Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

Тоғли Қорабоғда: Арманистон ҳарбий ҳолат, Озарбайжон эса "ғалаба" қозонганини эълон қилди (ВИДЕО)


Арманистон бош вазири Никол Пашинян аскарлар билан учрашмоқда, 30 август, 2020
Арманистон бош вазири Никол Пашинян аскарлар билан учрашмоқда, 30 август, 2020

Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетди.

Арманистонда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилинди.

Ереваннинг бу қароридан сал олдин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғда Боку қўшинлари «ғалаба қозонганини» даъво қилди.

Арманистон Озарбайжонни айирмачи ҳудудда оддий аҳолини ўққа тутишда айбламоқда. Боку эса арман қўшинларини Озарбайжон ҳарбий позицияларига ҳужум қилишда айблади.

Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Facebookда «Ҳукумат ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳамда умумий сафарбарликни бошлашга қарор қилди», деб ёзди.

Аввалроқ Пашинян Озарбайжонни Тоғли Қорабоғда, жумладан, унинг пойтахти Хонкандида яшовчи оддий аҳолига ракета отиш ва уларга ҳаводан ҳужум қилишда айблаганди.

Озарбайжон эса Арманистон ҳужумига жавобан ҳарбий амалиёт бошлаганини даъво қилган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни Озарбайжоннинг 2 вертолёти ва 3 дронини уриб туширганини билдирди.

Расмий Боку эса бу хабарни рад этди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эълон қилган билдирувда «Жавобимиз мутаносиб бўлади. Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий етакчилари мазкур вазият учун тўла масъул», дейилади.

Озарбайжон армияси эса арман қўшинлари ҳужумига жавоб қайтаргани, мамлакат қўшинлари вазиятни «тўлиқ қўлга олганини» маълум қилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тоғли Қорабоғда арман аёл ва ёш бола нобуд бўлганини айтди.

Озарбайжон президенти матбуот котиби Ҳикмат Ҳожиев «оддий фуқаролар ва ҳарбийлар орасида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар борлиги» ҳақида хабар келиб тушганини билдирди.

Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркия, Арманистонни зудлик билан ортга чекинишга чорлаб, акс ҳолда минтақага «ўт кетиши» ҳақида огоҳлантирди.

Россия ҳар икки тарафни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чорлади.

Франция эса янги тўқнашувлар юзасидан чуқур хавотир изҳор қилди.

Кейинги ойларда Кавказда тўқнашувлар сони ошди. Июль ойида содир бўлган жанговар тўқнашувларда камида 17 одам нобуд бўлганди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Москвани Арманистонга қурол-аслаҳа экспорти ҳажмини оширишда айблаб келади. Россиянинг Арманистонда ҳарбий базаси бўлиб, Ереванни минтақадаги стратегик ҳамкори ўлароқ кўради.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери Тоғли Қорабоғ ҳудуди туфайли зиддият давом этиб келмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.

Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.

Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

XS
SM
MD
LG