Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:53

Freedom House: Ўзбекистон эркинлик рўйхатининг энг тубида


Озодлик уйи логоси.
Озодлик уйи логоси.

Ўзбекистон кейинги 10 йил давомида инсон эркинликлари вазияти муттасил ëмонлашиб бораëтган дунëнинг саноқли давлатларидан биридир. Қарийб 40 йилдан бери жаҳондаги эркинлик манзарасини кузатиб келаëтган АҚШ нинг нуфузли Freedom House гуруҳи янги ҳисоботи хулосаси шундай.


Жаҳоннинг 194 мамлакатидаги сиёсий эркинликлар ва фуқаролар озодлиги даражаси ўрганилган Озодлик уйи( Freedom House) ташкилоти ҳисоботида давлатлар уч тоифага - "эркин", "қисман эркин" ва "эркин бўлмаган" давлатларга ажратилган.

Ўзбекистон бу сафар ҳам демократия даражаси энг паст - "эркин бўлмаган" давлатлар қаторидан жой олди.

- Жаҳондаги энг репрессив давлатлардан ҳисобланган Марказий Осиёнинг Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатлари бу сафар ҳам рўйхатимизнинг тубидан ўрин эгаллади, дейди Озодлик билан суҳбатда ҳисоботнинг етакчи муаллифи Арч Паддингтон.

Озодлик уйи ҳисоботида, Ўзбекистоннинг сайловга асосланган демократик мамлакат эмаслиги, президент Ислом Каримовнинг мамлакат устидан репрессив бошқарувни сақлаб қолаётгани, мамлакат адлия тизимининг тўлалигича президент иродасига бўйсуниши қайд этилади.

- Очиқлик ва рақобат, сайловларнинг адолатли ва шаффофлиги, сайлов қонунчилиги, сиёсий плюрализм, матбуот ва фуқаро эркинликлари каби мезонлар асосида вазиятга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон ва Туркманистонда бу билан боғлиқ кўрсаткичлар жуда заиф, дейди Озодлик уйи ташкилоти дастурлари директори Кристофер Уолкер.

Ҳисобот муаллифларига кўра, "эркин бўлмаган" давлатлар сони ўтган йилгидан фарқ қилмайди. Ҳисоботда келтирилган 194 мамлакат орасида бундай мамлакатлар 47та ёки 24 фоизни ташкил этади.

Озодлик уйи"тарафидан "қисман эркин" мамлакатлар деб таъриф берилган мамлакатлар сони эса бу йил ошган ва 60тага етган.

"Эркин" деб таъриф берилган давлатлар сони олдинги йилгига қараганда иккитага камайган. Бундай мамлакатлар Озодлик уйи ташкилоти ҳисоботида 87тани ёки рўйхатда келтирилган жами мамлакатларнинг 45 фоизини ташкил қилади.

- Жаҳондаги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, пасайиш унчалик катта эмасдек кўринади. Лекин кўпгина минтақаларидаги ортга кетишларни назарга олсак, эркинлик бобида ўтган йилнинг ижобий йил бўлмаганини кўрамиз, - дейди Озодлик уйи янги ҳисоботининг бош муаллифларидан бири Арч Паддингтон.

Ўзбекистон нафақат Озодлик уйи¸ балки бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари рўйхатида ҳам муттасил тарзда қуйи ўринларни эгаллаб келади. Ўзбекистонга берилаётган бундай баҳога эса¸ расмий Тошкентнинг эътирози катта.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов декабр ойида Ўзбекистон Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида¸ демократиянинг мамлакат олдида турган асосий мақсад эканини қайд этиб, жаҳонда мана-ман деган давлатлар ҳам ҳали тўлақонли демократияни ўрната олгани йўқ, деган эди.

- Манаман деган давлатлар, энг айтайлик дунëда ибратли, керак бўлса бошқаларга ибрат берадиган, қандайдир намуна берадиган давлатлар ҳам ҳали бери демократияни қуриб турибди. Ҳали бери демократия устида ишлаяпти. Америка Қўшма Штатлари бўладими, бу мисол учун Европа давлатлари бўладими ҳаммаси ҳали бери демократия устида астойдил ишлаяпти ва ҳеч қайси давлатнинг раҳбарлари бундан воз кечгани йўқ. Нима деганда¸ ҳаммаси яхши тушунадики, бу демократия бу процесс, бу йўналиш. Ҳар томонлама бунақа ишларни агар бир кунда бизлар қилдик, қолган ишимиз ҳаммаси энди ўзбекларда бир гап бор “ест бўлади” деган гапларни йиғиштириб қўйишимиз керак. Демократия бизларнинг доимий мақсадимиз, деган эди Каримов.

Ўзбекистон Конституциясида президентлик муддати икки маротаба етти йил этиб белгиланганига қарамай, мамлакатни 21 йилдан буён идора этиб келаётган Ислом Каримов 2007 йил декабр ойида учинчи маротаба президентликка сайланди.

Озодлик уйи ташкилотига кўра, уч йил аввал Каримовнинг президент сифатида қайта сайланиши унинг президентлик муддатига оид конституциявий қонунни назар-писанд этмаганини кўрсатди.
XS
SM
MD
LG