Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

"Мустақилликнинг 20 йиллигига 20 тадан кўчат экамиз!"


Бегона иқлимда кўкарган арча каби кўчатларнинг Ўзбекистон иқлимида илдиз отишига катта шубҳалар бор.
Бегона иқлимда кўкарган арча каби кўчатларнинг Ўзбекистон иқлимида илдиз отишига катта шубҳалар бор.

Бундай ташаббусни Ўзбекистонда янги тузилган Экологик ҳаракат эмас, балки меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиши лозим Касаба уюшмалари ўртага қўйди ва ташаббус ижроси ҳам айнан касабачиларга топширилди. Оддий ўзбекистонликлар бу ташаббуснинг ҳокиму тўралар учун яна мўмай даромад эшигини очганини айтмоқдалар.

Ўзини Абдуғофир Бектошевич деб таништирган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси котибияти мудири Озодлик билан суҳбатда ҳар бир касаба уюшмаси аъзосининг 20 тадан кўчат ўтқазиш ташаббуси қабул қилинганини тасдиқлар экан, саволларга фақат матбуот бўлими жавоб беришини айтди. Абдуғофир Бектошевич телефонларимизни обдон ёзиб олгач, ўзлари қўнғироқ қилишларини таъкидлади. Бироқ Тошкентдан бошқа садо чиқмади.

Айни пайтда¸ Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Қаршибой Эрназаров ўз ҳамкасбидан сўзамолроқ чиқди:

- Ҳозир кўчатни экиш тақа-тақ тўхтатилган. Чунки совуқ муносабати билан фақат хандақ қазиб қўйинглар деяпти. Асосий экиш февралдан бошланади.

Озодлик: Ким экиши керак буни? Ҳар бир касаба уюшмаси аъзосими ëки ҳар бир ўзбекистонлик?

- Ҳар бир ташкилот, корхона, фермер, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон экиши керак 20тадан. Ҳар бир киши эмас. Ҳовлисига¸ хоҳлаган жойига экади. Фақат уни кўкартириб бериш масъулиятини ўз зиммасига олади.

Озодлик: Қанақа дарахт экиши керак?

- Ҳар ким топганини. Ким қандай кўчат топса, экади. Фақат 20тадан кам бўлиши керак эмас.

Озодлик:
Бу мажбурийми?

- Фақат ихтиëрий. Агитация олиб борилади, тушунтириш олиб борилади. Ҳозир бозорда олма билан ўрик 4-5 мингга чиқди. Қанча кўп бўлса, бозор шунча арзон бўлади. Чўнтакдаги пул етадиган даражада бўладида.

Озодлик: Қаердан келади бу кўчатлар? Одамларнинг шахсий кўчатларими ëки кўчат етиштирувчилар борми?

- Масалан¸ ҳар бир маҳаллада кўчат етиштирадиган хонадонлар бор. Масалан¸ Бешбулоқда 10 минг дона атиргул кўчати турибди, 100 дона ëнғоқ кўчати турибди битта хонадонда. Битта хонадонда 5000та арча кўчати турибди. Хонадонда ўзлари эккан. Арзон баҳода сотаяпти. Атиргул кўчатининг донаси 200 сўмдан. 10 минг дона турибди. Бугун эрталаб бориб кўриб келдим.

Озодлик: Энди баъзи бир кузатувчилар “Касаба уюшмалари кўчат экиш билан эмас, балки ишчиларнинг ойлиги билан шуғулланса яхшироқ бўларди...дейишмоқда.

- Ўқитувчиларнинг ойлиги берилмаган жой йўқ. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси ойлигини олаяпти. Ҳозир муддати ўтган, қарздорлик деган нарса йўқ. Ярмини пластик карточкада бераяпти, ярмини нақд пулда бераяпти. Уч-тўрт-беш йил олдинги ҳолатга қараганда ўқитувчиларнинг ойлиги жуда яхши бўлиб қолди. Биз ҳар доим мониторинг олиб борамиз. Ҳозирги кеча-кундузда муддати ўтган бир сўмлик ҳам қарздорлик йўқ, -дейди Қаршибой Эрназаров.

Касаба уюшмаси раҳбарига кўра, бу ташаббус ўтган йили бўлиб ўтган республика Касаба уюшмалари қурултойида янграган:

- Шавкат Миромонович қатнашдиларда, “Ўша бўш ëтган зовур жойлар, дала ерлар, ариқ, зовурнинг ëқаси бўш ëтибди бута босиб. Ўша жойларни боғ қилсак, кўчат қилсак бўлмайдими?” деб маъруза қилган эдилар. Ундан кейин ташаббус кўтарилдики, бир делегат чиқиб айтдики “Мана бу йил мустақилликнинг 20 йиллигига ҳар бир одам чиқиб 20тадан кўчат экса қандай бўларкан?” деган эди. Ўша ривожланди, ҳамма маъқул деди. Шавкат Миромонович ҳам маъқуллади. Ана шу ташаббус ëйилиб кетди ҳамма жойга. Шавкат Миромонович Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Танзила Норбоевага топширди бу вазифани, -дейди Қаршибой Эрназаров.

Шундай қилиб, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ёки янги ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати қиладиган иш мамлакат Касаба уюшмаларига топширилди.

Хўш, бу иш Касаба уюшмаларининг тўғридан –тўғри вазифасига кирадими?

