Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

Ҳюман Райтс Уотч Умида Аҳмедова ҳимоясига чиқди


Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистон дунëдаги инсон ҳақлари энг кўп топталаëтган давлатлардан бири.
Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистон дунëдаги инсон ҳақлари энг кўп топталаëтган давлатлардан бири.

Ташкилот раҳбарияти расмий Тошкентга мурожаат қилиб¸ таниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедовага нисбатан очилган жиноий ишни зудлик билан тўхтатиб, ижодкорга ўз фаолиятини давом эттириш, ўз фикрини эркин ифода этиш имконини беришни сўради.

- Умида Аҳмедовага қўйилаётган айбловлар ўта абсурд. Ушбу жиноят иши Ўзбекистонда ҳукуматнинг мустақил фикрни бўғишда қанчалар тубанликка боришга тайёр эканини кўрсатмоқда. Бу Ўзбекистонда барча ижод аҳли учун хавфли прецидентдир, дейди жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер.

13 январ куни Тошкент шаҳар прокуратураси Умида Аҳмедовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг "туҳмат" ва "ҳақорат" бандлари бўйича айбловни эълон қилди ва ишнинг судга оширилганини маълум қилди.

Ўзбек расмийлари маҳаллий экспертларнинг хулосаларига таяниб, Умида Аҳмедованинг 2007-2008 йилларда яратилган филмларида миллий зеҳният ва анъаналарнинг ҳақоратланганини даъво қилишмоқда. Бундай айблов бўйича Аҳмедоваги уч йиллик қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматини бу бемаъни айбловларни зудликда бекор қилишга чақиряпмиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларидан Тошкент билан мулоқотда шу ва бошқа ҳолатларни кўтаришларини сўраймиз, дейди Ҳолли Картнер.

Умида Аҳмедованинг Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ишланган "Аёл ва эркак: тонгдан шомгача" фотоалбоми ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филмларида мамлакатдаги гендер муаммолари, ёш ўзбек келинлари юз тутаётган ижтимоий муаммолар кўтарилган.

Жиноий иш доирасида Умида Аҳмедова яратган асарлар дин, маънавият ва руҳшунослик соҳасидаги мутахассислар тарафидан ўрганилиб, филмларда миллий зеҳният ва анъаналар ҳақоратланган деган хулосага келинди.

Эксперт хулосасида "фотосуратлар 90 фоизининг олис қишлоқларда олингани ва муаллифнинг мақсади қишлоқ ҳаётининг ёмон томонини кўрсатиш" бўлгани айтилади. "Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган чет эллик бу суратларни кўриб, бу мамлакат ўрта асрлар мамлакати деган хулосага келиши мумкин", дейилади эксперт хулосасида.

- Суратчиларга ўзбек жамиятини қандай қилиб кўрсатишни буюриш ҳукуматнинг иши эмас. Аҳмедовага қўйилаётган айблов мутлақо асоссиз бўлиб кўринмоқда, дейди Ҳолли Картнер.

Умида Аҳмедова 2000 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзосидир. Унинг ўзи "одамларнинг ҳаёти қандай бўлса, шундайлигича суратга тушираман", деб айтади.

Аввалроқ Умида Аҳмедовани ҳимоя қилиб, жаҳондаги 500 нафардан ортиқ санъат ва маданият намояндаси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган ва мамлакат қонунлари ҳамда ижодкорнинг эркин ижод қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирган эди. Бундай чақириқлар Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баёнотларида ҳам янгради.

Аммо халқаро жамоат ташкилотларининг ўзбекистонлик журналистлар ҳимоясига қилган даъватлари мамлакат ҳукумати томонидан эътиборсиз қолдириб келинади. Шундай экан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишнинг самарали механизмлари борми¸ деб сўраймиз Ҳолли Картнер хонимдан.

- Ўзбекистондаги каби эркин фикрни бўғаётган, инсон ҳуқуқларини топтаётган ҳукуматларга нисбатан қўлланилиши мумкин самарали механизмлар¸ албатта¸ бор. Лекин бу масала Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари ўзларида бор босим воситаларини қўллашни исташадими¸ деган савол жавобига бориб тақалади. Агар Қўшма Штатлар, Европа иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Ўзбекистонга босим ўтказишни хоҳлашса, мен ишонаманки¸ муайян ўзгаришларга эришса бўлади. Лекин инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонга босим етарли даражада бўлмаяпти, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер.
XS
SM
MD
LG