Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:19

Аҳоли норозилиги ортидан Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни вилоятга ўтказиш режаси тўхтатилди (ВИДЕО)


9 август куни Сергели туманидаги Чоштепа маҳалласи аҳли ҳам Зангиота туманига ўтказилиш режасига қарши ўз норозилигини ифодалади.
9 август куни Сергели туманидаги Чоштепа маҳалласи аҳли ҳам Зангиота туманига ўтказилиш режасига қарши ўз норозилигини ифодалади.

6 августдан бери Тошкент шаҳрининг Ўрикзор, Кўксарой¸ Зарафшон¸ Улуғбек ва Чоштепа маҳаллаларида давом этаëтган кескин норозиликлар ортидан 11 август куни Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ҳудудларни айирбошлаш режасининг тўхтатилгани билдирилди.

Озодликка келган видеомурожаатида Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган Ўрикзор маҳалласи раиси 11 август куни Тошкент шаҳар ҳокими билан “бир минутлик” учрашувда бир метр ҳам жойнинг Зангиототага ўтмаслиги айтилганини эълон қилди.

Айни учрашувда қатнашган ўрикзорлик фаолларнинг Телеграмда тарқаган аудиоларида эса¸ нафақат Ўрикзор¸ балки¸ умуман Тошкент шаҳридаги бошқа маҳаллаларни Тошкент вилоятига ўтказиш режасининг бутунлай тўхтатилгани айтилди.

Озодлик куннинг иккинчи ярмида гаплашган Сергели туман ҳокими ўринбосари¸ Вазирлар Маҳкамаси топшириғи билан туман ҳудудидаги маҳаллаларни Тошкент вилоятига ўтказиш режаси тўхтатилганини тасдиқлади.

Аҳоли норозилиги ортидан президент маъқуллаган лойиҳа тўхтатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00

5 август куни Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳри ва вилоятининг Бош режаси лойиҳасини Шавкат Мирзиëевга тақдим этди ва бу лойиҳа президент томонидан маъқулланди.

Бу режа пойтахтнинг Учтепа¸ Сергели ва Бектемир туманларидаги 1010 гектар ерни Тошкент вилояти маъмурий тасарруфига ўтказиш эвазига вилоятнинг Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан 10 196 гектар ерни (1:10 нисбатда) пойтахтга қўшиб беришни кўзда тутади.

Ўрикзорда байрам

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги Ўрикзор маҳалласини Тошкент вилояти Зангиота туманига қўшиш режасига норозилик билдириб келган маҳалла аҳли 11 август куни ўз “ғалаба”сини байрам қилишга киришди.

Бунга маҳалла раиси Ҳасан Қаландаровнинг 11 август куни Тошкент шаҳар ҳокими ва бошқа расмийлар билан учрашувдан келиб қилган қисқа баëноти сабаб бўлди.

Мана ҳозир 20-25 киши бориб келдик. Шаҳар ҳокими ëнида Зиямуҳаммедовми¸ Муҳаммад Зиëми ўшалар билан биргаликда айтилди – 1 метр жой Зангиотага ўтмайди! Бир минутлик мажлис бўлди”¸ дейди маҳалла аҳлига қилган видеомурожаатида маҳаллақўм.

Айни пайтда маҳалла раиси ўрикзорликларни¸ бу янгиликни байрам қилишга шошмасликка ҳам даъват қилади.

Болалар¸ Ўрикзор маҳалласи болалари¸ йигитлар! Катта-кичик ҳаммага битта мурожаатим Сизлардан илтимос¸ просто биза ютиб чиқдик¸ анақа қилдик¸ манақа қилдик¸ шу нарса керакмас. Майли қанча байрам тараддуд қилсанглар қилинглар¸ бугун-эрта карантин. Худо хоҳласа уч кундан кейин очилади¸ уч кундан кейин қилсанглар майли¸ гап бўлиши мумкинмас. Мана ҳаракат қилдик¸ югурдик¸ елдик¸ нима бўлса бўлди. Бир метр жой ўтмайдиган бўлди¸ Худо хоҳласа. Ҳаммага раҳмат!

Маҳалла раисининг бундай мурожаати билан кетма-кет¸ ўрикзорликлар очган Телеграм каналида шаҳар ҳокими билан учрашувда қатнашганлардан яна бирининг аудиоси тарқади.

Унда ўзининг “ҳокимиятдаги учрашувдан чиқиб келаëтгани”¸ унда депутат ва сенаторлар қатнашганини айтган шахс¸ нафақат Ўрикзор¸ балки Тошкент шаҳрининг уч туманидаги маҳаллаларни вилоятга ўтказиш режаси тўхтатилганини айтади.

