Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Гулнора Каримова адвокатлари БМТдан унинг қамоқда ушланишини "ноқонуний" деб тан олишни сўрамоқда


Гулнора Каримова уй қамоғида - 2014 йил.
Гулнора Каримова уй қамоғида - 2014 йил.

4 июнь куни Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокатлари François ZIMERAY, Grégoire MANGEAT ва Fanny MARGAIRAZ БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига расман шикоят қилди.

Адвокатлар БМТдан Гулнора Каримованинг қамоқда ушлаб турилишини моҳиятан ноқонуний деб тан олишни сўрамоқда.

Гулнора Каримованинг 7 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳибс ва қамоқда ушлаб турилгани таъкидланган расмий коммюникеда қамоқхонада унинг фундаментал ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилаëтгани айтилган.

Гулнора Каримова 2014 йил февраль ойида ўғирлаб кетилгандан сўнг, биринчи марта суд бошланишини 18 ойдан кўпроқ вақт кутди. Учта сохта суд жараёни бўлиб ўтди, уларнинг ҳаммаси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, у адвокатлар билан эркин суҳбатлашиш ёки ўзи устидан очилган иш билан танишиш имкониятига эга бўлмади”¸ дейилади адвокатлар мурожаатида.

"Биз ҳибсга олинган одамнинг ошхонада қуролланган одамлар қуршовида суд қилинганига ўз тажрибамизда биринчи марта дуч келдик! Ўзбекистон режими Гулнора Каримовага қарши шафқатсиз ва ваҳший усулларни қўлламоқда. Адолатлар суд жараёнининг барча тамойилларига зид равишда Гулнора Каримова мутлақ изоляция қилинган. Ўзбекистон расмийларини ўз халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда Гулнора Каримовани зудлик билан¸ сўзсиз озод қилишга чақирамиз»¸ дейилади швейцариялик уч адвокат ëзган мурожаатда.

Швейцариялик адвокатлар Ғарб¸ хусусан¸ Швейцария адлия тизимини Ўзбекистон судлари чиқарган "асоссиз" ҳукмларни қабул қилиш орқали адолатсизликни қўллаб-қувватлашда айблаган.

БМТга йўлланган мурожаатда Ғарбнинг Ўзбекистондаги инсон ҳақлари топталишини қораланиш ўрнига уларни легитимлаштириш ҳаракатлари Гулнора Каримова каби тутқунларга нисбатан ҳам жисмоний¸ ҳам руҳий босимнинг ошишига хизмат қилаëтгани таъкидланади.

Тошкентдаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаëтган 49 яшар Гулнора Каримова жорий йил март отида мактуб чиқариб, ўзининг “мунтазам қийноққа тутилгани"ни шеърий мисраларда баëн қилган эди.

Апрелда онасини кўриш учун Лондондан Тошкентга учиб келган Имон Каримова Инстаграм саҳифасида аëллар қамоқхонаси бошлиғи Гулруҳ Каримова 13 йиллик қамоқ жазосини ўтаëтган онаси билан учрашувга изн бермаганлиги ҳақида ёзди.

Каримованинг Швейцариядаги адвокати Grégoire MANGEAT Ўзбекистон ҳукумати томонидан исталмаган шахс деб эълон қилиниб¸ унинг мамлакатга кириши тақиқланган.

Ўзбекистонга 2019 йил қилган сафари давомида Каримова билан учраштирилмаган MANGEAT нафақат Каримова¸ балки Зангиота колониясида сақланаëтган бошқа маҳкумларнинг оғир аҳволи¸ ҳуқуқсизлиги ҳақидаги твитлари ортидан Тошкент ғазабига дучор бўлди.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2020 йил 18 март куни Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари устидан ҳукмни эълон қилган эди.

Суд Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Каримованинг швейцариялик адвокати ҳамда фарзандлари тергов ва жазо муассасасида унинг ҳуқуқлари поймол этилганини иддао қилишган, аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси бу иддаоларни рад этган.

XS
SM
MD
LG