
Азовстал пўлат заводидаги Азов полки қўмондони ўринбосари якшанба куни эвакуация бошланганидан мамнун эканлигини айтар экан, эвакуация жараёни заводдаги ва бутун Мариуполдагиларнинг барчаси чиқиб кетгунча давом этишига умид билдирган эди.
Бироқ ҳозирча Азовстал заводидагиларни эвакуация қилиш жараёни тўхтаб қолган.
Разведка: Рус ҳаво десанти оғир талафот кўрган
Украина шарқида Россия қўшинлари Изюм тарафдан жанубга – Славянск ва Барвенковога ҳужум қилишмоқда, украин аскарларини Лиман – Северск чизиғидаги позицияларидан сиқиб чиқаришга уринишмоқда.
Донецк йўналишида эса ҳужумлар “қарийб бутун тўқнашув чизиғи бўйлаб” амалга ошириляпти, дея маълум қилди Украина Қуролли Кучлари бош штаби.
Британия Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, Россия уруш бошланганидан бери 120 дан ортиқ батальон-тактик гуруҳларини жангларга ташлаган бўлиб, бу унинг барча жангга лаёқатли кучларининг тахминан 65 фоизини ташкил қилади.
Ҳозирда бу кучларнинг чоракдан кўпроқ қисми самарали ҳарбий ҳаракатларга қодир эмас. Россиянинг энг сара ҳарбий тузилмалари, жумладан, ҳаво десанти кучлари оғир талафотлар кўргани, уларни тиклашга йиллар керак бўлиши айтилмоқда.
Украинада "вагнерчилар" асир олинди
Якшанба, 1 май куни кечқурун “ДвiЩ” номли украин телеграм-каналида асирга олинган россиялик разведкачилар экани иддао қилинган одамларнинг фотосуратлари ёйинланди. Асирлардан бирининг бўйнида Россия ҳарбий разведкаси ва ГРУ “спецнази” рамзи бўлмиш кўршапалак тасвири татуаж қилиб туширилганини кўриш мумкин.
Орадан 2 соат ўтиб укран журналисти Юрий Бутусов “Фейсбук”да Луганск вилоятида “Вагнер ХҲШ” таркибига кирувчи “Барс-7” штурмчи отрядининг етти нафар жангчиси асирга олингани ҳақида ёзди. Бутусовга кўра, асирлар орасида “уфалик аскар Владимир Носиров” ҳам бўлган.
Озодлик радиоси рус хизмати “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидан Уфада истиқомат қилувчи шунақа исм-фамилияли одамни топди. Журналистлар унинг қариндошларига хабар ёзишди. Владимир Носировнинг қизи хабарга жавоб бериб, отасининг Украинага кетганини тасдиқлади. Шундан сўнг у “ДвiЩ” телеграм-каналида эълон қилинган суратлардан отасини таниди.
Профилида қайд этилган маълумотларга кўра, Носиров 52 ёшда. У “ВКонтакте”га охирги марта 20 апрелда кирган.
Носировнинг қизи отаси Украинага қачон ва нега жўнагани, бу қарорига нима сабаб бўлгани ҳақидаги саволга жавоб бермади. Юрий Бутусов россиялик асирлар ўз ифодаларида улар “ҳарбий комиссариатлар орқали ойига 250 минг рубль ҳақ эвазига ёлланган”и ҳақида ёзди. Бутусовга кўра, “Барс-7” отряди 20 апрель куни жангга кириб, 10 кун ичида катта талафот кўрган: қарийб 150 минг аскари ўлдирилган ва 400 аскари ярадор бўлган.
Журналист таъкидлашича, ёлланма жангчиларга фронт ортини қўриқлаш вазифаси топширилган, аммо улар украин ҳарбийлари билан юзма-юз тўқнашувда асир олинган.
“Вагнер ХҲШ” Россия президентига яқин тадбиркорлардан бири, “Путиннинг ошпази” сифатида машҳур Евгений Пригожин номи билан боғланади.
Ширкатнинг ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Украина, Сурия, Судан, Мозамбик, Ливия, Марказий Африка ва Венесуэладаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Россия ҳукумати ХҲШлар фаолиятига алоқадорлигини инкор этиб келади.
Дрон-факт: Рус танки аҳоли уйини ўққа тутди
Мариуполда рус танки кўп қаватли турар-жой биносини тўғридан-тўғри нишонга олиб, ўққа тутди.
Аҳоли турар-жой биноларининг бу тариқа ўққа тутилиши Мариуполда аввал ҳам қайд этилган.
Маҳаллий маъмурларга кўра, Россия армиясининг артиллерия ва танклардан ўққа тутиши, бомбалар ёғдириши натижасида шаҳардаги иморатларнинг 90 фоиздан ортиғи яксон қилинган, 20 мингдан зиёд тинч аҳоли нобуд бўлган.
Россия томони эса аҳоли турар-жойлари ўққа тутилганини инкор қилиб, фақат ҳарбий объектлар нишонга олинаётганини таъкидлаб келмоқда.