Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчилари пахта ўтаяпти


Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси Қорақалпоғистонда ўқувчилар мажбуран пахта даласига чиқарилганини хабар қилди.

Алянс раҳбари Елена Урлаева 4 кун давомида Қорақалпоғистоннинг бир неча туманларида бўлиб пахта даласида юрган мактаб ва коллеж ўқувчилари, шунингдек, ўқитувчилари билан суҳбатларга асосланиб ҳозирлаган ҳисоботини чоп этди.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Қорақалпоғистон республикасининг бир неча туманларида мактаб ва коллеж ўқувчилари 10 майдан бошлаб мажбурий равишда пахта ўтоғига чиқарилган.

- Мен Хўжайли, Нукус туманларида ўз кўзим билан кўрганим шуки, ўқувчилар оммавий равишда пахта ўтоғига олиб чиқилган. Улар эрталаб соат 7 дан далада ишламоқдалар, дейди Елена Урлаева.

Унга кўра, пахта ўтоғи ҳам худди пахта йиғим-терим кампанияси каби кескин ўтмоқда ва ўтоққа чиқолмайдиган болалар мактаб маъмуриятларига пора беришга мажбур бўлганига оид ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, худди кузда бўлгани каби баҳорги дала ишларига ўқувчиларни жалб қилиш кампанияси устида ҳам туман ҳокимиятлари турибди.

- Мисол учун, Хўжайли туманида ҳоким Валижон Райимовнинг буйруғини бажаришаётганини айтишди. Мен ҳоким билан учрашишга уриндим. Аммо, у киши шу кунларда куни билан далада экан ва ишхонасига ҳар куни қарийб тунда қайтар экан. Шу боис, мен у киши билан суҳбатлаша олмадим, дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари.

Биз гуруҳ тарқатган ҳисобот ортидан Хўжайли тумани ҳокимияти билан боғландик.

Телефон гўшагини кўтарган мутасадди ҳуқуқ фаоли берган маълумотларни тўлиқ инкор қилди.

- Бизда мактаб боласи далага чиқарилгани йўқ. Фақатгина ота-онаси фермер бўлган оилаларнинг болалари дарсдан кейин чиққан бўлса бордир, аммо унга бизининг алоқамиз йўқ, деди Хўжайли тумани ҳокимлиги расмийси.

Худди шундай Қорақалпоғистон республикаси Халқ таълими вазирлиги мутасаддиси ҳам мактаб ва коллеж ўқувчиларининг пахта ўтоғига чиқарилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

- Мен шахсан ўзим Чимбой туманиданман. Далада мактаб боласи йўқ. Илтимос, бу хабарни текшириб олинг, дея тавсия берди вазирликнинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистон ҳукуматининг энг қуйи бўғинидан юқори бўғинларига қадар амалдорлари пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга оид халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг маълумотлари, ҳисоботларига жавобан деярли ҳар доим шу важни қўллаши кузатилади.

Хусусан, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳам БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид муҳокамаларида агар пахта далаларида болалар юрган бўлса ҳам, улар ота-онасига ёрдам бераётган фермерларнинг болалари бўлиши мумкинлиги, фермерлик эса Ўзбекистонда хусусий сектор эканини айтган эди.

Шундай бўлса-да, биз қорақалпоғистонлик мутасаддиларнинг тавсияларига амал қилдик ва тилга олинган тумандаги аҳоли вакиллари билан боғландик.

Жумладан, Хўжайли ва Эликқалъат туманидаги айрим суҳбатдошларимиз Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси тарқатган хабарларни тасдиқладилар.

- Менинг ўғлим туман коллежи учинчи курсида ўқийди ва унинг курсдошлари кетган чопиққа. Лекин ўғлим соғлиги тўғри келмагани учун бормади. Борди, гаплашди, қолди. Бошқасини суриштирманг энди, бошимиз балога қолмасин, деди жумладан, Хўжайлида яшайдиган тингловчиларимиздан бири.

Эликқалъа туманидаги мактаблардан бирида дарс берган ўқитувчи Азамат ака ҳам расмийларнинг иддаоларини инкор қилар экан, шу кунларда ўзи ишлаган мактаб, у яшаётган туманга қўшни туманлардаги мактабларнинг ўқувчилари далада, айрим коллежларнинг ўқувчилари эса ётоқда эканини айтди.

- Коллеж, техникум ҳаммаси ëтоқда.

Озодлик: Мактабнинг нечанчи синфидан чиқишган?

- Мактаб 5-синфдан юқори.

Озодлик: Пахта чопиғига чиқа олмаганлардан пора олишаяпти, деган гаплар бор 120-150 мингдан, тўғрими?

- Тўғри, у гап тўғри. Директорга беришади. Директор олиб қоладида.

Озодлик: Биз ҳокимиятга, у ëқ-бу ëққа боғландик. “Ҳеч ким чиқаëтгани йўқ. Фақат фермерлар ўзининг бола-чақаси, қариндош-уруғлари, ишчиларининг болаларини чиқараяпти. Мактабдан ҳеч ким мобилизация қилингани йўқ”, дейишяпти. Мен шуни сўрамоқчиман: мажбурий равишда ўқувчилар мактабдан олиб чиқилаяптими ëки ота-онаси ўзи олиб бораяптими?

- Мажбурий равишда мактабдан пахтага ҳайдалган.

Озодлик: Неча кун бўлди?

- 15 кундай бўлиб қолди.

Озодлик: Нимага уларни бунақа мажбурлаб пахтага олиб чиқишди? Бирор нарса бўлдими? Қатқалоқ бўлдими, ўт кўпайиб кетдими?

- Бизда пахта экини вақтида 3-4 кунлаб ëмғир ëғди. Бир ерларда пахта кўкарган эди, бир ерларда кўкармаган. Қатқалоқ кучли. Ҳамма ер қатқалоқ бўлган.

Озодлик: Демак Элликқалъада ўқувчилар пахтага кетган?

- Ҳа, кетган, дейди Эликқалъа туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирида дарс берган ўқитувчи Азамат ака республика раҳбариятининг ўқувчилар пахта чопиғида эканини инкор қилиб берган баёнотларига жавобан.
XS
SM
MD
LG