Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Остона "тошкентбоп" элчи танлади


Янги элчи Бўрибой Жексембин чегарадош ҳудуднинг собиқ ҳокими сифатида Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор шахс саналади.
Янги элчи Бўрибой Жексембин чегарадош ҳудуднинг собиқ ҳокими сифатида Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор шахс саналади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ниҳоят Ўзбекистонга ўз янги элчисини йўллайдиган бўлди. 2009 йилнинг 14 августидан бери бўш қолиб келган бу лавозимга Ўзбекистонга чегарадош Жамбул вилоятининг собиқ ҳокими Бўрибой Жексембин тайинланди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Бўрибой Жексембиннинг Тошкентга элчи сифатида юборилиши, расмий Остонанинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётгани белгисидир.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ахборот қўмитаси расмийси Асқар Абдураҳмоновнинг айтишича, Бўрибой Жексембиннинг Ўзбекистон элчилигига тайинланиши бежиз бўлмаган.

- Бўрибой Жексембин Қозоғистон жанубида Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегарадош бўлган Жамбул вилоятига раҳбарлик қилган. Унинг бу лавозимга тайинланиши бежиз эмас. Чунки у Ўзбекистон билан мавжуд бўлган чегара муаммоларини ва иқтисодий алоқаларни яхши билади. Шунингдек, у ўзбек халқи, ўзбек маданияти билан ҳам жуда яхши таниш ва бу мамлакатни яхши билади, дейди Асқар Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчи курсисининг бир неча ой давомида бўш қолгани, айнан бу лавозимга бир неча ой давомида муносиб номзод излангани билан боғлиқ.

- Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Марказий Осиёда етакчи давлатлардир ва уларнинг ўзаро муносабатлари минтақадаги ҳамкорлик жараёнини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам янги элчига қозоқ-ўзбек сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий алоқаларини янги қирраларини кашф этиш вазифаси юкланган, деди Асқар Абдураҳмонов.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига таянадиган бўлсак, бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳақиқатан ҳам диққатга лойиқдир. Ўзбекистонда айни кунларда 200 га яқин қозоқ ширкатлари фаолият кўрсатмоқда. Қозоғистон ҳудудида эса Ўзбекистон капитали иштирокида ташкил этилган 715 та кичик ва ўрта корхоналар ишламоқда.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айрибошлаш 2006 йилда 703 миллион доллар бўлган, ҳозир эса бу кўрсаткич 1,5 миллиард долларга яқинлаб қолган.

Бироқ қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев фикрича, иқтисодий ҳамкорликдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон-Қозоғистон сиёсий муносабатлари силлиқ эмас.

- Чегараларнинг ёпиб қўйилиши ва сиёсий муносабатларда муаммолар бор. Масалан, Қозоғистон президентинингМарказий Осиё иттифоқини ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан йўқ қилинди. Чунки ҳар иккала шахс бир-бирига рақобатчи. Гап шундаки, бу рақобат давлатлар ўртасидаги ёки сиёсий тузимлар ўртасидаги соғлом рақобат эмас, балки икки давлат лидерлари ўртасидаги шахсий рақобатдир, дейди Эдуард Полетаев.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов қозоғистонлик ҳамкасбининг сўзларига қисман қўшилган ҳолда мана буларни қўшимча қилади.

- Ўзбекистон ҳам¸ Қозоғистон ҳам авторитар давлат. Иккала давлатнинг сиëсати давлат раҳбарларининг кайфияти¸ дунëқарашига боғлиқ ҳолатда амалга оширилади. Ўзбекистоннинг ташқи сиëсати бу шахсан Каримовнинг ташқи сиëсати. У ерда миллий манфаатлардан кўра Каримовнинг амбициялари¸ унинг кечинмалари каттароқ рол ўйнайди. Олдиндан маълум эдики¸ 16 миллион аҳолиси ва катта нефт ресурслари билан Қозоғистоннинг ривожланиши табиий эди. Шунинг учун Ўзбекистон Қозоғистоннинг ресурсларини инобатга олган ҳолда узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошириши керак эди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Олмаоталик сиёсатшунос Эдуард Полетаев масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратади:

- Бу ерда вассаллар учун кураш бормоқда. Масалан, Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида бир муаммо пайдо бўлса, тожик раҳбари Остонага келади. Қандайдир шартномалар, иқтисодий ёрдам ва инвестиция масалаларига оид ҳужжатлар имзоланади. Мен бу курашда икки давлат лидерлари вазиятни абсурд даражада мураккаблаштиришгача етиб боришади, деган фикрдан йироқман. Айни пайтда улар вазиятни юмшатишга ҳам ҳаракат қилишмайди. Шахсий рақобатдаги бундай кескин вазият у ёки бу президент ўз вазифасини бажаришга лаёқатсиз бўлиб қолгунича давом этади, дейди Эдуард Полетаев.

Бу фикрга Тошкентлик сиёсатшунос Камоллидн Раббимов ҳам қўшилади.

- Биласизми¸ Ўзбекистон¸ менинг назаримда¸ сиëсий трансформация ҳолатига яқинлашиб бораяпти. Узоғи билан уч йилми¸ тўрт йилми¸ балки беш йилларда олий ҳокимиятда ўзгариш бўлишини кутиш мумкин. Ана шундан кейин Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиëсати табиий равишда ревизия қилинади. Лекин қандай оҳанг устувор бўлишини айтиш қийин. Чунки биз кейинги президент ким бўлишини ҳозир айта олмаймиз. СССР даврида шаклланган ижтимоий шахслар даврида интеграция учун¸ давлатнинг ички ва ташқи тараққиëти учун муҳим миллий манфаатларни инобатга оладиган модел шакллантирилишини кутиш қийин¸ дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG