Украин ҳарбийлари Рамазон билан табриклади
Украина Қуролли кучлари ҳарбий оркестри Мусулмонларга Рамазон ҳайити муносабати билан мусиқали табрик йўллади.
Украин ҳарбийларининг Рамазон ҳайитига атаб, Интернетга жойлаган табрик видеосига қуйидаги баёнот илова қилинган:
“Ҳурматли Украина мусулмонлари, аскарларимиз, фуқароларимиз ва бошқа мамлакатлардан келган ҳамкорлар! Украина Қуролли Кучлари сизни Рамазон ойи билан табриклайди ва Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларингиз учун самимий миннатдорчилик билдиради. Украина бирлиги ва Қримнинг озод этилиши, барча қочқинларнинг ўз уйларига қайтиши, Россия тажовузи туфайли бўлиниб кетган оилаларнинг қайта бирлашиши ва барчанинг озод бўлиши учун қилган ибодатларингизни Яратган эшитишига чин дилдан умид қиламиз".
Байден россиялик олимларни АҚШга жалб қилмоқчи
Президент Жо Байден маъмурияти россиялик олимлар – магистр илмий даражаси соҳиблари, фан номзодлари ва докторларининг АҚШга киришини соддалаштирмоқчи.
Бундан кейин АҚШда ишлаш ҳуқуқини берувчи “Н1-В” тоифали визалар қабул қилувчи илмий муассаса таклифномасисиз берилади. Бу ҳолатда илмий даражани тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиш кифоя қилади.
Бу ҳақда хабар қилган Bloomberg агентлиги манбаларига кўра, АҚШ ҳукумати шу тариқа Путин режимининг интеллектуал кучини “қирқиш”ни кўзламоқда.
Молдова ТИВ: Европанинг келажаги Украинадаги уруш якунига боғлиқ!
Молдова ташқи ишлар вазири Нику Попеску Европанинг келажаги Украинадаги уруш қандай якунланишига боғлиқлигини Sky News телеканалига берган интервьюсида айтди.
"Менимча, бутун қитъанинг келажаги Украинанинг ўз сиёсий тизимини, ўз мамлакатини ва чидамлилигини сақлаб қолиш қобилиятига боғлиқ. Менимча, бутун қитъанинг келажаги Украинанинг ўз сиёсий тизимини, ўз мамлакатини, барқарорлигини сақлаб қолиш қобилиятига боғлиқ ва шу маънода дунёнинг бу қисмидаги ҳар бир мамлакатнинг, жумладан Европа тақдири ва келажаги бу уруш қандай тугаши, қаерда тугаши ва қачон тугашига боғлиқ", деди Попеску.
Молдова Украинадаги можарони диққат билан кузатиб келмоқда, айниқса Марказий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Рустам Миннекаев Россия кучлари Украина жанубини тўлиқ назорат остига олишга интилаётганини айтганидан сўнг. Рус мулозими бундай ҳаракат Россия қўшинлари жойлаштирилган бўлгинчи Днестрбўйи ҳудудига қуруқлик йўлагини ҳам очишини айтди. У бу юришни гўёки у Приднестровьеда ҳам русийзабон аҳоли «зулм остида қолаётгани» билан изоҳлади.
Молдова ва Украина ўртасидаги 470 мингга яқин аҳолига эга бўлган Днестрбўйи ҳудуди 1992-йилда Молдова билан урушдан бери Россия қувватлаётган айирмачилар назоратида.
Агар можаро мамлакатга тарқалиб кетса, Молдова бошқа давлатлардан қурол-яроғ сўрашга тайёрми, деган саволга Попеску халқ “воқеаларнинг қандай ривожланишини олдиндан башорат қилишга қодир эмас”, лекин “барча мумкин бўлган кутилмаган ҳолатларга” тайёрланаётганини айтди.
Ҳолливуд юлдузи Анжелина Жоли Украинага келди
Ҳолливуд юлдузи Анжелина Жоли шанба куни кутилмаганда Украинанинг Лвов вилоятига ташриф буюрди.
У тиббиёт муассасасига ташриф борди ва ходимлар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан урушнинг уларнинг ҳаётига таъсири ҳақида суҳбатлашди.
Лвов вилояти давлат маъмурияти раҳбарининг сўзларига кўра, Жоли хоним Краматорск яқинидаги темир йўл вокзалида Россия ракета ҳужумидан жабрланган болалар билан ҳам учрашган. Лвовда Анжелинанинг ҳаво ҳужумидан тревога пайтида олинган видеолар ҳам тармоқларда пайдо бўлди.
8 апрел куни Краматорск станцияси ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳолидан камида 52 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган эди. Жоли 2001 йилдан 2012 йилгача Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги бошқармасининг Яхши Ният элчиси бўлган. Бироқ, бу Украинага унинг шахсий ташрифи экани айтилди.