Хотиржам бўлинглар. Тошкент вилоятига ўтмайдиган бўлди шаҳар. Учаласи (учта туман назарда тутилмоқда -таҳр.) қолди. Шаҳардан вилоятга биттаси ҳам ўтмас экан¸ бир сотих жой ҳам ўтмас экан¸ҳаммаси қолди шаҳарда”¸ дейди бу “хушхабар”ни ош қилиб ювишни таклиф қилган ўрикзорликлардан бири.

Замҳоким: Чоштепа ҳам Сергелида қоладиган бўлди!

9-10 август кунлари 100 дан ошиқ одам тўпланиб¸ Чоштепа маҳалласининг Сергели туманидан вилоятнинг Зангиота тумани тасарруфига ўтказилиш режасига қаршилик кўрсатгани ортидан¸ҳокимият вакиллари бу маҳалла аҳли билан музокара бошлаган эди.

11 август куни Озодлик гаплашган туман ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Хидиров¸ ушбу маҳаллани Тошкент вилоятига ўтказиш режаси ҳам тўхтатилганини билдирди.

- Чоштепа Зангиотага қўшилмайдиган бўлди. Бу аниқ¸ журналистлар Кабминдан суриштириб олишлари мумкин. Ўзи қўшилиш бўйича ҳеч қандай ҳужжат чиққани йўқ эди. Фақат оғзаки гап эди. Кеча депутатларимиз шаҳар ҳокимиятига оборди. Кабминдан топшириқ келди¸ ҳеч қандай қўшилмайди¸ деган. Бош вазирнинг ўзлари айтибдилар – Тошкент вилоятига қ-ў-ш-и-л-м-а-й-д-и¸ деб.

Ҳокимият мулозими¸ бир ҳудудни иккинчи ҳудудга қўшиш¸ ижро ҳокимиятининг битта қарори билан амалга ошириладиган иш эмаслиги¸ бундай қарорнинг қатор босқичдан ўтиб¸ кейин қабул қилинишини таъкидлади.

- Бунинг учун¸ биринчи навбатда туман Халқ депутатлари кенгаши сессияси қарор чиқариши керак. У нимага асосланади ? Биринчидан¸ туман аҳолисининг 50 фоиздан кўпроғи бунга ëзма равишда рози бўлиши керак. Иккинчидан¸ бундай қарор лойиҳаси 15 кун regulation.uz сайтида туриши керак. Ўшанда одамларнинг билдирган фикри ва овозига қараб ҳал этилади. Ундан кейин туман¸ шаҳар¸ вилоят кенгашининг қарорлари чиқади¸ундан кейин Олий Мажлисга жўнатилади¸ қўшма сессияда кўриб чиқилади. Ундан кейин Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқади. Бу ишларнинг бирортаси бўлгани йўқку ҳали! Бу битта буйруқ билан бўладиган ишмас¸ одамларга шуни тушунтира олмадик.

11 август маҳаллий вақт билан кечки соат 5 дан кейин Озодлик билан гаплашган Сергели туман ҳокими ўринбосари¸ шаҳар маҳаллаларини вилоятга ўтказиш жараëни тўхтатилгани масаласида¸ ўз тумани мисолида¸ аниқ баëнот бера олишини билдирди.

- Мен¸ Тошкент шаҳар Сергели туман ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Хидиров¸ расмий равишда баëнот қиламан¸ Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра¸ ўтмайди¸ деб маълумот келди бизга. Бошқа туманларни билмайман¸ Сергели бўйича шундай расмий баëнот бера оламан. Бугун соат 6 да шаҳар ва туман депутатларимиз бориб¸ чоштепаликларга шуни айтишади, деди Хидиров 11 август куни.

Норозиликлар тўлқини

5 август куни президентга тақдим қилинган Тошкент шаҳри ва вилоятининг Бош режасига кўра¸ пойтахтдаги қатор туманларнинг вилоят тасарруфига ўтиши ҳақидаги янгилик ўша куниëқ маҳаллий телеканалларда кенг ëритилди.

Бу хабар ортидан 6 август куни 300 га яқин ўрикзорлик ҳукуматнинг Ўрикзор даҳасини Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, эрталаб ва кечқурун Ўрикзор маҳалласи марказига йиғилди.

"Ўрикзор"ликлар ўз маҳалласининг Тошкент шаҳри тасарруфидан чиқарилишига норозилик билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:03 0:00

Бу норозилик 7 август куни ҳам давом этди¸ айни пайтда унга Мирзо Улуғбек туманидаги Улуғбек маҳалласи¸ 9 август куни эса¸ Сергели туманидаги Чоштепа маҳалласи аҳли ҳам қўшилди.

