Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Тошкент вилоятига қўшилишга қарши норозиликлар: Ўрикзорликлар петиция эълон қилди, улуғбекликлар имзо тўпламоқда


Ўрикзорликларнинг норозилик чиқиши. 6 август. 2020 йил.
Ўрикзорликларнинг норозилик чиқиши. 6 август. 2020 йил.

7 август куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳалласида яшовчи аҳоли Ўрикзор даҳасини Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, ҳукуматга петиция йўллади.

Айни пайтда Тошкент вилоятининг Қибрай туманига қўшилиши режаланган пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек маҳалласи (Улуғбек шаҳарчаси) аҳли ҳам ҳукуматга ёзилган норозилик мактубига имзо тўпламоқда.

6 август куни 300 га яқин ўрикзорлик ҳукуматнинг Ўрикзор даҳасини Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, эрталаб ва кечқурун Ўрикзор маҳалласи марказига йиғилди.

Ҳукумат президентга 5 август куни тақдим этган Тошкент шаҳри ва вилояти Бош режаси лойиҳасига кўра, пойтахтнинг 1010 гектар майдони, жумладан, Ўрикзор даҳаси ва Улуғбек шаҳарчаси ҳудуди Тошкент вилоятига ўтказилади.

Озодлик гаплашган Давергеодезкадастр мулозими Ўрикзор даҳаси ва Улуғбек шаҳарчасини пойтахт тасарруфидан чиқариш таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли эканини таъкидлади.

Ўрикзорликлар норозилиги

6 август куни икки марта норозилик чиқиши қилган ўрикзорликлар ҳукуматга ўз норозиликларини петиция кўринишида йўллашди.

Gazeta.uz нашрида эълон қилинган петицияда, президентдан ушбу масалани адолат билан кўриб чиқиш, маҳалла аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда, Ўрикзор даҳасини Тошкент шаҳри таркибида қолдириш сўралган.

6 август куни соат 11 ларда Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳалласида яшовчи тахминан 300 га яқин одам ҳукуматнинг Ўрикзор даҳасини Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, кўчага чиқди.

Тўпланганлар¸ туман раҳбарлари норозилар билан учрашиб, улар шикоятини шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга етказишга ваъда бергани ортидан тарқалди.

Кечки соат 6 да ўрикзорликлар шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари билан учрашиш истагида яна йиғилди.

Икки соатча Ўрикзор маҳалласи марказида йиғилиб турган норозилар олдига бу сафар раҳбарлардан ҳеч ким келмади.

Ўрикзорликлардан 12 киши Ортиқхўжаев билан учрашиш учун шаҳар ҳокимлигига олиб кетилганидан кейин йиғилганлар уйига тарқалди.

“12 кишини Ортиқхўжаевнинг ўзи қабул қилибди. Жуда яхши муносабатда бўлибди. Ҳоким Ўрикзорни Зангиотага қўшиш ҳали лойиҳа экани, одамлар тўполон қилмасдан¸ лойиҳа натижасини кутиши кераклигини айтибди”, деди Озодлик гаплашган ўрикзорликлардан бири.

Озодлик Ортиқхўжаев қабул қилгани айтилаётган 12 ўрикзорликдан бирортаси билан боғланиш имконига эга бўлмагани боис¸ҳозирча бу учрашув тафсилотларига эга эмас.

Улуғбекликлар норозилиги

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчаси аҳолиси ҳам Қибрай туманига қўшилишга қарши.

Шаҳарча аҳолиси 6 август куни Телеграм каналида махсус гуруҳ тузиб, ўз норозилигини қандай билдириш режасини тузмоқда.

“Биз ўрикзорликларга ўхшаб кўчага чиқмоқчи эмасмиз. Биз юристлар, депутатлар билан маслаҳатлашиб, ўз норозилигимизни билдириб, имзо тўпламоқчимиз. Ҳозир ҳукуматнинг асосий идораларига жўнатишни режалаштирган мактуб тексти устида ишлаяпмиз. Эртага соат 10дан бошлаб имзо тўплашни бошлаймиз. Ҳар бир кўчага одам бириктирдик. Уйма-уй юриб, имзо тўплаймиз. Лекин карантин қоидаларига амал қиламиз. Буни пухта режалаштиряпмиз, бизни карантинни бузганликда айбламасликлари учун. Шаҳарчамизда 7500 одам яшайди. Ҳар бир одам имзосини олишга ҳаракат қиламиз”, деди имзо тўплаш тадбири ташкилотчиларидан бири.

Норозилик сабаби нима?

Кўксарой маҳалла фаолларидан бири аҳоли нима учун Зангиота тумани ҳудудига қўшилишига қаршилигини шундай изоҳлади:

“Адрес ўзгарса, ўз-ўзидан ҳужжатларни ҳам ўзгартириш керак бўлади. Биринчидан, кўпчиликда машина бор, давлат рақамини ўзгартириш керак. Кейин кадастр, прописка ўзгаради. Булар ҳаммаси одамлар учун ортиқча харажат. Кейин биз барча ҳужжат ишлари учун Зангиотага боришимиз керак бўлади. Бу бизга узоқлик қилади. Кейин даволаниш учун ҳам Зангиотага боришга тўғри келади. Бу ҳам бизга анча ноқулай”.

