Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:22

Цензурани қонунийлаштирувчи лойиҳа Федерация Кенгашида маъқулланди


13 март куни Россия парламентининг юқори палатаси Интернетда “фейк” хабарлар блокировкаси¸ шунингдек ҳукумат, жамият ва давлат рамзларига ҳурматсизлик билдирганларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бу қонун уни бузганларга 100 минг рублгача жарима ёки 15 сутка қамоқ жазоси тайинлашни кўзда тутади.

2019 йилнинг 13 февраль куни Россия Федерация Кенгаши Дума томонидан қабул қилинган “фейк” хабарлар¸ ҳукумат, жамият ва давлат рамзларига интернетда беҳурмат бўлганларни жазолаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилган эди.

Бу қонун лойиҳасига кўра, Россия прокуратураси Интернетда “асоссиз” деб топилган маълумот устидан Роскомнадзорга арз қилиши мумкин. Бу назорат органи эса, ўз ўрнида, таҳририятдан ёки маълумот эгасидан уни йўқ қилишни талаб қилади. Акс ҳолда¸ оддий гражданлар 100 минг, мансабдорлар 200 минг, юридик шахслар эса¸ 500 минг рублгача жаримага тортилади.

Ҳукумат вакиллари ва давлат рамзларини ҳақорат қилди¸ деб топилган шахслар 100 минг рублгача жаримага тортилиши ёки 15 суткага қамоққа ташланиши мумкин. Қонун лойиҳасига кўра, айни жиноятни иккинчи маротаба содир этганлар жаримаси 200 минг рублгача оширилади.

Олдинроқ Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳақлари бўйича Кенгаш парламентга бу қонун лойиҳаларини рад этиш ва қайта ишлашга юборишни тавсия қилган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “фейк маълумотлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасида ҳеч қандай цензура аломатларини кўрмаганини билдирди ва ҳужжатни “пухта ўйланган” деб баҳолади.

Қонун Федерация кенгашида овозга қўйилиши арафасида Россия матбуоти ва адабиётининг кўзга кўринган намояндалари лойиҳага қарши баёнот имзолаб, тарқатди.

100 га яқин шахс томонидан имзоланган бу очиқ хатда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши “Россияда тўғридан-тўғри цензура режими ўрнатилиши” сифатида баҳоланди.

Шоир ва танқидчи Рев Рубинштейн бу мактубга имзо қўйган шахслардан бири.

- Шахсан мен цензура шароитида шаклланган авлод вакилиман. Аммо биз доимо бу цензурага тупуриб келганмиз. Бу ҳужжатнинг Россия Конституциясига зид эканини ҳатто мен - юридик маълумотга эга бўлмаган одам англаб етмоқдаман. Бу қонунни ишлаб чиққанлар жиноят содир этмоқда. Улар реал ҳаётни¸ биз яшаëтган технология даврини тушунмаëтганга ўхшайди¸ деди Озодлик билан суҳбатда Рубинштейн.

Ёзувчи ва журналист Алиса Ғаниева бу қонун лойиҳасининг хавфли томонлари тўғрисида фикр юритди:

- Биз ҳозирдан бу қонун таъсирини ўзимизда сезмоқдамиз. Мабодо бирор диндорни ҳақорат қилиб, экстремизмга йўлиқмадикмикин, деган фикр билан орқа-олдимизга қараб олаяпмиз. Чунки тармоқлардаги исталган репост шундай “жиноят” деб топилиши мумкин. Бу қонунлар фаол бўлган гражданларга – талаба, ёшлар, мактаб ўқувчиларига қарши қаратилган. Дума қабул қилган бу қонунлар тўплами энди ҳар бир россияликка қарши қаратилиши мумкин.

Россиядаги прогрессив жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган бу қонунлар тўплами Давлат Думасига “Единая Россия” депутатлари Андрей Клишас, Людмила Бокова ва Дмитрий Вяткин томонидан тақдим этилган.

XS
SM
MD
LG