Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:39

Сувсизлик камбағални янада қашшоқлаштирмоқда; ҳукумат учун пахта приоритет


Ангор туманида аҳолига камбағалликдан чиқиш учун берилган ерга экилган мош ва ловия каби экинлар сувсизликдан қуриб қолган
Ангор туманида аҳолига камбағалликдан чиқиш учун берилган ерга экилган мош ва ловия каби экинлар сувсизликдан қуриб қолган

Ўзбекистон аномал жазирама ва қурғоқчиликни бошдан кечираëтган айни кунларда Озодликка сувсизлик муаммоси акс этган хабар ва видеолар келиши кескин кўпайди.

Хусусан¸ жанубий Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларидан келаëтган хабарлардан томорқа ва чорвани суғориш учун тақчиллашган сув устида жанжаллар чиқаëтгани кўрилади.

Бу эса¸ ўн йиллардан бери халқаро ва маҳаллий таҳлилчиларнинг иқлим иссиқлашиб бориши билан сув тақчиллиги аҳолиси ошиб бораëтган Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон учун фундаментал муаммога айланиши¸ ҳатто минтақада уруш чиқишигача олиб бориши ҳақидаги башоратларини яна кун тартибига қўймоқда.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигининг Озодлик гаплашган расмийси¸ 2021 йилда қурғоқчилик бўлишини ҳукумат олдиндан билиб¸ тегишли чоралар кўришга киришганини aйтди.

Озодликка юборилган вазирлик ҳужжатларидан¸ ҳукумат муаммони махсус комиссия тузиб¸ сув ҳисобини олиш¸ сув тақсимлаш бўйича лимит ўрнатиш воситасида ҳал этишга уринаëтгани англашилади.

Мирзиëев ваъдасига учиб¸ камбағалликдан чиқиш учун ер олиб¸ унга бор пулига уруғ сочган деҳқонлар эса¸ бундай чекловлардан яна камбағаллар зиëн кўраëтгани¸ сув тақсимлаш жойларда коррупциялашиб бораëтганини билдирди.

“Камбағални туянинг устида ҳам ит қопаркан...”

Озодликка Сурхондарë вилоят, Ангор туман, Навшаҳар қишлоғидан видеомурожаат юборганлар шундай фикрда. Улардан бири Эркин Гаппаровга кўра¸ қишлоқдаги камида 60 та кам таъминланган оила Шавкат Мирзиëевнинг ваъдасига ишониб¸ такрор экин экиш учун ер олган.

Унинг Озодликка айтишича¸ ерни ҳайдаш учун ўзи техникага 50 минг сўм¸ уруғ олиш учун эса¸ 200 минг сарфлаган. Аммо сувсизлик оқибатида экилган уруғ кўкармай туриб¸ қовжираб бормоқда.

-Президент Андижон вилояти сафарида буғдой даладан бўшаган ерлардан камбағалга ер берамиз, ўзимиз ҳайдаб берамиз¸ уруғини берамиз ва ўзимиз сотиб оламиз деган эди. Аммо бу гаплар биз учун эмас экан. Мана бир неча кундан бери қуруқ ваъдаларга ишониб экинларни суғоришга харакат қиляпмиз, фақат кунлик даромад ва вақтимизни йўқотяпмиз. Ер керак эмас деб ташлаб кетайлик десак¸ ерни ҳайдатишга, уруғга сўнгги пулимизни харажат қилиб қўйганмиз¸ дейди Гаппаров.

Сурхонда сув жанжали - камбағалларга берилган экин ерлари сувсизликда қовжираб қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:22 0:00

Айтилишича¸ камбағалликдан чиқариш учун ишсизларга мавсумий ер беришни Ангор туман ҳокимнинг такрорий экин бўйича ўринбосари секторга юклаган. Секторга масъул бўлган прокуратуранинг эса¸ Озодликка мурожаат қилган навшаҳарликларга кўра¸ вазиятдан хабари йўқ (томорқа ерларини суғориш прокуратура ваколатига кирмайди ҳам). Ер олганлар маҳаллага мурожаат қилса¸ улар ўзларида на маблағ¸ на ваколат йўқлигини айтиш билан чекланмоқда.

Сув тақсимоти устидан назорат кучайтирилди

Ангор туман ирригация бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда Навшаҳар ва туманнинг бошқа ҳудудларида сув борасида юзага келган муаммолардан хабари борлигини билдирди.

- Амударë сатҳи пасайиб кетган. Каналдаги сув сиғими ҳар йилгидан жуда кам. Ҳукумат вилоят ва районлар кесимида сувга лимит ўрнатган. Ана шу лимитдан келиб чиқиб¸ экин ерларини суғориш графигини тузганмиз¸ навбати билан беряпмиз. Приоритет пахта билан ғалла¸ ундан кейин аҳоли томорқалари. Навшаҳарга беш кун олдин бердик¸ яна навбати билан олади. Бу йил ҳамма жойда¸ айниқса¸ жанубий вилоятларда сув масаласи жуда оғир. Ишонсангиз¸ биз 24 соат ишлаяпмиз¸ дейди Ангор туман ирригация бўлими мулозими.

