Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:40

Тоғли Қорабоғ учун жанглар Озарбайжон ва Арманистон шаҳарларига ëйилмоқда


Степанакерт 4 октябрдаги артиллерия ҳужумидан сўнг
Степанакерт 4 октябрдаги артиллерия ҳужумидан сўнг

Озарбайжон ва Арманистон кучлари ўртасида бўлгинчи Тоғли Қорабоғ учун шиддатли жанглар давом этмоқда.

Ҳар икки томон йирик шаҳарларни тўплардан ҳужумга тутаркан, тинч аҳолининг хавфсизлиги юзасидан хавотирлар кучайган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кучайганидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб¸ ҳар икки томон бир-бирини тинч аҳолини нишонга олишда айбламоқда.

Тоғли Қорабоғдаги этник арман жангчиларининг иддаосича, 5 октябрь куни марказ Степанакерт тўртинчи кун кетма-кет артиллерия ҳужумига тутилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса, Арманистон кучлари мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри – Ганжани иккинчи кун тўплардан нишонга олганини маълум қилган.

Сўнгги ҳужумлар зиддият бўлгинчи ҳудуд чегарасидан ташқарига сезиларли миқёсда ёйилаётганини кўрсатади.

Озарбайжон ҳарбийлари ҳужум Арманистон шимоли-шарқидаги Берд минтақасидан амалга оширилганини айтган.

Боку шунингдек, арман кучларини Тартар, Барда ва Бейлаган шаҳарларини ҳам ҳужумга тутганликда айбламоқда.

Озарбайжон Мудофаа вазири Зокир Ҳасанов Арманистоннинг сўнгги ҳаракатлари “зиддият ҳудудини кенгайтириши”ни айтган.

“Озарбайжон ҳудудига Арманистон ҳудудидан туриб ўт очиш очиқча иғвогарлик ва зиддият ҳудудини кенгайтиради”, - деб айтган Озарбайжон Мудофаа вазири.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Озарбайжон ҳудудини нишонга олганини рад этмоқда.

Тоғли Қорабоғнинг амалдаги раҳбари Араик Арутюнян ўз кучлари Ганжадаги ҳарбий базани нишонга олганини тасдиқлаган. Айни пайтда у тинч аҳоли орасида талофатларга йўл қўймаслик мақсадида ҳужумларни тўхтатишга буйруқ берганини иддао қилган.

50 мингга яқин аҳоли яшайдиган тоғли Степанакерт шаҳри 2 октябрдан буён артиллерия ҳужумларига тутилмоқда.

Жанглар бошланганидан буён икки томон 244 кишининг ўлими ҳақида хабар берган.

Улардан 60 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти 4 октябрь куни “шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги отишмалар ҳамда бошқа турдаги ноқонуний ҳужумлар”ни қоралаб чиққан.

XS
SM
MD
LG