Озодликка чоштепаликлар юборган видеода 9 август куни стихияли равишда тўпланган 100 дан ошиқ маҳалла аҳлининг¸ ўз олдига келган ҳокимият вакилига норозилигини ифода қилгани акс этган.

Тўпланганлар орасида бўлган чоштепаликлардан бирининг Озодликка айтишича¸ 9 август кечқурун аввалига маҳалла марказида тўпланганлар¸ сўнгра янги домлар олдида қурилган Грин паркка борган.

Тунги соат 10-11 ларда 100 дан ошиқ одам йиғилди. РОВД¸ Миллий гвардия аскарлари¸ замҳоким етиб келди. Биз уларга талабимиз қондирилмаса¸ катта магистраль йўлни тўсашимизни айтдик. Кейин қурилиш ишлари бўйича замҳоким келди. “Карантин қоидасини бузяпсизлар. Наряд чақирамиз¸ ëмонлик билан тугайди¸ тарқалинглар”¸ дейишди. Биз эрталаб каттаконлардан кимдир келиб¸ тушунтирсин¸ жавобгар шахс бизга шаҳарда қолади¸ деган аниқ гапни айтсин¸ кейин норозиликни тўхтатамиз"¸ деб шарт қўйдик”¸ дейди бу йиғилиш қатнашчиларидан бири.

Шундай келишув билан тарқаган чоштепаликлар¸ 10 август куни маҳалла марказига тўпланганда¸ маҳаллада “формасиз бегона”ларнинг ниҳоятда кўплиги¸ катта кўча бошига 6-7 та "Отайўл" автобуси териб қўйилганига гувоҳ бўлган.

Буни кўриб¸ бирор провокация чиқмасин¸ деб соат 9 ларда маҳалламиздаги 303-мактабга кирдик. 100 та одам йиғилди¸ киришимиз билан шаҳар ва туман халқ кенгашидан депутатлар келди. Икки соат мажлис бўлди. Петиция ëзилди¸ унга 150 дан ошиқ одам имзо қўйди. Депутатлар оригиналини опкетди. “Кутинглар¸ бу нарса ўзидан ўзи ўтиб кетмайди. Халқ овози деган портал бор¸ ўша жойда овозга қўйилади. Беш кун ичида тақдим қиламан¸ керакли жойга. Ëзма жавоб берилади. Шанба куни маҳалла комиссиясига ëзма равишда тақдим қилинади¸ бошқа тўпланманглар”¸ дейишди. Шанбагача расмий жавобни кутадиган бўлиб тарқадик”¸ дейди 303-мактабдаги учрашув иштирокчиларидан бири.

Чоштепа ва ўрикзорликлар¸ ўзларига ҳозирча очиқча таҳдид ва қўрқитув бўлмаган бўлса-да¸ формасизлар ва кўча бошига териб қўйилган "Отайўл" автобуслари¸ ҳукумат билан келишмовчилик давом этадиган бўлса¸ унинг қандай ривожланишидан берилган кучли огоҳлантирув бўлганини таъкидлади.

11 август куни “ўрикзорлар ғалабаси” хабарини эшитган чоштепаликлар¸ Озодлик гаплашганларнинг айтишича¸ маҳаллани шаҳар ҳудудида қолдириш ҳақида аниқ расмий жавоб берилмагунча¸ норозилик ҳаракатларини тўхтатмоқчи эмас.

Ҳозир ҳаммамизни чақиришди. Кеча учрашган депутат ëзма баëнот беришга келаяпти экан. Кўрайликчи¸ нима дейди. Балки ўрикзорликлар айтгандек¸ шаҳар ерларини вилоятга бериш режаси бутунлай тўхтатилганини эълон қилар. Сизга хабарини¸ албатта¸ етказамиз”¸ деди маҳаллий вақт билан 14:00 лар атрофида Озодлик гаплашган чоштепаликлардан бири.

Сергели туман ҳокими билан суҳбат арафасида Озодлик қайта боғланган чоштепалик фаоллар¸ 14:00 га белгиланган учрашувнинг кечки соат 6 га қолдирилганини билдирди.

- Ҳозирча ҳеч ким келмади. Депутатларни кутиб ўтирибмиз. Хушхабар билан келади¸ деган умиддамиз. Ундан бошқасига кўнмаймиз ҳам¸ деди чоштепалик фаол.

XS
SM
MD
LG