Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:29

Пенсия тўлаш молиячиларга ўтди


Кундалик тирикчилиги пенсияга қараб қолган қишлоқдаги аксар кексалар пенсияни вақтида ололмаëтганларидан нолимоқдалар.
Кундалик тирикчилиги пенсияга қараб қолган қишлоқдаги аксар кексалар пенсияни вақтида ололмаëтганларидан нолимоқдалар.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб пенсия тизимида янги ўзгариш жорий қилинди - пенсия таъминоти учун маъсул бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Ижтимоий таъминот бўлими Молия вазирлиги тасарруфига ўтди.

Ўзбекистон президентининг 2009 йилнинг 30 декабрдаги "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсиялар, шунингдек, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг тўланишини ҳисобга олиш ва мониторингини юритиш Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Марғилон шаҳар молия бўлими ходимига кўра, аввал пенсия таъминоти учун маъсул бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги ижтимоий таъминот бўлими Молия вазирлигига қўшиб берилаяпти.

- Ижтимоий таъминот бўлими борку. Ўшанинг молиялаштириш бўлими Молияга қўшиб берилаяпти. Пенсия жамғармаси дейилганда бу республика Молия вазирлиги томонидан тўғридан-тўғри молиялашадиган бўлади. Қаранг олдин Собес заявка берарди вилоятга. Вилоят республикага берарди. Республикадан кейин пастга бундай тушардида. Ҳозир молия ўша ишларни ҳаммасини бир ўзи бажаради. Пул тўғридан-тўғри маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб рақамига ташлаб берилади, деди марғилонлик молия ходими.

Молиячиларга кўра, ушбу тадбир пенсияни ўз вақтида молиялаштириш ҳамда уларни тўлиқ ҳажмда тўлаш, шунингдек, пенсия пулларига йўналтирилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида амалга оширилаяпти.

Пенсия пулларининг кечикиши ўтган йил бошидан бери мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатиб келинаяпти. Айни пайтда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида пенсия пуллари берилишининг бир ойдан уч ойгача кечикаётгани айтилмоқда.
Пенсиялар тўланиши учун маъсул идора ўзгаргач¸ пенсионерлар пенсия пулларини ойлаб кутиш азобидан қутиладиларми¸ деган ҳақли савол туғилади.

Бу саволга муносабат билдирган молия ходимларининг жавоби бирдек ижобий бўлди.

Буни Жиззах вилоят молия бошқармаси ходими мулоҳазаларидан илғаш қийин эмас.

Озодлик: Пенсия тарқатилиши янги тартибда амалга ошадиган бўлса¸ пенсия пуллари берилишида узилишлар бўлмайдими?

Молия ходими: Умуман бўлмайди.

Озодлик: Жавобингизни аниқроқ тушунтириб беринг. Нима учун ҳозир узилиш бўлаяптию¸ янги тартиб амалга ошса¸ нимага узилиш бўлмайди деяпсиз?

Молия ходими: Мабодо пенсияга ҳар хил ташкилотлардан пул тушимлари бўладику¸ шулар етмай қолган тақдирда бюджетдан маблағ ажратилиб қоплаб берилаверади.

Озодлик: Демак¸ узилиш бўлмайди.

Молия ходими: Узилиш ҳозир ҳам бўлгани йўқку.

Озодлик: Ҳозир биз эшитаяпмиз айрим жойларда бир ойлаб...

- Бир ой дегани у нақд пул билан таъминланмаяпти. Ҳозир ҳам Молия вазирлиги именно етмай қолган пенсионний фонд учун бюджетдан ҳам ажратиб бераяпти. Шунинг учун вақтида олаяпти. Фақат нақд пул билан таъминлай олмаяпти марказий банк. Бир ой узилиш бўлаяпти деганингиз нақд пулда муаммо бўлаяпти, деди Жиззах вилоят молия бошқармаси ходими.

Банк ходимлари ҳам, пенсия пуллари кечикиши муаммосини ўзларидан соқит қилишади.

Ўзбекистон Марказий банкининг Пул муомаласи департаменти ходими бир муддат аввал Озодлик билан суҳбатда мамлакатда пенсия пуллари кечикишига нақд пул танқислигини сабаблигини айтиб, бунда банклар айбдор эмаслигини таъкидлаган эди.

- Муаммо бор, лекин бу банк билан боғлиқ бўлмаган муаммо. Бу ерда банкларнинг айби йўқ. Бу пулнинг айланиши, пулнинг банк кассасига тушиши билан боғлиқ муаммо.

Нақд пулнинг банк кассасига ўз вақтида туширилиши таъминланмаяпти. Бунинг моҳияти жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммо. Улар нақд пулнинг банкларга тушишини таъминламаяптилар.

Пул айланиши етарли даражада эмас. Бу ҳолат банк билан боғлиқ бўлганида эди, биз унинг чорасини кўриб, вақтида тартибга солиб қўярдик, деган эди пул муомаласи департаменти ходими.

Кузатувчилар¸ пенсия тизимидаги янги тартибнинг нафақа пуллари кечикишини бартараф қилишига шубҳа билдирмоқдалар.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Комрон Алиев пенсия тизимидаги янги тартиб нафақа пуллари билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг ҳам юзага келишига сабаб бўлиши мумкин¸деган фикрда.

- Молия вазирлиги бу кучли вазирлик. У қанақадир таъсир кучини кўрсатиши ëки қаердандир пулларни олиб вақтинчалик у ëққа ташлаб туриш кабиларда қанақадир бир ижобий натижаси бўлиши мумкин. Лекин инвалидларга пул бериш¸ пенсионерларга пул бериш масаласига келган вақтида ëки бўлмаса ўша Собеслар орқали бериладиган ëрдамлар соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлади¸ деб айтишимиз мумкин эмас. Сабаби¸ Молия вазирлигининг асосий характери¸ хусусияти шундан иборатки¸ йилнинг охирига маблағларни тежаб қолдириш. Молия вазирлиги давлатнинг қанақадир юзага келаëтган вазифалари ëки қанақадир катта харажатларига керакли вақтда пулларни топиб бериши керак. Мана шу нуқтаи-назардан биз ëндашадиган бўлсак¸ демак булар пенсияларни тайинлашда ортиқча харажатлар бўлмаяптими ëки иложи борича ўшанда пулни тежаб қолиш имконияти борми мана шунга ҳаракат қилинади. Бу соҳадаги харажатларнинг қанақадир йўллар билан¸ сабаблар билан аввалгиларидан камайишини кутишимиз мумкин, дейди Комрон Алиев.

Президент фармонида янги тартибнинг 1 январдан бошлаб кучга кириши кўзда тутилади. Лекин 4 январ куни Озодлик боғланган Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги Молия бошқармалари ходимлари ҳали янги тартиб билан таниш эмасликларини билдиришди.
XS
SM
MD
LG