Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:14

Гулнора Каримова қамоқда 49 ёшини қаршилади. Ўзбек фаоллари унинг бойликлари тақдиридан хавотирда


Гулнора Каримова Москвадаги Мерседес-Бенз модалар кўргазмасида - 2 апрель, 2011
Гулнора Каримова Москвадаги Мерседес-Бенз модалар кўргазмасида - 2 апрель, 2011

Шу йилнинг 8 июлида бир гуруҳ ўзбек фаоллари Швейцария ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўмарган бойликларни қайтариш жараёнида шаффофликка чақирди.

Дунёнинг турли нуқталарида истиқомат қилаётган 9 нафар фаол томонидан имзоланган чақириқ Uzbekforum.org интернет нашрида эълон қилинди.

Мурожаат муаллифлари Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасида 2020 йилнинг 11 сентябрида тузилган Гулнора Каримова ўзлаштирган ноқонуний пулларни мамлакатга қайтариш борасидаги Англашув меморандуми тақдиридан хавотирда эканини баён қилишган.

Чақириқ муаллифлари иддаосича, икки томон ҳам мазкур ҳужжат ижроси борасида шаффофликка шошилмаётир. Аксинча, орадан қарийб бир йил ўтса-да, мазкур маблағларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши юзасидан Швейцария расмийлари ҳам, Ўзбекистон томони ҳам бирор изоҳ бермаган.

10 тамойил

Ўзбек фаолларининг таъкидича, Швейцария ҳукумати ҳам 2017 йилда активларни тиклаш бўйича ташкил этилган Глобал Форум (Global Forum for Asset Recovery)нинг фаол иштирокчиларидан биридир. Мазкур тузилмага иштирокчи давлатлар жиноий гуруҳ ва шахслар томонидан ўмарилган бойликларни ўз эгаларига қайтаришда 10 та тамойилга содиқ қолиши лозим.

Мазкур 10 тамойил ғорат қилинган бойликларни қайтаришда шаффофлик ва ҳисобдорликдан тортиб, бойликларни қайтариш жараёнида фуқаролик жамияти вакилларининг иштирокига қадар бўлган мажбуриятларни ўз ичига олади.

Фаоллар 2017 йилда активларни тиклаш бўйича ташкил этилган Глобал Форумнинг иштирокчилари зиммасидаги тўртинчи тамойилни ёдга олиб, маблағларнинг Ўзбекистондаги асл эгаларига етиб боришига шубҳа билдиради.

Қайтарилган мол-мулкни коррупциявий хатти-ҳаракатлар натижасида зарар кўрган одамлар манфаати учун ишлатиш мажбуриятини эслатиб, Швейцария ҳукуматидан бу борадаги жиловни бўшаштирмаслик сўралган.

Англашув Меморандуми нима ўзи?

Англашув Меморандуми ҳукуматлар ёки идоралараро келишувларни амалга оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, норматив акт сифатида бажарилиши мажбурий бўлган битимдир. Ана шу актларнинг бири 2020 йил 11 сентябрда Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган ва ҳужжат ижроси муайян муддатда ниҳоясига етиши лозим.

Меморандумда Гулнора Каримова томонидан отаси президентлик даврида ноқонуний равишда мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ва Швейцария конфедерацияси ҳудудига жойлаштирилган мол-мулкни қайтариш тамойиллари белгиланган.

Мазкур акт, моҳиятига кўра, жараёни шаффоф, ҳисобдорлик ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокини қамраб олиши лозим.

Унга Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшишини тасдиқловчи талаблар киритилган.

Швейцария томони ҳам мум тишлаган

Мазкур чақириқни изоҳлай туриб, Ўзбек форуми етакчиси Умида Ниёзова меморандум имзоланганидан тўққиз ой ўтса ҳам Швейцария ва Ўзбекистон расмийларининг жамоатчиликка лом-мим демаётганига эътибор қаратди:

“Шу пайтга қадар тақсимлаш ва қайтариш тўғрисидаги битимларнинг таклиф қилинган мазмуни ҳақида жамоатчиликка батафсил маълумот берилмади. Фикримизча, бундай узоқ сукунат Швейцариянинг шаффофлик ва ҳисобдорлик борасидаги садоқатига зид келади.

Швейцария Федерал Aдлия идораси ҳатто аллақачон имзоланган улуш тўғрисидаги битимни ошкор қилишдан бош тортмоқда. Бу ҳаракат эса, мамлакатнинг ахборот эркинлиги борасидаги Федерал қонунига зиддир. Ҳолбуки, бу борада илтимоснома ҳам юборганмиз”, дейди Умида Ниёзова.

“Озодлик” суриштирувлари фаолларда хавотир уйғотди

“Фуқаролик жамияти чақириқларига қарамай, Ўзбекистон коррупциянинг олдини олиш бўйича самарали ва етарлича ислоҳотларни амалга оширмади. Айниқса, ҳукмрон режимнинг энг юқори бўғинларидаги ҳолатлар бунга мисолдир. Тизимли тадқиқотлар ва журналистик текширувлар шуни кўрсатдики, мамлакатнинг юқори раҳбарияти катта коррупцияда бевосита ва билвосита иштирок этмоқда”, дейилади чақириқда.

Фаоллар коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунлар жорий қилинганига қарамасдан, уларнинг қатъий ва холис қўлланилишига сиёсий ирода етишмаётганини иддао қилишади.

Чақириқ муллифлари “Озодлик” томонидан 2021 йил феврал ойида президент Мирзиёевнинг Шоввозсой қароргоҳи борасидаги текширувларини тилга олиб, уни "коррупциянинг олий намунаси" деб аташган.

"Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган". Мирзиёевнинг VIP маҳкумлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00

Шунингдек, чақириқда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори фожиаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ширкатларига тақдим этилган газ ҳисоблагичлари борасидаги коррупциявий битим сифатида тилга олинади. Бу борадаги “Озодлик” текширувлари чақириққа илова қилинган.

Фуқаролик жамияти вакилларининг Швейцария ҳукуматига мурожаати Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида 49 ёшини нишонлаган кунига тўғри келди.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Каримованинг отаси ҳукмронлиги давридаги қилмишларига эътибор қаратди. Айримлар эса унга шеърий изҳорлар битди.

Ислом Каримов даврида унинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилган Гулнора Каримова бундан қарийб беш йил аввал отасининг бошқаруви ниҳоясига етганидан сўнг ҳам Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг зиддиятли шахслардан бири бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG