Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Ўрикзорликлар ўз даҳасининг Тошкент вилоятига қўшилишига оид президент маъқуллаган режага норозилик билдирди(ВИДЕО)


Ўрикзордаги норозилик пайти. 6 август. 2020 йил.
Ўрикзордаги норозилик пайти. 6 август. 2020 йил.

6 август куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳалласида яшовчи тахминан 300 га яқин одам ҳукуматнинг Ўрикзор даҳасини Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдирди.

Тўпланганлар¸ туман раҳбарлари норозилар билан учрашиб, улар шикоятини шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга етказишга ваъда бергани ортидан тарқалди.

Кечки соат 6да ўрикзорликлар шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари билан учрашиш истагида яна йиғилишди.

Икки соатча Ўрикзор маҳалласи марказида йиғилиб турган норозилар олдига бу сафар раҳбарлардан ҳеч ким келмади.

Ўрикзорликлардан 12 киши Ортиқхўжаев билан учраштириш учун шаҳар ҳокимлигига олиб кетилганидан кейин йиғилганлар уйига тарқалди.

Ҳукумат президентга 5 август куни тақдим этган Тошкент шаҳри ва вилояти Бош режаси лойиҳасига кўра, пойтахтнинг 1010 гектар майдони, жумладан, Ўрикзор даҳаси ҳудуди Тошкент вилоятига ўтказилади.

Норозилик тадбири-1. Соат 11:00

6 август куни соат 11 ларда Учтепа тумани Ўрикзор даҳасининг учта маҳалласи - Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳаллалари аҳолиси вакиллари Ўрикзор даҳасини Зангиота туманига қўшиш режасига норозилик билдириб, Ўрикзор маҳалласи марказига йиғилди.

Ушбу норозилик чиқишида қатнашган ўрикзорлик йигитга кўра, уч маҳалладан тахминан 300 нафар одам Ўрикзор маҳалласига йиғилган.

“Бугун эрталаб соат 11лар эди. Ўрикзор даҳасидаги учта маҳалла одамлари Ўрикзор маҳалласида жойлашган 3- ГОМ (Ички ишлар бўлими, таҳр) биноси олдига бордик. Кеча телевизорда Ўрикзор даҳасидаги учта маҳалла Зангиотага қўшилиши ҳақида эшитишдик. Шунга норозилик билдириб, чиқдик. Ўрикзор маҳалласи даҳамиз марказида жойлашгани учун шу ерга бордик. Ҳамма норози, ҳамма қарши, Ўрикзорнинг Зангиотага қўшилишига”, деди исмини очиқламасликни сўраган ўрикзорлик.

Ўрикзор маҳалласи фаолларидан бирига кўра, норозилар арзини эшитиш учун туманнинг барча раҳбарлари воқеа жойига келган.

“Учтепа туман ҳокими, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи, туман Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ) бошлиғи, туман ҳокими ўринбосарлари ҳаммаси келишди. Туман ҳокимимиз Фарҳод ака, бу ҳали лойиҳалиги, ҳали тасдиқланмаганини айтиб, халқнинг шикоятини шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга етказаман, деб ваъда берди. Шундан кейин одамлар тарқалди. Энди билмадик, кўрамиз нима бўлишини. Лекин халқнинг ҳаммаси норози. Ўрикзорда 20 минг одам яшайди. Шу 20 мингнинг ҳаммаси норози”, деди Ўрикзор маҳалласи фаоли.

Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеода Учтепа туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев норозиларни тинчлантираётгани акс этган.

"Мен туман ҳокимиман, отим Фарҳод. Кеча "Ўзбекистон 24"да кўрсатилгани бўйича ҳозир ёши катталар билан, маҳалла активлари билан гаплашдик. Ҳозир бу нарсаларнинг ҳаммасини қоғозга тушириб, сизларнинг эътирозларингизни, қонуний вакилингиз сифатида етказаман", дея Фарҳод Абдуллаев норозилардан уйларига тарқалишни сўрайди.

Норозилик тадбири-2. Cоат 18:00

Ўрикзорликларнинг Озодликка билдиришича¸ маҳаллий вақт билан кечки соат 6 да улар билан шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари учрашиши кутилганди.

Шу муносабат билан Ўрикзор даҳаси марказидаги масжид олдига яна юзлаб ўрикзорлик йиғилди.