Айни пайтда бу мулозим¸ аҳоли томорқаларини суғориш учун зовур ва қудуқ сувларидан фойдаланилаëтганини тилга олди.

- Лекин бу ерда ҳам жиддий муаммо бор. Насослар етмайди¸ борларининг кўпи эскириб¸ куйиб ëтибди. Бундан ташқари¸ электр тақчил¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

Озодликка Қашқадарë ва Хоразм вилоятларидан юборилган видеоларда ҳам аҳволнинг Сурхондарëга уйқашлиги кўрилади.

Қашқадарëда қурғоқчилик: На одам¸ на мол¸ на экинга сув бор!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00

Хусусан¸ Қашқадарëданинг Деҳқонобод туманидан келган мана бу видеога “икки ойдан бери на ичимлик суви¸ ва томорқа ва на мол-подалар ичгани сув йўқ¸ бизга тезда ëрдам берилмаса¸ қандай яшашни билмай қолдик”¸ деб ëзилган.

Дашнобод¸ 1 июль¸ 2021 йил
Дашнобод¸ 1 июль¸ 2021 йил

Сурхоннинг Навшаҳаридан Озодликка мурожаат қилганлар ҳам¸ иложсизликдан айрим радикал чораларга қўл уришга мажбур бўлишларини айтади.

“Вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик, вилоят туман ҳокимлиги ҳал қилади¸ деб туман ҳокимлиги такрорий экин бўйича ўринбосари телефон номерини берди. У эса¸ секторга юклади, сектор маҳаллага юклади, маҳалла эса яна ҳокимиятга жўнатади. Пичоқ суякка қадалди. Ҳеч қандай иложимиз қолмаяпти.. Энди охирги йўл шу ердаги барча фуқаролар катта кўчани ёпиб ўз эътирозлигимизни билдириш”¸ дейди навшаҳарликлардан бири.

Ҳукуматнинг қурғоқчилик давридаги иш режаси

Озодлик бутун республика¸ хусусан¸ жанубий вилоятлардаги қурғоқчилик вазияти ва у билан боғлиқ чора-тадбирлар дастурига оид маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги билан боғланди.

Вазирликнинг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими¸ айни кунларда аксар мутасаддилар вилоятларда хизмат сафарида юргани ва сув билан боғлиқ вазиятга ечим излаëтганини билдирди.

«Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар тасдиқланган лимит асосида сув олади. Мавжуд сув ҳудуднинг суғориш майдонлари ҳажми, суғориладиган экин турлари, иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, адолатли тарзда тақсимланади. Вилоятларда вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, туманларда туман ҳокимлиги раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва келишилган график асосида сув берилади.

Барча сув истеъмолчилари шу графиклар билан таништирилган. Ўзларига қачон сув келишини ва қачон сув олишларини яхши билади. Бир пайтнинг ўзида ҳамма сув истеъмолчисига сув беришнинг иложи йўқ. Бу йил сув танқис бўлиши йил бошида огоҳлантирилган.

24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида сувдан тежаб фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган ва 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилаётгани айтилган. шуни ҳисобга олиб, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш топшириғи берилган»¸ деди Сув хўжалиги вазирлиги расмийси.

Ҳукуматнинг сув тақчиллиги шароитидаги чора-тадбирларига кўра¸ 2021 йилги қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш мақсадида махсус ишчи комиссияси тузилган. Вилоят ва туманларга сув лимити белгиланган¸ сув ҳисоби қаттиқ назоратга олинган¸ сувни тежашга оид режа ишлаб чиқарилган.

Озодлик гаплашган ангорликлар эса¸ сув тақсимоти устидан марказлашган назоратнинг ўрнатилиши янги порахўрликни юзага чиқарганини айтади.

“Ҳоким ва бошқа сектор раҳбарларининг қариндош-уруғларига расмийлаштирилган катта-катта ерлари бор. Бой кластерчилар бор. Уларнинг ерига сув бор¸ чунки ë зари¸ ë зўри бор. Лимит¸ навбат фақат камбағалга ишлатилади. Бизга навбат келганда ë сув жилдираб қолади¸ ëки уни қайсидир зўравон ўзига буриб олади”¸ дейди ангорликлардан бири.

Сурхонда сув жанжали - камбағалларга берилган экин ерлари сувсизликда қовжираб қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:32 0:00

Озодликка юборилган видеолардан бирида¸ навшаҳарликларга сув навбати келганда уни кластерчилар ўзига очаëтгани ортидан жанжал юзага чиққани кўрилади.

XS
SM
MD
LG