Самарқанд Механик-техник касаба уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаган Равшан Содиқовга шу саволни берганимизда у ўзини кулгидан тўхтата олмади:

-(қотиб кулади)Энди кулгилида, йўқ албатта. Дарахт эксин¸ деб мажбур қилганларни жазолаш керак. Касаба уюшмалари бунга йўл қўймаслиги керак. Бу Касаба уюшмаларининг иши эмас, уларнинг вазифаси меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Мен яқинда Касаба уюшмаларида ҳозирги кунда ишлаëтган танишимни кўриб қолдим. Ҳозир ҳам ишлаяпти. “Касаба уюшмалари нима билан шуғулланади?” десам, “Ҳокимият оëғининг остида под каблуком” деган гапни айтдида. Тушундингизми бу гапни? Ҳокимиятнинг оëғининг остида деган гапда бу. Ўша нима буюрса, шуни қиладиган ташкилотга айланган, -дейди Равшан Содиқов.

“Бирни кессанг¸ ўнни эк”, дейилади ўзбек халқ мақолида. Зимдан қараганда бу ташаббус жуда гўзалдай кўринади. Зеро, ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда минглаб юз йиллик чинорлар кесилди, маҳаллий ҳокимлар бу ернинг иқлимига мослаша олмайдиган қимматбаҳо дарахтларни ўтқизишга зўр бериб уринган бўлсада¸ ëт заминда кўкарган ниҳоллар Ўзбекистонда илдииз отмади¸ қуриб қолди. Балки, бу кесилаётган миллион-миллион дарахт ўрнини тўлдиришга уринишдир, деб сўраймиз Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи Набижон Жўрабоевдан:

- Ўтган йил кўкламда 60 минг туп кўчат олиб келди ҳоким. Ўзимизнинг бозорда 800 сўм, узоғи билан зўри 1000 сўм бу ерда. 2500-3000дан ҳам сотдида. Агар 1000 сўмдан сотса, мисол учун 60 минги 60 миллион бўлади. 1500 сўмдан сотса, 90 миллион бўлади. Бу чайқовчиликда бу. Бу ерда ҳоким фойда кўради. Ҳоким ва олиб келган одам фойда кўрадида. Очиқ сотмайдида. Магазинчига 40та, маҳалла раисига 50та, яна бошқасига ўтказади. Мажбуран ўтказади. Қани шу кўчат? Йўқда. 60 минг кўчатнинг 10 мингини бир жойга экиб боғ қилиб кўрсатсин¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда ҳар йили эрта баҳорда ҳокимиятлар ташаббуси билан миллионлаб кўчат экилади, лекин кўчатлар ерга ўтқазилиши билан бу кампания ниҳоясига етади, чунки унинг қарови билан кейин ҳеч кимнинг иши бўлмайди, деб гапида давом этади жиззахлик Набижон Жўрабоев:

- Алам қиладиган жойи шунда-да, миллионлаб кўчатлар экилади. миллионлаб пуллар сарф бўлади, бироқ бу кўчатлар ерга тиқилади, ҳисобот берилади, тамом. Агар, мустақиллик йилларида экилган кўчатлар кўкарганда эди, Ўзбекистонга юргани жой қолмасди.

Бизда район марказида Саноат коллежи бор. Прокуратуранинг олдида. Коллежнинг олдидаги 15-20 йиллик энди соя берадиган 120 туп теракни ҳеч нарсасиз кесиб¸ Андижонга сотиб юборди, тахта қилишга. Ўрнига битта ҳам эккани йўқ. Она монументига чиқиб бораверишда арча экилган. Бу ҳам 20-30 йиллик бўлган арча. 50тасини қирқиб қаëққадир танишига бериб юбордида, ëш арча экиб қўйди. Шуни эккан олдинги ҳокимлар ҳаëт. Жуда қаттиқ хафа бўлди. Кейин бости-бости қилиб юборди, -дейди Набижон Жўрабоев.

Суҳбатдошга кўра, ҳар йилги кўчат ўтқазиш кампанияси остида кимларнингдир моддий манфаатлари ётади:

- Ўртада неча юз миллионлаб пул ўйнайди. Ана керакли жойи шу ерда бунинг. Шунинг учун қилади. Яна ташаббус билан чиққан бўлса, Худо хоҳласа кўклам бошланиши билан келади, ҳамма ëқ мажбуран. “Олмасанг, кет ишдан. Ишингни топшир” дўқ-пўписа. Сўкиш, керак бўлса уради. Ўзим кўзим билан кўриб турганим бу. Бундан 2-3 йил олдин 5-6-10 мингдан ҳар бир донасини олиб келтириб эктирди арчани.

Арча бизда кўкармайди. Қамалиб кетган Самарқанд ҳокими бор эди, "эшон"дейишарди, Ғаллаорол чегарасидан Булунғур районигача, 30 минг туп арча эктирди. Мен ўзим кўрдим. 30 минг туп арчадан 30 таси ҳам кўкаргани йўқ. Бунинг кўкаришини ҳисобга олмайди. Эктириб олса бўлди. Қани энди ободонлаштириш масаласини ўзлари контролга олиб, мана шундай чиройли план билан эктирса, “Биз фалон нархдан олиб келдик” деб халққа очиқчасига айтиб, мажбур қилмасдан, урмасдан, сўкмасдан эктирса, нур устига нур бўлади. Лекин бундан фақат, икккита-учта одам манфаатдор. Менинг бунга 100 фоиз ишончим комил, -дейди Набижон Жўрабоев.
XS
SM
MD
LG