Ўрикзор маҳалла йиғини ходимларидан бирига кўра, ўрикзорликлар агар ўз ҳудуди пойтахт тасарруфидан чиқарилса¸ кўп нарсани йўқотишини билгани учун норозилик билдирмоқда.

“Ўзи Ўрикзорда асли тошкентликлар¸ яъни Эски шаҳар, Хадрадан кўчиб, келганлар яшайди. Бутун ота-боболари шаҳарлик бўлиб, келсаю, бирданига қишлоқликка айланса, ҳеч кимга ёқмайдида бу. Бизнинг айбимиз, бетонканинг бу томонида бўлганимиз. Ўрикзор Зангиотага қўшилса, маҳалла аҳли кўп нарса ютқазади. Кўп ўзгаришлар бўлиши керак. Кадастр ҳужжатлари, одамларнинг бошқа ҳужжатлари ўзгаради. Одамларимиз вилоятга қўшилсак, болаларини яхши ўқишга жойлаштира олмаслигини айтяпти, яхши мактабда ўқита олмаслигини айтяпти. Вилоятнинг болаларини шаҳар қабул қилмайди. Пропискага қарайди. Тошкентга ишга жойлашишда ҳам муаммо бўлади. Шунинг учун бизга ёмон томони жуда кўп”, деди Ўрикзор маҳалла йиғини ходими.

Улуғбек маҳалласида яшовчи аёл эса Қибрайдаги коммунал хизматлар қониқарсиз экани сабаб¸ўз маҳалласини Тошкент вилоятига қўшилишига қарши эканини айтади.

“Қибрайда қариндошларимиз яшайди. У ердаги аҳволни жуда яхши биламан. Свет, газ, иссиқ сув ҳар доим уларда муаммо. Агар бизни Қибрайга ўтказса, биз ҳам газ-светга зор бўлиб қоламиз. Биз мутлақо қаршимиз Қибрайга қўшилишга. Мен ҳам норозилик мактубига эртага қўл қўяман”.

Мулозим: Ўрикзордаги низога Тошкент шаҳар ҳокимлиги сабабчи

Ўзбекистон ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси (Давергеодезкадастр)нинг Озодлик боғланган мулозими Ўрикзор даҳаси ва Улуғбек шаҳарчасини пойтахт тасарруфидан чиқариш таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли эканини таъкидлади.

“Тўғри бизнинг қўмита Тошкент вилоятидаги 19 та анклав ҳудудлар чегарасини ўзгартириш лойиҳаси устида ишлади. Лекин Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш лойиҳасига қўмитанинг алоқаси йўқ. Бу Тошкент шаҳар ҳокимлигининг таклифи, уларнинг иши. Номутаносибликлар мавжуд ҳудудларни ўзгартириш устида жорий йил бошида иш бошланди. Лойиҳалар март ойида тайёр бўлди, бироқ карантин сабаб тўхтатиб қўйилди. Мен интернетда Ўрикзор маҳалласи норозилигини кўрдим. Бунда бизни айблашмасин. Нима қилса, шаҳар ҳокимлиги қиляпти. Ҳокимлик кольцовойдан ташқаридаги ерларни Тошкент вилоятига бермоқчи. Биз фақат қўшиб келганмиз. Шу пайтгача шаҳар фақат кенгайиб келган, лекин шаҳардан бирор ҳудуд чиқариб ташланмади. Шаҳар ҳокимлигининг режаси - Тошкентни Нурафшон шаҳри томонга қараб кенгайтириш. Шаҳарнинг бу томондаги чегарасини кольцовойда тўхтатиб, у томонини Нурафшонга етказмоқчи. Нимага бундай қиляпти, буни фақат шаҳар ҳокимлиги билади. Улар президентга нимани асос қилиб кўрсатишган? Буни мен билмадим”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Мамлакатдаги архитектура ва қурилиш соҳасига масъул Қурилиш вазирлиги мулозими ҳам Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш таклифига вазирликнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Бизнинг Тошкент шаҳридаги ҳудудларни вилоятга қўшиш ёки чиқаришга алоқамиз йўқ. Вазирлик фақат вилоятлар бўйича шуғулланади. Тошкент шаҳри эса шаҳар ҳокимлигига берилган. Улар мустақил ўзи ҳал қилади”, деди ўзини таништирмаган вазирлик мулозими.

7 августда Озодлик Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятовга кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди. Бироқ Ҳидоятов билан боғланиш имкони бўлмади.

Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империяси эгаси саналган Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлик қилаëтган Тошкент шаҳар ҳокимлиги илгари сураëтган бундай ер алмашув режаси ортида қайси гуруҳларнинг қандай иқтисодий манфаатлари турганига оид ҳозирча Озодлик ихтиëрида маълумот йўқ.

Ҳукуматнинг мунозарали режасини президент маъқуллади

Ҳукумат режасига кўра, пойтахтнинг 1010 гектар ҳудудини Тошкент вилоятига ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда Тошкент вилоятидан пойтахтга 10196 гектар ер майдони қўшилиши режалаштирилган.

Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар доирасида тақдим этилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев таклифларни маъқуллаган.

President.uz ёзишича, янги ўзгаришлар орқали Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларидаги номутаносибликларга барҳам берилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсади кўзланган.

Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

XS
SM
MD
LG