Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:19

Қирғизистон гўшти яна ўзбек қозонига қайтиши мумкин


Тошкент қирғиз гўштига тақиқни бекор қилса¸ қирғиз гўшти ўзбек бозорига легал тарзда кира бошлайди.
Тошкент қирғиз гўштига тақиқни бекор қилса¸ қирғиз гўшти ўзбек бозорига легал тарзда кира бошлайди.

Расмий Тошкент тўрт йил аввал чорва моллари орасида оқсим касали тарқагани муносабати билан қирғиз гўштига қўйган тақиқини бекор қилиши мумкин.Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Дониëр Усенов матбуотга хабар берди.

Қирғиз матбуотининг ёзишича, 2009 йил 27 декабр куни Қирғизистон Бош вазири Дониëр Усеновнинг Тошкентда ўзбек расмийлари билан гўшт экспортига қўйилган тақиқ борасидаги музокараларидан ижобий натижа кутилаяпти.

Дониëр Усенов Бишкекка қайтгач журналистларга Тошкент музокараларида Ўзбекистон томонининг Қирғизистонга эпизоотик касалликлар¸ яъни ҳайвонларда эпидемия тусини оладиган касалликлар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ жўнатишга рози бўлганини билдирди.

Агар ўзбек мутахассисларини Қирғизистондаги ҳайвонлар билан боғлиқ мавжуд вазият қаноатлантирса, Қирғизистон яна Ўзбекистонга гўшт экспортини йўлга қўйиши мумкин.

Ўзбекистон Давлат ветеринария хизмати ходими Абдурасул Болтаевга кўра, Ўзбекистон томони Қирғизистоннинг гўшт экспорти борасидаги таклифларини ўрганишга тайёр.

- Гўшт экспорт маҳсулотига келсак¸ худди шундай, Бош вазиримиз айтгандай, бу нарса бизнинг қонунларимизда кўзда тутилган ҳақиқатан ҳам. Биз бу ердан мутахассисларни жўнатиб¸ маҳсулот ишлаб чиқарадиган жойни ëки маҳсулотни тайëрлайдиган ҳудудни белгиланган тартибда инспекцион текширувдан ўтказиш ҳуқуқига эгамиз. Агар уларда Ўзбекистонга экспорт қилиш эҳтиëжи бўлса¸ биз у ерда ветеренария томонидан хавфсизлигини таъминлашни кўриб чиқамиз. Яъни ўта хавфли касалликлар инфекциясининг республикамизга кириб келишидан давлат ҳудудини ҳимоя қилиш бизнинг вазифамизга юклатилади. Шундан келиб чиқилади. У томондан таклиф тушса¸ биз албатта қилиб берамиз, дейди Абдурасул Болтаев.

Жаноб Болтаев Қирғизистондан гўшт олиб келинишига тақиқ қўйилгани сабабини тўрт йил аввал қўшни мамлакат ҳайвонлари орасида хавфли касалликлар пайдо бўлгани билан изоҳлайди.

- Ҳайвонлар орасида ўта юқумли касалликлар рўйхатга олинганлиги учун тақиқ қўйилган. 2006 йилда бўлган¸ ундан кейин 2008 йилда қўшимча бўлган. Биз ҳаммасини назоратга олганмиз. Ҳатто ҳар кунлик мониторинг олиб борилади, дейди Абдурасул Болтаев.

Айтилишича¸2006 йили Қирғизистонда ҳайвонлар орасида оқсим касаллиги тарқалгач, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия Қирғизистондан гўшт олиб келишга тақиқ жорий қилган.

2009 йилнинг сентябр ойида Қозоғистон ушбу тақиқни бекор қилди. Эндиликда Ўзбекистоннинг ҳам жорий тақиқни бекор қилиши кутилаяпти.

Қирғиз матбуоти, хусусан унда чиқиш қилаëтган маҳаллий мутахассислар кейинги икки йил мобайнида Қирғизистонда ҳайвонлар орасида хавфли касалликлар қайд этилмаганини таъкидлашмоқда.