Воқеа жойида бўлган ўрикзорликларга кўра, масжид олдига кўп сонли ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари йиғилган. Бироқ шаҳар ҳокимлигидан ҳеч ким келмаган.

"ИИБ одамларни тарқатмоқчи бўлди. Бироқ ҳеч ким тарқалмади. Кейин маҳалладан 12 кишини танлаб олиб, шаҳар ҳокимлигига олиб кетишди. "Улар ўрикзорликлар номидан шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев билан учрашади", дейишди".

Ўрикзорликлар: Телеграм саҳифамизни ўчиришди

Ўрикзорликларнинг Озодликка айтишича, улар Ўрикзор даҳасининг Зангиота туманига қўшилиш режаси эълон қилингач, Телеграм тармоғида махсус саҳифа очиб, ўша жойда фикр алмашишни йўлга қўйишган.

Телеграмдаги бу саҳифа ҳақида эрталабки норозилик йиғини пайти раҳбарлар ҳам тилга олганди.

"Сизлар ҳозир тарқалингда, Интернетдаги ўша каналингиз орқали гаплашинглар. Шунда карантин қоидаларига ҳам амал қилган бўласизлар", деган туман раҳбарларидан бири.

Соат 18:00даги йиғин ҳам ўша Телеграм канали орқали муҳокама қилинган эди.

Тошкент вақти билан соат 19:10да Озодликка боғланган ўрикзорлик йигит Телеграмдаги ўша саҳифа ўчириб ташланганини айтди.

"10 минутча бўлди, Телеграм каналимизга ҳакерлар ҳужум қилди. Каналимиз уже йўқ. Ўчириб ташлашди. Биз яна янгидан канал очиб олдик".

Ўрикзорликлар норозилиги сабаби нима?

Ўрикзор маҳалла йиғини ходимларидан бирига кўра, ўрикзорликлар агар ўз ҳудуди пойтахт тасарруфидан чиқарилса кўп нарсани йўқотишини билгани учун норозилик билдирмоқда.

“Ўзи Ўрикзорда асли тошкентликлар¸ яъни Эски шаҳар, Хадрадан кўчиб, келганлар яшайди. Бутун ота-боболари шаҳарлик бўлиб, келсаю, бирданига қишлоқликка айланса, ҳеч кимга ёқмайдида бу. Бизнинг айбимиз, бетонканинг бу томонида бўлганимиз. Ўрикзор Зангиотага қўшилса, маҳалла аҳли кўп нарса ютқазади. Кўп ўзгаришлар бўлиши керак. Кадастр ҳужжатлари, одамларнинг бошқа ҳужжатлари ўзгаради. Одамларимиз вилоятга қўшилсак, болаларини яхши ўқишга жойлаштира олмаслигини айтяпти, яхши мактабда ўқита олмаслигини айтяпти. Вилоятнинг болаларини шаҳар қабул қилмайди. Пропискага қарайди. Тошкентга ишга жойлашишда ҳам муаммо бўлади. Шунинг учун бизга ёмон томони жуда кўп”, деди Ўрикзор маҳалла йиғини ходими.

Учтепа туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими ўрикзорликлар шикояти борасида шаҳар ҳокимлигига етказилгани ва натижаси матбуотда эълон қилинишини айтди.

Айни пайтда бу мулозим¸ ўрикзорликлар ўзи ва болалари тақдирини белгилайдиган бундай режага муносабат билдириш¸ хусусан¸ унга ўз эътирозини ифодалашга ҳақли эканини билдирди.

"Шаҳар Бош режаси халқ фикри ўрганилиб¸ улар инобатга олингандан кейин тасдиқланиши керак. Одамлар бу режага муносабат билдиришга ҳақли"¸ деди Учтепа туман ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозими.

Ҳукуматнинг мунозарали режасини президент маъқуллади

Ҳукумат режасига кўра, пойтахтнинг 1010 гектар ҳудудини Тошкент вилоятига ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда Тошкент вилоятидан пойтахтга 10196 гектар ер майдони қўшилиши режалаштирилган.

Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар доирасида тақдим этилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев таклифларни маъқуллаган.

President.uz ёзишича, янги ўзгаришлар орқали Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларидаги номутаносибликларга барҳам берилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсади кўзланган.

Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

XS
SM
MD
LG