Тошкентнинг Юнусобод туманида қўлида гўдаги бўлган аёлнинг ИИВ ходимлари томонидан судралаётгани акс этган видео тармоқларда кескин норозилик уйғотди.
ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга кўра, ҳуқуқбузарлик бўлган жойдаги ёш болалар учун махсус чақириладиган профилактика инспекторлари бор, аммо айнан Юнусободда бундай инспекторлар ишга жалб қилинмаган.
Сўнгги пайтларда турли ҳуқуқбузарликлар жараёнида ҳимоясиз қолган ёки ота-онаси ажралгач, болаларни МИБ ходимлари мажбуран олиб кетаётгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалмоқда.
Узоқ йиллар терговчилик қилган собиқ ИИВ ходимига кўра, ҳуқуқбузарлик бўлган ёки бўлаётган пайтда, воқеа жойида бўлган болалар билан ишлашга оид қонунчиликда белгиланган аниқ ҳуқуқий норма йўқ, мавжуд ҳимоя тизими эса, одатан ички ишлар идорасида протокол имзоланганидан сўнг ишга тушади.
Ҳуқуқбузар онасига қўшиб хўрланаётган болалар
Тошкентнинг Юнусобод туманида шаҳар ИИБ ходимлари бир аёлни қўлида ёш боласи билан судраб, машинага ўтқазишга урингани акс этган видео 16 июнь куни Озодликка келиб тушди.
Видеода ИИБнинг икки ходими ва қўлида, кўринишидан 3 ёшдан кичик боласи бўлган бир аёл акс этган. Орган ходими аёлни, афтидан, машинага ўтказишга уринаркан, уни куч билан судрайди ва бу орада, аёлнинг қўлидаги бола ҳам зўравонликка нишон бўлади.
Бу видео эълон қилингач, Озодлик ўқувчилари ҳамда тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кескин норозиликка сабаб бўлди. Норозилар, қонунни бузган бўлса-да, онасига қўшиб ёш болага куч қўллаётган ИИВ ходимларига чора кўрилишини талаб қилди.
Тошкент ИИББ блогерларни айблади
17 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ, айнан Юнусободдаги воқеа видеосини тарқатган ахборот воситалари ва блогерларни “воқеани бир тарафлама ёртитганлик”да айблади.
Расмий баёнотда, бу аёлнинг қонунга зид равишда тиланчилик қилаётгани, бир неча бор огоҳлантирилгани, шунга қарамай “фуқароларнинг раҳмини келтириш мақсадида” гўдагидан фойдаланиб, қонунни бузиб келгани айтилган.
“Фуқаро илгари ҳам тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилганлиги ҳақида огоҳлантирилган. Суҳбатлар давомида унга бир неча бор ишга жойлашишда ёрдам таклиф қилинган, аммо у ҳалол меҳнат қилишнинг ўрнига жазирама иссиқда фарзандини қийнаб тиланчилик қилиш йўлини танлади. Ҳурматли блогерлар! Баландпарвоз сарлавҳалар ёзишдан олдин, гўдакларнинг ҳаёти ҳақида ўйлаб кўринг: бундай ҳолатларда қонунбузарларга қарши қонуний чоралар қўлланилишига қарши бўлиш тўғрими?” деб эътироз билдирди Тошкент шаҳар ИИББ.
Аммо, бу баёнотда ИИБ ходими томонидан нега қонунбузар онага қўшиб, ёш боласига ҳам куч қўлланганига аниқ изоҳ берилмади.
ИИВ матбуот хизмати изоҳи
ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг Озодликка айтишича, аслида бунақа ҳолатларда вояга етмаган болаларни ҳимоя қилиш механизми бор ва бу иш учун махсус кадр ажратилган:
“Аёллар ва болалар билан ишлайдиган махсус профилактика инспектори, психологлар бор. Ҳодиса содир бўлган жойда ёш болалар бўлса, ходимлар уларни чақиради ва тартиббузар шахсни тинчлантириш, боласини ҳимоя қилиш учун ўша ердаёқ суҳбатлашилади”.
Ғиёсов айнан Юнусободда бу тартиб ишга тушмаганини эътироф этди ва бунда қўполликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини айтди.
Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби ҳам Юнусободдаги воқеа тармоқда тарқалган видеода тўлиқ акс этмагани, Тошкент ИИББ ходимлари айнан видеодаги ёш боланинг ҳимояси учун тезкор чора кўришга мажбур бўлганини урғулади.