Қирғизистондаги “Ҳайвонлар соғлиги” жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Қалис Жумақанов¸ айни пайтда мамлакатдаги да ветеринар вазиятнинг соғломлашганини айтади.

- Тўғри, Қирғизистонда 2-3 йил аввал эпизоотик вазият юзага келганди. Ҳайвонлар орасида турли хил хавфли ва юқумли касалликлар пайдо бўлганди. Лекин биз кейинги йиллар давомида мутахассислар ёрдамида вазиятни ўрганиб, мавжуд аҳволни соғломлаштиришга муваффақ бўлдик. Ҳозирда Қирғизистондаги ҳайвонлар орасида оқсим, ўлат каби юқумли ва хавфли каслликлар умуман йўқ. Қирғиз матбуотини кўпчилик яхши билади, бизда матбуотдан бирор воқеа ёки ҳодисани яшириш мумкин эмас. Мен бу билан ҳақиқатни гапираётганимни таъкидламоқчиман. Ўзбек мутахассислари келиб вазиятни ўрганишлари мумкин. Икки давлат ўртасида гўшт савдоси яна йўлга қўйилса¸ бундан икки томон ҳам фақат ютади, дейди Қалис Жумақанов.

Кузатувларга кўра, Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт олиб келинишига расмий тақиқ бўлишига қарамай чегара ҳудудларда яшовчи ўзбекистонлик аҳоли турли йўллар орқали барибир Қирғизистонда гўшт олиб ўтишни тўхтатмаган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти губернатори Қўшбой Масиров Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни тасдиқлади.

- Ҳеч қандай тақиқ ёрдам бермайди. Ўзбекистонликлар биздан қорамол сотиб олишни ҳеч қачон тўхтатмаган. Одамлар турли йўллар билан Қирғизистондан ЎЗбекистонга мол олиб ўтиб сотишган. Чегара ҳудудларида яшовчи ўзбекистонликларнинг бизнинг ҳудуддан гўшт маҳсулотларини харид қилиши ҳам мунтазам кузатиб келинаяпти. Одамларга чегара ҳам, тақиқ ҳам бир пул, дейди Қўшбой Масиров.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, Қирғизистондан гўшт олиб келинишига қўйилган тақиқнинг бекор қилингани билан мамлакатда гўшт маҳсулотлари билан боғлиқ вазиятда катта ўзгариш кутилмайди.

- Советлар вақтида ҳам Ўзбекистон ўзини тўлиқ гўшт билан таъминлаган эмас. У вақтларда кўпроқ қўшни Қозоғистондан¸ Қирғизистондан оларди. Ўзбекистон ҳозирги даврда ҳам ўзини арзон гўшт билан таъминлай олмайди. Ҳозир Қирғизистон билан гўштга қўйилган санитар чекловларни бекор қилиши қанчалик кенглиги¸ қамровлиги билан белгиланади. Тақиқлов олинган билан барибир давлат томонидан рухсат бериладиган квоталар бўлади. Бу квоталардан ортиқ гўшт киритилмайди. Бу билан Ўзбекистонда катта ўзгариш бўлишини кутиш қийин, дейди Комрон Алиев.

Қирғизистонда гўштнинг нархи Ўзбекистонга нисбатан арзон экани кузатилади. Бироқ иқтисодий етишмовчиликлар гирдобида яшаётган ўзбекистонликлар каттагина қисмининг гўшт маҳсулотлари харид қилишга қурби етмаслиги ҳақида ҳам кўп гапирилади.

Жиззахлик Насиба аянинг айтишича, улар хонадонида оила аъзолари сони ўнга яқин бўлиб, улар бир ойда икки-уч кило гўшт харид қилишади¸ холос.


- Гўштга тўймайди одамлар. Гўштли овқат жуда кам бўлади. Бизда ҳар қалай бирда ярим бўлиб туради. Кўп оилаларнинг гўшт емаган кунлари кўп бўлади. Чунки гўшт қимматку, сотиб олишга қурбимиз етмайди, дейди Насиба ая.
XS
SM
MD
LG