Мариуполнинг Азовстал заводидан 100 яқин одам олиб чиқилди
30-апрел, шанба куни кечқурун Россия қўшинлари томонидан қамал қилинган Мариуполдаги Азовстал металлургия заводи ҳудудидан 20 нафар аёл ва бола эвакуация қилинди. Бу ҳақда Азов полки командири ўринбосари Святослав Паламар видеомурожаатида маълум қилди.
Паламар, шунингдек, завод ҳудудида қолаётган ярадорларни ҳам эвакуация қилишга чақирди.
Бугун эрта тонгда Россиянинг РИА Новости ва ТАСС ахборот агентликлари Азовстални 25 нафар тинч аҳоли, жумладан олти нафар бола тарк этгани ҳақида хабар берган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги 1 май куни “Азовстал” пўлат заводидан тинч аҳолининг эвакуация қилиниши кўрсатилган видеони эълон қилди. Уларнинг хабарига кўра, заводдан жами 46 киши эвакуация қилинди: кундузи 25 киши, кечки пайт эса 21 киши.
Британия вазири: Путин 9 майда сафарбарлик эълон қилиши мумкин
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 9 май – Ғалаба кунида сафарбарлик эълон қилиши мумкинлигини айтди.
Daily Mail газетаси ўз аноним манбаларига таянган ҳолда, Россия генераллари Украинадаги ҳарбий кампания аҳволидан норозилиги ва ҳужумларни давом эттириш учун қўшимча куч тўплаш ниятида экани ҳақида ёзди.
Бироқ сафарбарлик ўтказиш учун аввало уруш эълон қилиниши керак.
Кремль эса Украинага босқинини ҳануз “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаб келмоқда.
АҚШ россиялик олимларни ўзига оғдирмоқчи
Президент Жо Байден маъмурияти россиялик олимлар – магистр илмий даражаси соҳиблари, фан номзодлари ва докторларининг АҚШга киришини соддалаштирмоқчи.
Бундан кейин АҚШда ишлаш ҳуқуқини берувчи “Н1-В” тоифали визалар қабул қилувчи илмий муассаса таклифномасисиз берилади. Бу ҳолатда илмий даражани тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиш кифоя қилади.
Бу ҳақда хабар қилган Bloomberg агентлиги манбаларига кўра, АҚШ ҳукумати шу тариқа Путин режимининг интеллектуал кучини “қирқиш”ни кўзламоқда.
Бучада янги оммавий қабр топилди
Киев вилояти полицияси Буча яқинидаги Мироцкое қишлоғи ўрмонида уч эркакнинг жасадини топди. Уларнинг қўллари ва кўзлари боғланган.
“Жабрланувчилар узоқ вақт қийноққа солинган, оёқ-қўлларида ўқ жароҳатлари топилган”, — дейилади полиция баёнотида. Дафн этилган жойдан видео ҳам эълон қилинган.
Ҳалок бўлганларнинг жасадлари суд-тиббий экспертизасига юборилган.
Украина расмийларига кўра, Киев вилояти ҳудудидан аллақачон бу аҳоли пунктлари Россия қўшинлари назорати остида бўлган даврда ҳалок бўлган 1202 нафар тинч аҳоли жасади топилган.