Собиқ терговчи: жиноят саҳнасидаги болаларга оид ҳуқуқий норма йўқ
Узоқ йиллар Тошкент шаҳридаги ИИБлардан бирида терговчи бўлган собиқ ички ишлар ходимига кўра, вазирлик матбуот котиби тилга олган болаларни ҳимоя қилиш механизми қонунбузарлик содир бўлган ёки бўлаётган жойда ишга тушмайди:
“Аёллар ва болалар билан ишлайдиган профилактика инспекторлари, психологлар бор. Лекин, улар жиноятчи ёки маъмурий ҳуқуқбузар ушланиб, одатда ИИБ биносига олиб келиниб, протокол имзоланганидан кейин жалб қилинади. Одатда, ИИБ ходимлари чақириқ бўлган жойга боради ва ҳуқуқ бузаётган шахсни ўзини ушлаб, ИИБга олиб келади. Унинг атрофида ёки қўлида боласи борми-йўқми, бу уларни қизиқтирмайди. Биласизми, ҳатто агар қўлида боласи бўлсаям, уни отделга олиб келган тезкор гуруҳ болани ҳужжатларга киритмайдиям. Масалан, машинаси ёки телефонигача ёзилади, лекин бола ёзилмайди. Просто бунақа тартиб йўқ”.
Айни пайтда адвокатлик қилаётган собиқ орган ходими Озодлик сўровидан сўнг, жиноятчиларни ҳибсга олиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарларга нисбатан ҳолатни ҳужжатлаштириш жараёнига тушиб қолган болалар билан ишлашга оид ички меъёрий ҳужжатларни яна бир бор махсус кўздан кечирганини айтди.
Унинг таъкидлашича, бундай вазиятда воқеа жойидаги болалар билан ишлашнинг алоҳида тартиби ҳатто ҳуқуқий норма сифатида ҳам мавжуд эмас:
“Мен шунча йил ишладим, жиноят жойидаги болалар масаласига аввал эътибор қилмаган эканман, тўғриси. Ҳозир ИИВдаги ички ҳужжатларга бир-бир қарадим: бунақа алоҳида инструкция йўқ экан. Кейин қонун ҳужжатлари ва қарорларга қарадим. Воятга етмаган болалар билан ишлаш, қонунбузар аёллар ва уларнинг болалари билан ишлашга оид нормалар бор. Ҳатто, вояга етмаган болалар олдида содир этилган жиноят учун жазони оғирлаштирувчи нормалар бор. Жиноятчилардан болаларни Васиийлик органи орқали ҳимояга олиш тартиби бор. Аммо, айнан жиноят жойида отаси ёки онасига қўшилиб қолган, уларни қўлида судра-судра бўлаётган болаларни воқеа жойининг ўзида ҳам руҳий, ҳам жисмоний ҳимоя қилиш ҳақида алоҳида ҳуқуқий норма йўқ экан, ўзим ҳам ҳайрон қолдим”.
Собиқ терговчи ИИВ структурасида вояга етмаган болалар билан ишлаш тартибига оид ҳуқуқий меъёрлар белгиланган айрим ҳужжатларни санади:
- “Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги” низом,
- “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонун,
- “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори,
- Ўзбекистон Жиноят кодекси.
Собиқ терговчига кўра, бу ҳужжатларнинг барчасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир бўлгани протокол билан тасдиқланганидан кейин ишга тушадиган ҳуқуқий нормалар белгиланган.
"Ҳуқуқбузарнинг шахси, манзили ва оилавий аҳволи аниқланганидан кейингина, ҳужжатларга вояга етмаган болалар киритилади. Унгача, улар йўқ, деб ҳисоблайверишингиз мумкин. Бу жараёнда болага бирор зарар етиб қолса, ИИВ ходими туртиб юборсаю бола жароҳатланса ёки бошқа оғирроқ оқибатлар бўлса, қонунан ота-онаси жавобгар бўлади. Болага етган маънавий зарар ҳақидаку умуман гап-сўз йўқ, афсуски”, деб таъкидлади собиқ терговчи.
Халқаро қонунчилик
"Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги конвенциянинг 9-моддасида, боланинг ота-онасидан турли сабабларга кўра ажратилишига оид нормалар белгиланган ва унда бу жараёнда бола манфаатлари ва ҳуқуқлари тўлиқ инобатга олиниши шартлиги таъкидланган.
Ушбу модданинг 4-бандида, конвенцияни ратификация қилган давлатлар зиммасига, жумладан ота-онадан бирининг ёки боланинг ўзи бирор сабаб билан ҳибсга олиниши асносида унинг умумий аҳволига зарар етмаслигини таъминлаш мажбурияти юкланган:
"... жумладан, ота-она ёки улардан бири ёхуд боланинг ҳибсга олиниши, қамоққа ташланиши, мамлакатдан бадарға қилиниши, депортацияси ёки ўлими юз берган тақдирда, конвенцияга аъзо давлатлар ота-она, бола ёки зарур бўлган тақдирда, оиланинг бошқа аъзосига зарур ахборотни боланинг умумий аҳволига зарар етказмаган ҳолда тақдим қилиши керак".
Ўзбекистон бу конвенцияни ратификация қилган ва бу ҳужжат 1994 йилнинг 29 июлидан кучга кирган.